«Барса» юлдузларни чорламоқда, «МЮ»да тозалаш. Сўнгги трансфер янгиликлари
Якшанба, 02 Январ
20155

Европа чемпионатларида 1 январь куни қишки трансферлар ойнаси очилди (А Серияда 3 январда). Бу сафарги ойна ўтган йилдаги каби қизғин бўлмаслиги мумкин, аммо олдинда қатор қизиқарли трансферлар кутмоқда. Ҳоланднинг келажаги нима бўлади? «Манчестер Юнайтед» Погба, Кавани ва Марсиялни қўйиб юборадими? Обамеянг, Коутиньо ва Икарди қайси жамоаларда пайдо бўлади? 

Амалга оширилган трансферлар

Ферран Торрес — «Барселона»да

«Манчестер Сити» вингери Ферран Торрес «Барселона» футболчиси бўлди. Трансфер қиймати 55 миллион евро, қўшимча бонуслар ҳам кўзда тутилган. Шартнома 2027 йил июнига қадар тузилган. Унда 21 ёшли футболчи учун бадал пули сифатида 1 миллиард евро белгиланган. 2020 йил ёзида «Валенсия»дан «Сити»га 23 млн еврога трансфер қилинган ушбу испаниялик билан 2025 йилга қадар шартнома имзоланганди. У ўтган мавсумда «шаҳарликлар» сафида АПЛ чемпиони бўлди, шунингдек Лига Кубогини қўлга киритди. Торрес АПЛ жорий мавсумида 4 ўйинда майдонга тушиб, 2та голга муаллифлик қилган.

Иконе «Фиорентина»га ўтди

«Лилль» яримҳимоячиси Жонатан Иконе «Фиорентина» футболчисига айланди. Трансфер қиймати 14 миллион еврони ташкил этди, бонуслар ҳам кўзда тутилган. Келишувга кўра, француз клуби футболчининг қайта сотувидан 15 фоиз улуш олади. Иконе «фиалкалар» машғулотларига киришган. Жорий мавсумда 23 ёшли ҳавбек Франция чемпионатининг 18 ўйинида иштирок этган ва 1 гол урган.

Миколенко «Эвертон»да

Киевнинг «Динамо» клуби ҳимоячиси Виталий Миколенко «Эвертон»га ўтди. Шартнома 2026 йил ёзига қадар тузилган. Трансфер қиймати 20 миллион еврони ташкил қилмоқда. Украин клуби сафида 22 ёшли футболчи бир бор УПЛ чемпиони бўлган, икки бор мамлакат кубогини қўлга киритган ва уч бор Суперкубок финалида ғолиб бўлган. Жорий мавсумда Миколенко Украина чемпионатида 15 ўйин ўтказиб, бир голли узатма амалга оширганди.

Паулиньо «Коринтианс»да

«Барселона» собиқ футболчиси фаолиятининг сўнгги қисмини ўтказиш учун Бразилияга қайтди. Паулиньонинг шартнома муддати якунига етганида у 35 ёшда бўлади. 2019 йил январида у «Гуанчжоу Эвергранд» билан шартнома тузган – хитойликлар клуби унинг трансфери учун 45 млн евро тўлаганди. Ўтган йил ёзида у «Ал-Аҳли» сафига ўтди, аммо тўрт ўйинда майдонга тушгач, клубни тарк этди – шартнома икки томон розилиги билан бекор қилинди.

Катта трансферлар ҳақида миш-мишлар

Погба

Француз юлдузининг шартномаси муддати 2022 йил 30 июнида якунига етади. Унинг кетиши ҳақидаги гаплар биринчи бор чиқиши эмас. Погбанинг агенти «Бавария» билан боғлиқ вариантни истисно этган, немис клуби катта пул сарфлашга тайёр эмас. La Gazzetta dello Sport маълумотига кўра, Мино Райола Поль «Ювентус»га эмас, «ПСЖ»га ўтишини истамоқда. Қайд этиш керакки, ушбу яримҳимоячида «Манчестер Юнайтед»дан ҳам янги шартнома бўйича таклиф бор. The Athletic Погба Рангникнинг клубга келганидан мамнун ва у билан бирга ҳамкорлик қилишга қарши эмас. Нима бўлган тақдирда ҳам май ойига қадар Погба – «Манчестер Юнайтед» футболчиси бўлиб қолади. Жорий мавсумда у барча турнирлар доирасида 15 ўйинда майдонга тушди ва етти голга узатма берди.

Кавани

«МЮ»нинг яна бир футболчисининг меҳнат шартномаси муддати 2022 йил ёзида якунига етади. Бу мавсумда уругвайлик футболчи 15 ўйинни жароҳатлар туфайли ўтказиб юборди, манчестерликлар ҳужум чизиғидаги кучли рақобат туфайли унинг келажаги бошқа клуб билан боғлиқ экани ойдинлашмоқда. Кавани учун курашда фаворит «Барселона» бўлиб турибди. Ҳужумчи каталонлар клубига ўтиши осонлашиши учун «МЮ» билан шартномаси икки томонлама бекор қилинишига эришмоқчи, MundoDeportivo маълумотига кўра, Кавани кўк-анорранглилар таклифига розилик бериб бўлган.

Марсиял

«МЮ» ҳужум чизиғидаги рақобат Марсиялни ҳам четлаб ўтмади. Француз форвардининг хизматларига «Ньюкасл» ва «Ювентус» талабгор. The Sun маълумотига кўра, «қарғалар» ва «зебралар» Марсиялни ижарага олиш вариантини кўриб чиқмоқда. «Манчестер Юнайтед» бундай келишувдан 7 млн евро ишлашни мўлжаллаган. Ҳужумчи бу мавсумда 10 ўйинда атиги бир гол урди. Сўнгги вақтларда у жароҳатлар гирдобида қолди – бир йил мобайнида у етти бор сафдан чиқди.

Обамеянг

«Арсенал» ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянгнинг кўрсаткичлари йилдан йилга пасаймоқда. ESPN нашрининг хабар қилишича, у катта эҳтимол билан қишки трансферлар ойнаси вақтида клубни тарк этади. Бу Микел Артетанинг истаги экани айтилмоқда. Интизомни бузгани учун 32 ёшли габонлик сардорлик боғичидан маҳрум қилинди ва «канонирлар»нинг сўнгги беш ўйинида иштирок этмади.

Форварднинг шартномаси муддати 2023 йил ёзига қадар тузилган. Жорий мавсумда футболчи АПЛнинг 14 ўйинида иштирок этиб, 5 гол урди ва бир голга узатма берди. Унга асосий даъвогар «Барселона» бўлиб турибди - каталонияликлар уни ижарага олишни ёки кичикроқ суммага трансфер қилишни мўлжаллаган. Шунингдек, «Ювентус»дан қизиқиш мавжуд.

Обамеянг ўрнига жамоага олиб келиниши мумкин бўлган номзодлар сафида Душан Влаҳович («Фиорентина»), Доминик Кэлверт-Льюин («Эвертон»), Александр Исак («Реал Сосьедад»), шунингдек Олли Уоткинс («Астон Вилла») кабилар бор. 

Коутиньо

Коутиньо учун 135 млн евро, айтиш мумкинки, пулни шамолга совуриш бўлганди. Жароҳатлар, беқарор ўйин, интизомдаги муаммолар - барчаси «Барселона» раҳбарияти ушбу футболчи билан хайрлашишга қарор қилишига олиб келди.

Mundo Deportivo маълумотига кўра, Филиппе Коутиньонинг ўзи ҳам асосий таркибга кириш имкониятлари пастлигини англаб турибди ва «Барселона»ни тарк этишга қарор қилган. Бразилиялик футболчининг мақсади — Қатардаги жаҳон чемпионатига бориш. 29 ёшли ҳавбек қишки трансферлар ойнаси вақтида ўзига янги жамоа топмоқчи. Коутиньога «Ньюкасл», «Арсенал», «Эвертон» ва «Тоттенҳэм» клублари даъвогар бўлиб турибди. Жорий мавсумда ушбу яримҳимоячи Испания чемпионатида 12 ўйинда майдонга тушди ва 2 гол урди.

Икарди

«ПСЖ» молиявий ҳолатни яхшилаш учун етти нафар футболчи билан, жумладан Икарди билан ҳам хайрлашмоқчи. Париж клуби ушбу аргентиналикни «Ньюкасл»га таклиф қилган, аммо Мауронинг «Ювентус»га трансфер бўлиши эҳтимоли юқори.

Футболчининг рафиқаси ва агенти Ванда Нара ўтган ойда туринликлар клуби президенти билан учрашган ва Икардининг трансфери эҳтимолини муҳокама қилган. Андреа Аньелли ҳам футболчи трансферига қизиқмоқда. «Бьянконерилар» хўжайини ҳужумчини қишдаёқ таркибга қўшиб олишни истамоқда. Ванда Италиядаги бошқа клублар раҳбарлари билан ҳам алоқа ўрнатган.

Ҳоланд

21 ёшли норвегиялик футболчи Рождествони Марбельеда ўтказмоқда. У бу ерда мухлисларнинг келажакдаги фаолияти ҳақидаги саволига жавобан шундай деди: «Шу ерда, Испанияда ўйнайман» 

Ҳоланд нисбатан кучли чемпионатда ўз кучини синаб кўришни истамоқда. Уни қатор гранд клублар ўз сафида кўришни истайди – қаерга боришни футболчининг ўзи ҳал қилади. Эрлингнинг агенти Мино Райола Ҳоланд ўтиши мумкин бўлган тўрт жамоа номини айтганди. «У фаолиятида кейинги қадамни ташлаши мумкин. Балки кейинги ёзда, балки 2023 йил ёзида. Катта эҳтимол билан бундай ўзгариш жорий мавсум якунида рўй беради. «Бавария», «Реал», «Барселона», «Манчестер Сити» – Ҳоланд ўтиши мумкин бўлган катта клублар», деганди Райола декабрда Sport1 нашрига.

Ҳужумчи бу мавсумда «Боруссия» сафида барча турнирлар доирасида 16та ўйин ўтказиб, 19та гол урди ва 4та голга ассистентлик қилди.

Яна қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Рюдигер «Реал»га ўтиши мумкин
Инсайдер Фабрицио Романо маълумотига кўра, «Челси» ҳимоячиси Антонио Рюдигер «Реал»га трансфер бўлишга яқин. Клублар музокара ўтказмоқда. Испанлар клубидагилар германиялик футболчи яқин вақт ичида Мадридга келишини кутишмоқда. Transfermarkt 28 ёшли футболчининг трансфер баҳосини 35 миллион еврога баҳолаган. Жорий мавсумда ушбу центрбэк АПЛнинг 19 ўйинида қатнашди ва 2 гол урди.

«Барселона» Моратани сафига қўшиб олмоқчи
Мадриднинг «Атлетико» клуби ҳужумчиси, айни вақтда «Ювентус» томонидан ижарага олинган Альваро Мората «Барселона»да пайдо бўлиши мумкин. Бош мураббий Хави 29 ёшли футболчи билан трансфер борасида гаплашиб олган. Каталонияликлар Моратани мавсум якунига қадар ижарага олиб, «Юве»га Депайни шу муддат учун ижарага бермоқчи, аммо италияликлар бундай сценарийни рад этишган. Жорий мавсумда форвард А Сериянинг 18 ўйинида иштирок этди ва 5 гол уриб, 2 ассист амалга оширди. Альваронинг Мадрид клуби билан шартномаси муддати 2022 йил ёзида якунига етади.

«Торонто» Инсиньени сафига қўшиб олиши мумкин
Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, Канаданинг «Торонто» клуби «Наполи» форварди Лоренцо Инсиньега қизиқмоқда. Итальян футболчига йилига 11,5 миллион евро маош ва 4,5 миллион евролик бонус тўлаш назарда тутилган беш йиллик шартнома таклиф этилмоқда. Айни вақтда 30 ёшли ҳужумчи ушбу таклифни кўриб чиқмоқда. А Сериянинг жорий мавсумида 15 ўйинда майдонга тушган Инсинье тўрт гол урди ва беш ассист муаллифига айланди. Унинг амалдаги шартномаси 2022 йил ёзига қадар тузилган.

«Рома» Мэйтленд-Найлз бўйича музокаралар ўтказмоқда
«Арсенал» яримҳимоячиси Энзли Мейтленд-Найлз фаолиятини Италияда давом эттириши мумкин. Инсайдер Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, «Рома» клуби билан музокаралар олиб борилмоқда ва трансфер деталлари муҳокама қилинмоқда. 24 ёшли англиялик футболчи Жозе Моуриньо жамоаси таклифини қабул қилишга тайёр. Ҳавбекнинг Лондон клуби билан шартномаси 2023 йил 30 июнига қадар мўлжалланган. Жорий мавсумда Мейтленд-Найлз АПЛда 8 ўйинда қатнашди.

«Ювентус» Оригига қизиқмоқда
La Gazzetta dello Sport маълумотига кўра, «Ливерпуль» ҳужумчиси Дивок Ориги «Ювентус»га ўтиши мумкин. Туринликлар инглиз клубига ушбу форвард трансфери борасида мурожаат этишган. 26 ёшли форвард атрофидаги вазиятни Италиянинг «Милан» ва «Аталанта» клублари ҳам кузатиб боришмоқда. «Юве» аввалига «ПСЖ»дан Мауро Икарди ва «МЮ»дан Эдинсон Каванини олиб келмоқчи эди, аммо футболчилар ва клублар бунга розилик беришмади. Transfermarkt Оригининг трансфер қийматини 12 миллион еврога баҳолаган. Форварднинг ҳозирги шартномаси 2022 йил ёзига қадар амал қилади.

Закариё «Боруссия»дан кетмоқчи
Фабрицио Романонинг ёзишича, «Боруссия» Менхенгладбаҳ жамоаси ҳавбеки Денис Закариё клуб раҳбариятига мавсум якунида клубни эркин агент сифатида тарк этишни истаётгани ҳақида маълум қилган. Футболчига «Барселона», «Бавария» ва «Ювентус» клублари қизиқмоқда. Аммо айни вақтда ҳеч қандай дастлабки келишувларга эришилмаган. Transfermarkt 25 ёшли футболчи трансферини 27 миллион еврога баҳолаган. Жорий мавсумда Закариё бундеслигада 15 ўйин ўтказиб, 2 гол урган ва 1 голга узатма берган.

Туанзебе АПЛни тарк этмоқда
Фабрицио Романо маълумотига кўра, айни вақтда ижара асосида «Астон Вилла»да ўйнаётган «МЮ» ҳимоячиси Аксель Туанзебе яқин вақтлар ичида «Наполи»га ўтади. Ижара келишуви 2022 йил ёзигача амал қилади ва сотиб олиш ҳуқуқини назарда тутмайди. Келишув қиймати — 500 минг евро. Transfermarkt 24 ёшли инглиз футболчиси трансферини 8 миллион еврога баҳолаган. Жорий мавсумда Туанзебе Англия чемпионатида 9 ўйинда майдонга тушган.

ЦСКА «Лилль» форвардига қизиқмоқда
Москванинг ЦСКА клуби туркиялик ҳужумкор яримҳимоячи Юсуф Язижига қизиқмоқда. 24 ёшли футболчи манфаатларини ифодаловчи Metaratings агентлиги армиячилар жамоаси билан музокаралар ўтказилаётганини тасдиқлаган. Туркия термаси футболчисига «Ньюкасл» ва «Галатасарой» жамоаларидан ҳам қизиқиш мавжуд. Жорий мавсумда Франция чемпионатининг 15 ўйинида Язижи 1 гол урди ва 1 голга узатма берди. Transfermarkt форвард трансферини 15 миллион еврога баҳолаган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар