Бускетс: «Реал»га қарши баҳслардаги омадсиз серияга чек қўямиз. Бу ўйинда фаворит йўқ»
Чоршанба, 12 Январ
2368
Фото: Getty Images

«Барселона» яримҳимоячиси Сержи Бускетс Испания Суперкубоги яримфиналидан ўрин олган «Реал»га қарши баҳс олдидан ўз фикрларини билдирди.

«Иштиёққа тўламиз, бизда соврин учун курашиш ва уни қўлга киритиш истаги катта. Бу мавсумнинг қолган қисмида ўзимизга бўлган ишончни оширади. 

«Реал» билан ўртамизда чемпионатда катта фарқ бор, лекин бизни алоҳида ўйин кутиб турибди. Улар «Камп Ноу»да (1:2) ғалаба қозонишди, аммо ўшанда биз жуда зўр кўриндик. 

Жисмоний жиҳатдан октябрь ойига қараганда яхшироқ тайёргарликка эгамиз. Баъзи ўйинчилар коронавирусдан қайтишди. Аммо баҳона изламаслигимиз керак. Ўз услубимизга ишонишимиз ва имкониятлар яратишимиз керак. 

«Реал» билан омадсиз ўйинларимиз сериясига (қаторасига 4 мағлубият) келсак, баҳс бошланиши билан бу ҳақда унутамиз. Умид қиламизки, муваффақиятсиз серияни тўхтатамиз.

«Реал» устидан қозонилган ғалаба, албатта, ўзимизга ишонч қўшади ва финалга чиқишимизга имкон беради. Ҳозир тўғри йўлдамиз, жамоа ўсмоқда ва яхши натижаларга эришмоқда.

Уларда Ла Лигада пешқадам бўлишига қарамасдан, бу ўйинда фаворит йўқ. Ҳаммаси майдонда ҳал бўлади», — дея Бускетснинг сўзларини келтиради Mundo Deportivo.

«Барселона» — «Реал» ўйини бугун, 12 январь куни бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 00:00да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар