“Миллий жамоадан футболчи сотиш учун фойдаланмаганман!”
Шанба, 15 Январ
436
Фото: Tribuna.uz

2018 йилги Жаҳон чемпионати саралаш 3-босқичида муваффақиятсизликка учраган Ўзбекистон миллий жамоасининг ўша вақтдаги бош мураббийи Самвел Бабаян шу кунгача ўз манзили томон янграб келаётган айбловни инкор қилди. Айрим футболчиларни реклама қилиб, қимматроққа пуллаш учун миллий жамоадан фойдалангани ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканини айтиб ўтди.

“Мен миллий жамоага бош мураббий бўлган пайтларимда бунақаси бўлмаган. Бу сотқинлик! Менга қайси клубнинг футболчиси эканлигининг фарқи йўқ. Асосийси унинг ҳолати, қандай формада эканлиги, қай даражада тайёр эканлиги эди. Келинг, мисоллар билан гапирай: Шомуродов ва Машарипов. Жалолиддин менинг ўқувчим, мен тайёрлаган футболчи. Мен уни асосий таркибда ўйнатсам бўларди, аммо Элдор ўйнарди. Ишонинг, Машарипов асосий таркибда туширмаганимдан хафа бўлган пайтлар бўлган. Жавоҳир Соҳибов ва Отабек Шукуровни олайлик. Агар ўз футболчисини ўйнатган, деган теорияга ишонсак, мен Соҳибовни ўйнатишим керак эди, аммо таркибда Шукуров асосий ўйинчи эди, тўғрими? Чунки Шукуров имкониятлари эътибори билан асосий таркиб ўйинчиси эди. Сервер Жепаров асосий таркиб футболчиси эди, мен Жамшид Искандаровни ўйнатсам ҳам бўлар эди-ку, тўғрими?”, деди мутахассис.

Самвел Бабаян Элдор Шомуродов ҳақида гапирар экан, унинг айнан Европа йўналишини танлашида з роли ҳам борлигини, юқори даражага чиқишини олдиндан кўра билганини ва тўғри маслаҳат берганини таъкидлади.

“Шомуродовнинг хорижга сотишда менинг алоқам йўқ. Ҳа, мен Элдорга алоқам бор, аммо бошқа тарафдан. Мен уни тушунарсиз одамлардан ҳимоя қилгандим. Мен уни Герман Ткаченкога тавсия қилганман, ахир у ўзбек футболи жавоҳири, у муносиб жамоада ўйнаши лозим эди. У ва унинг иши билан шуғулланган одамларга керакли маслаҳатларни берганман. Шундай пайт бўлдики, унинг атрофида шубҳали одамлар пайдо бўла бошлади. Ана шунда мен уни тўғри йўналтира олдим, деб ўйлайман. У миллий жамоа футболчиси ва мен учун унинг тўғри йўлда кетиши муҳим эди. У ўз орзусига хиёнат қилмади. Унда араб жамоаларидан таклифлар бор эди, аммо у Европа йўналишини танлади ва хато қилмади”, дея ҳикоя қилади Бабаян.

Шунингдек, мутахассис Одил Аҳмедовнинг трансфери қандай содир бўлгани ҳақида қизиқарли тафсилотлари билан сўзлаб берди.

“Трансферларда иштирок этганманми? Албатта! Ахир мен ўз жамоам футболчисини трансфер қилишда қандай қилиб қатнашмай? “Пахтакор” трансферлар орқали ўз харажатларининг маълум қисмини қоплар эди. Бугунги кунда футболчининг ривожланиши ва келажагини белгилашда тўғри одамлар қўлида бўлиши жуда муҳим. Масалан, Одил Аҳмедовни харид қилиш учун Саудиянинг “Аш Шабоб” клуби раҳбари бир чемодан пул кўтариб келган эди. У Одилни жуда яхши кўриб қолган эди. Биз бундай катта пулни кўриб, ўзимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин эди, бироқ бундай бўлмади. Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси муносиб жамоада ўйнаши, мамлакат номини ёйиши лозим. Олдимизда нақд пул билан келган араб жамоаси таклифи бўла туриб, биз аниқ бўлмаган вариантларни танладик, яъни Кипрда йиғин ўтказаётган Москва “Динамо”сига фақатгина кўрик учун бориши, маъқул келса ўша ерда қолиши вариантигина бор эди. Одил учиб кетиши арафасида Ткаченко қўнғироқ қилди: “Анжи” лойиҳаси бор, бу катта лойиҳа, ҳаммаси жиддий, жамоа Москвада яшайди, Гуус Хиддинк, Роберто Карлос, Самуэль Это ва бошқа юлдузларни харид қиламиз, Сулаймон Керимовнинг лойиҳаси бу!” Аввалига жиддий қарамадим, лекин Ткаченко мени ишонтирди. Одилнинг бундан кейинги футболчилик фаолиятини яхши биласиз”, деди Ўзбекистоннинг энг машҳур футболчиларидан бири ҳақида гапирар экан Самвел Бабаян.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар