«Мақсадимиз – чемпион жамоани чемпион сифатида сақлаб қолиш». Войнески «Пахтакор»дан таклиф, яна икки ўйинчи келиши ва ўзбек футболи ҳақида 
Пайшанба, 13 Январ
6766
Фото: Пахтакор ФК

Бугун, 13 январь куни «Пахтакор» клубининг янги бош мураббийи Славче Войнески билан матбуот анжумани ўтказилди. Шимолий Македониялик мураббий ўзбекистонлик журналистлар билан дастлабки матбуот анжуманида Тошкент клубидан қачон таклиф тушгани, клубдаги мақсад ва режалари, таркиб ва ўзбек футболи ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. 

- Барчага хайрли кун. Фикрларимни инглиз тилида етказишимга рухсат берасиз. «Пахтакор»дек жамоага келганимдан хурсандман. «Пахтакор» нафақат совринлар, балки ҳар тарафлама Ўзбекистондаги энг катта клуб. Мураббий учун бундай клубда ишлаш жуда катта масъулият. Биз Суперлига, Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубокда зафар қучишга интиламиз. Деярли 40 кундан сўнг Суперкубок билан мавсумни бошлаймиз. Чемпионлар Лигасида ҳам яхши иштирок этишга интиламиз. Совринлар ўз йўлига, биз Ўзбекистонда энг яхши ва ҳужумкор футболни намойиш қилишимиз керак. Яхши ўйнасак, бу билан миллий терма жамоага ҳам ёрдам берамиз.

«Бунёдкор»да ўйнаган Стевица Ристич – шогирдим»
- «Пахтакор» ва ўзбек футболи баъзи маълумотлардан хабардор эдим. Шогирдим Стевица Ристич ўз пайтида «Бунёдкор»да ўйнаганини биламан. Сўнгги олти ойда ўзбек футболи ҳақида кўп маълумотларни ўргандим. Биз ҳужумкор футбол кўрсатишга уринамиз. Юз фоиз. Биз доим ҳужум қилишимиз лозим. Бунга ваъда бераман.
Машғулотларда футболчилар жуда яхши ишлашмоқда. Саккиз нафар ўйинчи миллий жамоа таркибига жўнаб кетган. Ёшлар бор кучлари билан меҳнат қилишмоқда.

«Яна 1-2 нафар яхши ўйинчи келиши мумкин»
- Бутун дунёда коронавирус билан боғлиқ пайтда клублар раҳбариятига осон эмас. Бундай ҳолатга мослашиш керак. «Пахтакор»дан баъзи етакчилар кетишди, лекин таркибда яхши савиядаги ижрочилар жамланган. Яна баъзи кучайишлар бўлиши мумкин. Яхши ишлаган тақдиримизда мавсум охирида ижобий кайфиятда бўламиз.

Биз футболчилар қидириш ишларини давом эттиряпмиз. Мавсум бошлангунча 1-2 нафар яхши ўйинчилар пайдо бўлиши мумкин. Лекин жамоадаги йигитлар билан ҳам ўзимиз хоҳлагандек ўйнашимиз мумкин. Ҳар бир футболчи ҳақида етарлича таассуротга эга бўлишим билан аниқ бир қарорга келаман.

Бу ерга келганимдан бери жамоанинг ишлари, уни ўрганиш билан машғулман. Келажак режалар ҳақида бош қотиряпмиз. Расмий ўйинлар футболчиларнинг ҳақиқий даражасини кўрсатиб беради. Шунда аниқ хулосаларга келиш мумкин. «Пахтакор» ҳақида етарли маълумотга эгаман, лекин бевосита ишлаш жараёнида фикрларим ўзгариши мумкин, қандайдир ўзгаришларни амалга оширарман. Маълум вақтдан кейин буни кўриб оламиз.

«Олти ой илгари менежерим «Пахтакор»да мураббий ўзгариши мумкинлигини айтишди. Декабрда эса жаноб Питер қолишини айтишганди»
- Мақсадимиз - чиройли футбол кўрсатиш, чемпион жамоани чемпион сифатида сақлаб қолиш. «Пахтакор»нинг қандай клуб эканини биламан ва бу ерга келишда қандай босимни бўйнимга олганимни биламан.

Олти ой илгари менежерим «Пахтакор»да мураббий ўзгариши мумкинлигини айтишди. Декабрда эса жаноб Питер қолишини айтишди. Кейин эса бирдан «Пахтакор»дан қўнғироқ бўлди ва ишга таклиф этишди. 4 дақиқадан сўнг эса Туркия клубидан қўнғироқ ва таклиф бўлди. Лекин мен «Пахтакор»га розилик билдириб бўлганим сабабли кейинги таклифни рад этдим. Ваъда бердимми, буни бажараман. Фаолиятимизда энг муҳими ишнинг ўзи. Молиявий масалалар ёки бошқа нарсалар асосий эмас. Иш ва жараён - энг муҳим. «Пахтакор»га янгилик бера оламан деб ҳисоблайман. Ҳужумкор ўйин намойиш этамиз дедимми, буни амалга оширамиз, - дея Войнескининг сўзларини келтирган клуб расмий сайти.

Ўхшаш янгиликлар