Англияда чемпионлик тақдирига таъсир қилувчи тўқнашув, «Реал» Суперкубок учун курашади. Ҳафта ўйинлари анонси 
Шанба, 15 Январ
3029
Фото: Getty Images

Англия Премьер-лигасининг кичик танаффусдан қайтиши, Испания Суперкубоги баҳси, Италиядаги доимий топ-учрашувлар ушбу дам олиш кунлари ҳам бизни зериктирмайди. АПЛда чемпионлик тақдирига бевосита таъсир кўрсатадиган тўқнашувдан ташқари, Шимолий Лондон дербиси ҳам кутиб турибди.

АПЛ. 22-тур

15 январь (шанба)

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЧЕЛСИ

Ўйин бошланиш вақти: 17:30

ТВ-трансляция: FutbolTV

Англияда турнир жадвалининг дастлабки икки поғонасини эгаллаб турган жамоалар ўртасидаги баҳс. Аммо орадаги фарқ 10 очкони ташкил қилмоқда, яъни мезбонлар ғалаба қозониш орқали лондонликларни чемпионлик пойгасидан бутунлай чиқариб юбориши ҳам мумкин. 21 турдан сўнг атиги 10 очко йўқотган Пеп шогирдлари кейинги ўйинларда кўпроқ очко йўқотиб, «Челси» барча ўйинларни ғалаба қозонишига ишониш қийин.

«Сити» ашаддий рақиби устидан ғалаба қозониш орқали, ўтган мавсумдаги аламларни ҳам чиқариб юборишга уриниб кўриши мумкин. Зеро, айнан Тухель жамоаси ўтган йили «Манчестер Сити»ни икки турнирдан – Чемпионлар лигаси ва Англия кубогидан мосуво қилганди. Биринчи даврадаги ўйинда эса «Челси» ўз майдонида ўйнаганига қарамасдан жуда ҳимоявий тактика танлаган ва 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраганди.

Декабрда бир қатор ўйинларда кутилмаган очколарни йўқотган бўлса-да, ҳозир «Челси» анча яхши кайфиятда бўлиши керак. Лига кубоги яримфиналида «Тоттенҳэм» икки ўйинда мағлуб этилди, Англия кубогида кейинги босқич масаласи ҳал қилинди. Шунингдек, «Ливерпуль» билан ўйинда икки тўп фарқини йўққа чиқариш ҳам футболчиларга ишонч тақдим этгани шубҳасиз. «Шаҳарликлар» эса барча мусобақалардаги ғалабали серияни 7тага етказган, АПЛда эса 11 ўйиндан бери фақат 3 очко эгасига айланаётган бўлишса-да, сўнгги ўйинлар, айниқса «Брентфорд» ва «Арсенал»га қарши баҳслар бироз ишончсиз чиқди.

Таркиблар борасида ҳар икки томонда йўқотишлар бор. Африка Миллатлар кубоги муносабати билан Риёд Маҳрез ва «Челси» дарвозабони Менди майдонга туша олмайди. Шунингдек, Пеп жамоаси таркибида Зинченко, Стоунз, ҳамда Фоденларнинг ҳолати сўроқ остида турибди. «Челси»да узоқ муддатга сафдан чиққан Чилвел ва Жеймсдан ташқари, Чалоба жароҳатланган. Шунингдек, Андреас Кристенсенда ковид аниқланганини матбуот анжуманида Томас Тухель билдириб ўтди.

АПЛ. 22-тур

15 январь (шанба)

НЬЮКАСЛ – УОТФОРД

Ўйин бошланиш вақти: 20:00

ТВ-трансляция: Okko

Англия Премьер-лигаси жадвалининг қуйи қисмига доим ҳам эътибор қаратилмайди. Аммо «Ньюкасл» ҳолатида сал бошқача – клубни бой араб инвесторлари сотиб олди ва бу Англия футболида ўз таъсирини кўрсатиши учун, аввало, жамоа АПЛда қолишни уддалаши зарур. Ҳозирда 19-ўринда бораётган «Ньюкасл» ўз майдонида «Уотфорд»ни мағлуб этса, вақтинча бўлса-да, хавфли зонани тарк этиши мумкин.

Эдди Ҳау бошқараётган жамоа мавсум давомида фақат бир маротаба, бошқа асосий рақиби «Бёрнли» устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонган, холос. Айниқса, бир ҳафта олдин Англия кубогидаги натижа инвесторларнинг ҳафсаласини пир қилгани шубҳасиз. Жамоа ўз майдонида учинчи лига вакили «Кембриж Юнайтед» қаршилигини синдира олмади ва 0:1 ҳисобида ютқазиб, мусобақани тарк этди.

«Уотфорд»нинг аҳволига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Раньери шогирдлари салкам икки ой олдин «Манчестер Юнайтед» устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Сульшерни истеъфога чиқариб юборганидан бери жим. Манаман деган жамоалар амалга ошира олмаган ишни, яъни «МЮ» мураббийини ишдан бўшатишни уддалаш «Уотфорд»га мавсум учун етарли бўлармикин? Шундан бери жамоа АПЛда 6 ўйинда мағлубиятга учради, шунингдек, Англия кубоги мусобақаларидан ҳам чиқиб кетди. Бу ўйинларда ўз дарвозасидан 20 гол олиб чиқди. «Уотфорд» кейинги уч ўйинда асосий рақиблар «Ньюкасл», «Бёрнли» ва «Норвич»га қарши ўтказади ва бу ўйинларда очко олиш жуда зарурдир.

Меҳмонлар таркибида Африка чемпионатига кетган Троост-Эконг, Луза ва Месинадан ташқари, Сарр, Нкулу ҳамда Этоболар узоқ муддатга сафдан чиқишган. Мезбонлар таркибида эса Ҳайден ва Фернандесларда жароҳат, Кларк ва Дарлоуда коронавирус, Манкильода эса дисквалификация бор.

Яна бир қизиқ факт, «Уотфорд» «Ньюкасл» учун ўта ноқулай рақиб саналади. Жамоа турнир жадвалида юқори ўринларда юрмаган бўлса-да. Негадир айнан «Ньюкасл» билан ўйинларда ишончли ҳаракат қила олади. Жамоалар ўртасидаги охирги 11 учрашувда фақат бир марта «Ньюкасл»нинг қўли баланд келган. 7 ўйинда «Уотфорд» ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан.

Балким «Ньюкасл»нинг янги трансферлари – Трипьер ва Вуд каби футболчилар нохуш анъанага чек қўйишар?

АПЛ. 22-тур

15 январь (шанба)

АСТОН ВИЛЛА – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: FutbolTV

Рақиблар яқинда Англия кубоги доирасидаги баҳсда «Олд Траффорд»да учрашишди. Ўйин мезбонларнинг кичик ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган бўлса-да, «Астон Вилла» илиқ таассурот қолдирди, кўпроқ ҳужум қилди ва ўйин назоратини ушлаб турди. Айнан мана шу факторлар Бирмингҳэмдаги учрашув янада қизиқроқ бўлишига асос бўлиши мумкин.

Умумий статистика, «Манчестер Юнайтед»нинг Рангник қўл остидаги 7 ўйинда атиги 1 марта мағлубиятга учрагани ва атиги 4 маротаба ўз дарвозасидан гол ўтказганини эътиборга олсак, гўёки, жамоада ижобий силжиш борлиги ва бу айниқса, ҳимояни кучайтириш орқали рўй бераётганини тахмин қилса бўлади. Лекин Рангник бошқарувга келгандан кейинги рақиблар нисбатан кучсизроқ бўлгани ва жуда кўп ўйинларда Де Хеа қаҳрамонлик кўрсатаётганини ҳам эътиборга олсак, бу жамоадаги муаммолар ҳал қилинмаганини далолат қилади. Бундай ҳолатда Жеррард қўл остида тажовузкор ўйин кўрсатиб турган «Астон Вилла» майдонига сафар қилиш ўзига яраша қийин имтиҳон.

Бунинг устига, ўтган ҳафтада «Астон Вилла» икки эътиборли трансферни амалга оширди. «Эвертон»дан Динь, «Барселона»дан Коутиньо олиб келинди. Ўзига яраша тажрибага эга бўлган бу футболчилар жамоа ёшлари билан бирга анча хавфли кучга айланишлари шубҳасиз.

«Манчестер Юнайтед» эса бу ўйинга яна таркибда муаммолар билан ташриф буюрмоқда. «Олд Траффорд»даги ўйинда энг яхшилардан бири бўлган ва гол муаллифи Скотт Мактоминей ҳамда Люк Шоу дисквалификация туфайли мазкур ўйинни ўтказиб юборадилар. Эрик Байи ва Амад Африка кубогига йўл олган. Погба ва Марсияль ҳамон тикланиш билан банд, Далотнинг ҳолати ҳам сўроқ остида. Шунингдек, Рангникнинг матбуот анжуманидан маълум бўлдики, Магуайр, Роналду, Санчо ва Жонс машғулотларга куни кеча келиб қўшилган. Улар кубок ўйинини ўтказиб юборган ва мураббий футболчиларнинг бугунги ўйинга тайёр бўлишларидан умид қилмоқда.

«Астон Вилла»да ҳам йўқотишлар кам эмас. Траоре ва Трезеге Африка кубогига кетган. Марказдаги муҳим футболчи Жон Макгиннда дисквалификация бор. Шунингдек, Леон Бэйли ва Эшли Янглар ҳам шерикларига ёрдам бера олмайдилар.

Биринчи даврада «Астон Вилла» «Олд Траффорд»да 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва бу жамоанинг собиқ мураббийи Дин Смит учун охирги ғалаба бўлганди. Айнан Бирмингҳэмда ўтган охирги ўйинда эса, май ойида меҳмонлар 3:1 ҳисобида иродали ғалабага эришишган.

Испания кубоги. 1/8 финал

16 январь (якшанба)

БЕТИС – СЕВИЛЬЯ

Ўйин бошланиш вақти: 01:30

ТВ-трансляция: Матч ТВ

Ла Лига етакчилари маълумки, ҳозирда Суперкубок соҳибини аниқлаш билан банд. Бошқа жамоалар ҳам дам олгани йўқ, жумладан «Бетис» ва «Севилья» ўртасидаги Андалусия дербиси кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлади. Ҳар икки жамоа мавсумни кўтаринки руҳда ўтказмоқда ва ишончли тарзда топ-4 дан жой олишган. Аммо бу сафарги баҳс Ла Лига доирасида эмас, ўртага Испания Қироллик кубоги чорак финали тикилган.

Мазкур жамоалар айнан кубок баҳсларида беш йил олдин, худди шу босқичда тўқнаш келишганди ва «Севилья» икки ўйинда умумий 6:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Умуман Андалусия жамоаларининг кубок баҳсларидаги муваффақиятларига анча бўлди. «Бетис» охирги марта 2005 йилда ушбу совринни қўлга киритган бўлса, «Севилья»нинг охирги ютуғига 11 йил бўлди. Бу жуфтлик ғолиби чоракфиналда «Спортинг Хихон» ва «Кадис» жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келишини ҳисобга олсак, жамоалар ҳозирдан яримфинални ҳам орзу қила бошлашлари турган гап.

Жароҳатланганларга тўхталадиган бўлсак, меҳмонларнинг йўқотишлари каттароқ. Эрик Ламела, Хесус Навас, Кунде ва Сусоларнинг ўрни ҳар ҳолда, Виллиан Жозе ҳамда Монтойаларнинг таъсиридан каттароқ бўлиши керак.

Ўзаро ўйинларда «Севилья» яққол устунликка эга. Охирги 20 ўйинда 13 ғалаба ва 3 мағлубият. Охирги дербиларни оладиган бўлсак ҳам, «Бетис» олти ўйиндан бери ғалаба нималигини билмай келмоқда.

АПЛ. 22-тур

16 январь (якшанба)

ТОТТЕНХЭМ – АРСЕНАЛ

Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

«Арсенал» ушбу ўйинни бошқа кунга қолдиришни сўраб, АПЛга мурожаат қилди ва ҳали ижобий жавоб олгани йўқ. «Тўпчилар» мазкур ўйинга заявка қилиш учун етарли футболчиларга эга эмасликларини иддао қилишмоқда ва бу нафақат ковид, балки бошқа сабаблар натижасида ҳам вужудга келган бўлиши мумкин.

Масалан, «Арсенал» Африка кубогига энг кўп футболчи жўнатган жамоалардан бири ҳисобланади – Эл-Ненни, Пепе, Обамеянг ва Парти. Пепе ва Обамеянг шундоқ ҳам сўнгги ўйинларда таркибдан четда қолаётгандилар, лекин Эл-Ненни таркибда айнан Партининг ўринбосари саналади, майдон марказида ёрдам бериши мумкин бўлган Гранит Жака эса дисквалификация қилинган. Бу ҳолатга Эдегорнинг ковид бўлгани, Сака, Суареш, Смит Роу, Томиясу каби асосий таркиб футболчиларининг ҳам майдонга тушишлари сўроқ остида эканини эътиборга олсак, жуда муваффақиятли йўлга тушиб олган «Арсенал» асосий рақиб билан ўйинда жуда оғир аҳволда қолиши мумкин. Албатта, «Тоттенҳэм»да ҳам йўқотишлар бор, лекин Сон ва Дайернинг йўқлиги юқорида саналган номлар олдида у қадар катта хавф бўлмаса керак.

Турнир жадвалида жамоалар тўртинчи ва бешинчи ўринларни эгаллаб туришибди. «Арсенал»да 20 ўйиндан 35, «Тоттенҳэм»да эса 18 ўйиндан 33 очко бор, яъни аслида «Тоттенҳэм» йўқотилган очколар бўйича топ-4 га лойиқроқ бўлиб турибди. Жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида «Арсенал» анча ишончли ҳаракат қила олган ва биринчи таймнинг ўзида рақиб дарвозасига уч гол уришга муваффақ бўлганди. Умуман олганда, Шимолий Лондон дербиларида томонлар деярли тенг – охирги 27 ўйинни оладиган бўлсак, ҳар икки жамоа 10 мартадан ғалаба қозонишган. Айнан «Тоттенҳэм» майдонидаги ўйинлар эса «Арсенал» АПЛ доирасида охирги марта 2014 йилда устун келган экан.

Испания Суперкубоги

16 январь (якшанба)

АТЛЕТИК – РЕАЛ

Ўйин бошланиш вақти: 23:30

ТВ-трансляция: Varzish Sport (Тж.), Футбол1 (Укр.)

Уч йилдирки, Испания Суперкубоги янги форматда, тўрт иштирокчи ўртасида ўйналмоқда. Яримфиналда «Реал» Эль-Класикода «Барселона» устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. «Атлетик» эса Симеоне жамоасини 2:1 ҳисобида енгди ва бильбаоликлар қаторасига иккинчи йил мавсумни соврин билан якунлашлари мумкин. Эсингизда бўлса, бильбаоликлар кубок финалчиси сифатида Суперкубокда қатнашиб, аввал «Реал», кейин эса «Барселона» устидан ғалаба қозонгандилар.

Айтиш мумкинки, финалга ҳар икки жамоа ҳам деярли жанговор таркиб билан етиб келишмоқда. Мадридликлар сафида Алабанинг йўқлиги кўпроқ сезилиши мумкин. Карвахалда ковид аниқланган ва у ҳам яқин ўйинларда жамоасига ёрдам бера олмайди. Басклар сафида эса Капа, Вильялибре, Нуньес, ҳамда Берчичеларда жароҳатлар бор.

«Реал» тарихда Суперкубокни 12 маротаба қўлга киритган бўлиб, бу борада «Барселона»га яқинлашиб олиш имконига эга. Каталонияликлар ҳисобида 17та мана шундай соврин бор.

«Атлетик» лигада бироз беқарор натижалар кўрсатаётган бўлса-да, алоҳида муҳим ўйинларда ўзини кўрсата олиш қобилиятига эга. Ўша юқорида эслаб ўтилган Суперкубок ўйинидан кейин «Реал» ва «Атлетик» Примера доирасида уч маротаба учрашишда ва ҳаммасида «Реал» ғалаба қозонди. Балки бильбаоликлар яна Суперкубокни кутишаётгандир?

А Серия. 22-тур

16 январь (якшанба)

АТАЛАНТА - ИНТЕР

Ўйин бошланиш вақти: 00:45

ТВ-трансляция: СпортТВ

Ҳар икки жамоа бирданига ўтган мавсумдаги хусусиятларини эслаб қолишди. «Интер» чемпионликни айнан барқарорлик билан қўлга киритганди ва ҳозир Индзаги шогирдлари А Серияда қаторасига 8 ўйинда ғалаба қозонишди ва бу ўйинларда жамоа дарвозаси атиги 3 маротаба ишғол қилинди, холос. «Аталанта» эса уларни нима учун яхши кўриб қолганимизни хотирлашди, «Удинезе»га қарши ўйин голлар шоусига айланиб кетди – 6:2.

Бундан ташқари, ҳафта ўртасидаги ўйинлар ҳам ҳар икки жамоа учун омадли келганини таъкидлаш мумкин. «Аталанта» «Венеция» устидан ғалаба қозониб, Италия кубоги чорак финали йўлланмасини қўлга киритган бўлса, «Интер» яна бир соврин соҳибига айланди. Айниқса, ғалаба ашаддий рақиб «Ювентус» билан ўйинда, сўнгги дақиқаларда қўлга киритилганини эътиборга олсак, жамоа руҳияти ва ўзига бўлган ишончи янада юқорига кўтарилган бўлиши табиий. Ғалаба голи муаллифи эса Алексис Санчес – тажрибали футболчи мавсумнинг қизғин палласида катта саҳнага қайтаётгани анча ижобий ҳолат.

Биринчи даврадаги ўйин 2:2 ҳисобидаги жанговор дуранг билан якунланган. Бергамодаги сўнгги баҳсда ҳам ғолиб аниқланмаган – 1:1. Жамоалар ўртасидаги охирги 8 ўйиннинг 5 таси дуранг билан якунлангани қайсидир маънода бу ўйиннинг ҳам қизғин ва муросасиз кечишидан умид қилишимизга асос бўлади. «Интер» ғалаба қозониб, «Милан» билан фарқни узайтириши, «Аталанта» эса агар уч очко эгасига айланса, «Наполи»ни қувиб ўтиб, учинчи ўринга қайтиб олиши мумкин.

БОШҚА ЎЙИНЛАР:

15 январь. Кёльн – БАВАРИЯ (19:30), ЮВЕНТУС – Удинезе (16 январга ўтар кечаси, 00:45) ПСЖ – Брест (16 январга ўтар кечаси, 01:00)

16 январь. ЛИВЕРПУЛЬ – Брентфорд (19:00), ВЕСТ ҲЭМ – Лидс (19:00), РОМА – Кальяри (22:00)

17 январь. МИЛАН – Специя (22:30), Болонья – НАПОЛИ (22:30).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар