«Пахтакор» энди энг кучли эмасми? Жамоадаги вазият ҳақида клуб раиси ўринбосари билан суҳбат
Пайшанба, 06 Январ
5054
Фото: Tribuna.uz

3 йил давомида «Пахтакор»га ҳомийлик қилган SFI Management Group жамоа бошқарувидан кетгач, пойтахтнинг бош жамоасида моддий қийинчиликлар ва келажак борасида мавҳумлик кузатилди. Мухлислар энди нима бўларкин, деб кутиб турганида «Пахтакор» яна Тошкент шаҳар ҳокимлигига бириктириб қўйилди. Шаҳар ҳокими клуб раиси бўлгач, «Пахтакор» Ўзбекистон футболида шу вақтгача кузатилмаган ноодатий, ноёб, антиқа ишга қўл урди – барча футболчилар ва персоналнинг маошларини очиқлаб юборди.

Шов-шувга сабаб бўлган воқеа фонида жамоа Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди, Ўзбекистон кубоги финалида мағлуб бўлди. Хўш, «Пахтакор» янги раҳбарияти нималарни кўзлаяпти? Янги мавсумда жамоа олдига қандай вазифалар қўйилади? Арвеладзе даврида шаклланган халқаро майдондаги амбициялар Питер Ҳюистра билан ҳам давом этадими? Стадион ва жамоа инфратузилмаси қай аҳволда-ю қай аҳволга келтирилади? Шу мавзуларда «Пахтакор» клуби раиси ўринбосари Дилшод Каримов Tribuna.uz’га интервью берди. 

«Клубнинг қарзи 4 миллион доллар эди»

- 2021 йил май ойида клуб Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарамоғига ўтди. Шаҳар ҳокими клубга раис бўлди, мени эса ўринбосар қилиб тайинлашди. Биз қабул қилиб олганда клубнинг қарзи 4 миллион доллар атрофида эди. Ҳозирги кунга келиб бу қарзларнинг катта қисми ёпилди. Қарздорликнинг ёмон томони шундаки, жорий харажатлар давом этаверади ва қарз устига қўшимча бўлиб бораверади. Қарзни тўлиқ ёпмоқчи бўлсангиз, кўпроқ харажат қилишга тўғри келади.

Клубга тегишли бино ва иншоотлар, инвентарлар ҳаммаси жойида, қабул қилганимизда қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Фақатгина Чилонзор туманидаги академиямизда қўшимча қурилиш қилиб, болаларга ётоқхона, дарсхона ва ошхона барпо этдик. Келгуси йилларда академияга янада эътибор берилади. Айни пайтда академиядан кўнглим тўқ эмас. Сўнгги йилларда академия бўла туриб бошқа жамоалардан футболчилар сотиб олинган. Бу эса мухлисларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган. 

«Пахтакор» стадиони бузиладими?

- Стадионни бузишнинг кераги йўқ. Ахир бу тарих. Одамлар бу стадионга ўрганган. Атроф дарахтзор, кўкаламзор. Лекин стадионнинг ҳажми катта. Фикримча, 33 минг сиғимли стадион бизга керак эмас. Стадионни ихчамлаштириш эвазига унинг атрофидан катта жой очилиши ва бошқа қурилишлар қилиш мумкин. Биз нимаики қурилиш қилсак, дарахтларга тегмаган ҳолда амалга оширамиз. Эҳтимолий қурилишлар эса ҳозир кўриб чиқилмаяпти, бу лойиҳаларнинг барчаси истиқболдаги режалардир. Ҳаммаси маблағга бориб тақалади. Инвесторлар билан гаплашиш керак. Бизда устувор вазифалар бошқа – яқин келажак учун академияга катта урғу берамиз.

Насиб бўлса, келажакда «Пахтакор» стадионига кираверишда Хотира аллеяси барпо қилиш режамиз ҳам бор.

«2022 йилги ОЧЛ гуруҳ босқичини Тошкентда ўтиши мумкин»

- Биз бу борада ЎФАга мурожаат қилдик. ОФКдан мутасаддилар келиб, текширишади, кўришади. Лозим топишса, «Пахтакор» ана шу катта турнир ўйинларини Тошкентга олиб келади. Питер Ҳюистра жамоада қолиши учун музокаралар ўтказяпмиз. Унинг ишидан клуб раиси ҳам, биз ҳам қониқяпмиз. Унинг шартномаси ва маоши борасида бирор гап айтолмайман. Табиийки, ҳеч ким маошининг камайишини хоҳламайди, бироқ биз унга турфа таклифлар берганмиз. У айни дамда таътилда ва жавоб бермади ҳали. Аниқлик киритилгач, келишувга эришгач, ҳаммасини очиқ-ойдин ОАВ орқали маълум қиламиз. 

«Совринлар бўлмаса, мукофотлар ҳам бўлмайди!»

- Бир неча кун аввал клуб спорт директори ва техник директор билан шу масалада суҳбатлашдик. Таклиф бердим: ҳар бир ғалаба қозонилган ўйинга ажратилган маблағни дарҳол бермай, йиғиб борамиз. Мавсум якунида эса соврин қўлга киритилса битта қилиб берамиз, соврин ютилмаса, мукофот ҳам йўқ.

Маошларни камайтиряпмиз имкон қадар. Нега маошлар бунчалик катта бўлиб кетган – билмайман. Маоши катта футболчилар шартномаси тугаган бўлса ва ўйнагиси келмаса – хайр. Жамоада қолгиси келганлар билан ўтириб гаплашяпмиз, таклифимизга кўнганлар кўнди, кўнмаса ўзи билади.

«Черан билан келишдик, Анзурнинг йиллик маоши – 170 минг доллар эди»

- Драган Черан билан келишиб бўлганмиз. У 2022 йилни «Пахтакор»да ўтказади. Анзур Исмоиловнинг йиллик маоши 170 минг доллар. Унга ойига 5 минг доллар берамиз, йилига 60 минг бўлади, дедик. Жавобни эса кутяпмиз. (Интервью монтаж қилиниши жараёнида Исмоилов ОКМКга ўтгани маълум бўлди – таҳр.). Асосий таркибни сақлаб қолган ҳолда, ёш футболчиларни таркибга жалб қилиб, қадам-бақадам уйғунлаштирамиз. Чемпионликка, совринларга доим курашамиз. Амбицияларимиз ўша-ўша. Захирада ўтириб катта маош олаётган футболчилардан ё воз кечамиз ё маошини камайтирамиз.

Хориждан харидор чиқса футболчини ушлаб турмаймиз. Мақсадимиз футболчилар чет элда ўйнаб, «Пахтакор» имиджини ҳам оширади, миллий жамоада ҳам яхши ўйнайди. 

«2022 йилда бюджетимиз камаяди – 50-60 миллиард сўм бўлади»

- 2022 йил учун клубга тахминан 50-60 миллиард сўм бўлади. Аввалги бюджет бундан анча юқори бўлган. У пайтда ишламаганимиз учун очиқ бирор нарса деёлмайман.

Келгуси мавсумда «Пахтакор» ҳали бошқа бирор клуб қилмаган ишларни амалга оширади. Режаларимизда анча ишлар бор. Клубни кўпроқ мухлисларга яқинлаштириш ниятимиз бор. ОАВ орқали, ижтимоий тармоқлар орқали жамоани оммалаштирамиз. Стадионга кириш чипталари пуллик бўлади. Мухлис чипта сотиб олиб, стадионга кирдими, бу ердан завқланиб, рози бўлиб чиқиб кетиши керак. Сарфлаган пули ва вақтига ачинмасин. Шуни устида ишлаяпмиз.

Мақсадимиз барча совринлар учун курашиш. Бош мураббийга кўп нарса боғлиқ. Юқоридаги айтганимдек таркибни уйғунлаштириш муҳим. Унинг ҳам ўзига яраша режалари, йўл харитаси бор. Минимум вазифамиз ОЧЛ гуруҳ босқичидан ўтиш, максимум эса финалда ўйнаш, - дейди «Пахтакор» клуби раиси ўринбосари Дилшод Каримов.

Интервьюни тўлиқ кўринишда Tribuna.uz сайтининг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Тасвирчи – Азимжон Воҳидов.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар