Самвел Бабаян: "Лобанов ва Сергеев тўғри танлов эди"
Жума, 14 Январ
2762

Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи, айни пайтда Наманганнинг “Навбаҳор” клуби бош мураббийи сифатида ишлаётган Самвел Бабаян 2018 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида ўзи бошқарган жамоадаги ҳолат ҳақида гапирди. Жумладан у кўплаб мухлисларнинг эътирозига сабаб бўлган ва ҳанузгача унга энг катта айблов бўлиб келаётган Александр Лобанов ва Игорь Сергеевни асосий таркибда ўйнатгани ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди.

“Менинг айбим – ёпилиб олганим. Мен қарорларимни ўз вақтида тушунтирмай хато қилганман, эҳтимол. Бу икки футболчи миллий жамоада ўйнай оладиган рақобатбардош футболчи эди. Шимолий Кореядан учралган 2:4 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин жамоани қабул қилиб олганимни биласиз. Ўша ўйинда 3 голни иккинчи қаватдан ўтказиб юборганмиз. Игнатий Нестеров менинг футболчим, мен у билан жуда яқинман, оилавий борди-келдимиз бор, лекин мен уни асосий таркибдан чиқариб ташладим. Лобанов эса бизга керакли пайтда барқарор ўйин кўрсатди. Исталган мураббий барқарор ўйин кўрсатаётган дарвозабонни майдонга чиқаради. Мен бош мураббий бўлган даврда Лобанов юқори даражада ўйнади. Фақат охирги икки ўйинда Нестеровни майдонга чиқардим, у ҳам бўлса руҳий томондан муаммолар борлиги учун. Нестеров ҳам ишончимни оқлади. Дарвозабонлар орасидаги рақобатда Лобанов асосий таркибдаги ўрнини меҳнат қилиб қўлга киритди. Икки бора Ўзбекистон чемпиони бўлган, ўша пайтдаги энг яхши дарвозабон эди. Яна ким ўйнасин?”, дейди мутахассис.

Миллий жамоа ҳужум чизиғида ўйнаб, 2-саралаш босқичида ўта муҳим голлар урган, бироқ 3-босқичда, айниқса, гуруҳ баҳсларининг иккинчи ярмида узоқ голсиз серияни бошидан ўтказган Сергеев ҳақида эса қуйидагиларни айтди:

“Сергеев масаласига келсак. Ким бундай гап-сўзларни чиқаради, тушунмайман. Ахир у юқори савияли ҳужумчи. Буни у клубдаги ва миллий жамоадаги ўйинлари билан исботлаган-ку. Унинг голлари, айниқса, бизга ғалаба келтирган ёки ўйин тақдирини буриб юборган голлари наҳотки ёдингизда йўқ? У ўша пайтда ҳам яхши эди, ҳозир ҳам яхши – Қозоғистон чемпиони бўлиш ва тўпурар бўлиш орқали у юқори даражадаги футболчи эканлигини ҳаммага аввал ҳам исботлаб бўлган, ҳозир ҳам исботлаяпти. Яна қандай эътироз бўлиши мумкин? Қайтараман, менга ким қаерда ўйнашининг аҳамияти йўқ, менга футболчининг сифатлари муҳим. Игорь нафақат гол уриш, балки прессинг қилиш, тўп учун курашиш, ҳудудларни очишда катта ишни бажарар эди. У жамоа учун жуда фойдали эди.

У руҳий босим остида қолди? Ишончим комил, у бу босимни аллақачон енгиб ўтган, у матонатли, иродали йигит. Уни яхши билган одам сифатида буни ишонч билан айта оламан. Бўлиб ўтган ишлар уни янада саботли қилганига ишонаман. Ортга қараб биз унга тўғри баҳо бера олмаяпмиз, негатив томондан қараяпмиз. Лекин ундай эмас. У энди ЕЧЛда ўйнайди.

ўша саралаш босқичининг охирги ўйинларида гол ура олмаган фақат Игорь эмас эди, бошқалар ҳам гол ура олишмади”, деди Бабаян.

Миллий жамоа собиқ бош мураббийи билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ версиясини қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин:

Теглар

Ўхшаш янгиликлар