Лондонда устоз-шогирд тўқнашуви, «Челси» - «Ливерпуль», «Реал» ва «Барса» учун жиддий синов. Ҳафта ўйинлари анонси
Шанба, 01 Январ
8615
Фото: Getty images

2022 йилнинг илк кунлари – шанба ва якшанбада Европа миллий чемпионатлари орасидаги энг етакчи икки лига – Англия Премьер-лигаси ва Испания Ла Лигасида тур ўйинлари ўтказилади. Tribuna.uz дам олиш кунларида гранд клублар иштирокидаги қуйидаги 5 қарама-қаршиликни ўтказиб юбормасликни тавсия қилади.

1 январь (шанба)
АПЛ. 21-тур
АРСЕНАЛ – МАНЧЕСТЕР СИТИ
Ўйин бошланиш вақти:
17:30
ТВ-трансляция: FutbolTV

Кўҳна қитъада янги йилнинг илк ўйини Лондонда ўтказилади. «Эмирейтс» ўйингоҳида Премьер-лиганинг айни дамдаги энг яхши спорт формасида бўлган икки жамоаси - «Арсенал» ва «Манчестер Сити» ўзаро тўқнашади. Устоз ва шогирд саналмиш Гвардиола ҳамда Артетанинг тўқнашувларида Пеп АПЛда Микелдан ҳар доим устун келган бўлса-да, бу сафар «шаҳарликлар»ни яққол фаворит сифатида кўрсатиш қийин. Зеро, «Арсенал» кетма-кет 5 ўйинида 5та ғалабага эришди. Ушбу ўйинлардаги голлар нисбати 19:2 эканлигини инобатга олсак, Артета шогирдлари испаниялик мураббий қўл остидаги энг яхши спорт формасига кирганини кўрсатмоқда. Икки ой олдин турнир жадвалида 10-ўринларда юрган «канонирлар» ҳозирда 4-ўрингача кўтарилишга эришишди.

АПЛда «Арсенал»дан кўра каттароқ ғалабали серияга эга бўлиб турган ягона жамоа - «Манчестер Сити»дир. Гвардиола шогирдлари турнирда кетма-кет 10та ғалабага эришиб, жадвалда 8 очколик фарқ билан яққол пешқадамга айланган. «Шаҳарликлар» сўнгги 4 ўйинда рақиблар дарвозасига нақ 18та (!) гол киритишди. Таққослашингиз учун, 8-ўриндаги «Вулверҳемптон» бу мавсум АПЛда 13та гол киритган.

«Арсенал» АПЛ доирасида сўнгги марта 2015 йилда «Сити»ни мағлуб эта олган. Шундан буён 6 йил давомида ўтаётган учрашувларнинг иккитасида дуранг қайд этилган бўлса, қолган барча баҳсларда манчестерликларнинг қўли баланд келган. «Арсенал»нинг айни дамдаги ҳолатидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Лондон клуби ҳозирда 7 йиллик нохуш анъанасини бузишга ҳар қачонгидан яқинроқ.

2 январь (якшанба)
АПЛ. 21-тур
ЧЕЛСИ – ЛИВЕРПУЛЬ 
Ўйин бошланиш вақти: 21:30
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Чемпионлик учун курашда асосий фаворит саналган «Челси» ва «Ливерпуль» «Boxing day»даги очко йўқотишлардан сўнг пешқадам «Сити»дан катта фарқ билан ортда қолишмоқда. Бу сафарги ўзаро ўйин улар учун навбатдаги синов бўлади. Ғолиб жамоа «шаҳарликлар»ни таъқиб этишда давом этса, мағлуб чемпионлик курашидан чиқиши ҳеч гап эмас.

Тухель шогирдлари АПЛ доирасидаги сўнгги 4 ўйиндан фақат биттасида ғалаба қозона олишди, қолган ўйинларда эса дуранг қайд этилди. Жамоа натижасига германиялик мураббийнинг Ромелу Лукаку билан муносабати совуқлашганидан кўра, коронавирус билан боғлиқ муаммолар жиддийроқ таъсир қилди, дейиш мумкин.

Клопп жамоаси захирадаги ўйин эвазига фарқни қисқартириш имкониятига эга бўлса-да, коронавирус билан боғлиқ вазият бу клуб натижаларига ҳам салбий таъсир этмоқда. «Ливерпуль» сўнгги икки ўйинида «Тоттенҳэм» билан дуранг қайд этган, «Лестер»га эса мағлуб бўлди. «Челси»га қарши ўйин олдидан эса Юрген Клопп клубнинг яна уч нафар аъзосида инфекция аниқланганини билдирди.

Ушбу жамоаларнинг мавсумдаги ўзаро биринчи ўйини «Энфилд»да ўтиб, «Челси» баҳсда камчиликда қолганига қарамай, томонлар 1:1 ҳисобида мавсумдаги энг яхши ўйинлардан бирини намойиш этишганди. Таркибдаги муаммоларга қарамай, бу сафарги тўқнашув ҳам шиддат ваъда қилмоқда.

2 январь (якшанба)
Ла Лига. 19-тур
ХЕТАФЕ – РЕАЛ 
Ўйин бошланиш вақти: 18:00
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Англиядан фарқли равишда Испания жамоаларида коронавирус билан боғлиқ вазият авж олаётганига қарамай, Ла Лига ўйинларни бекор қилиш ҳақида ҳали эълон қилмади. Пешқадам «Реал» «Хетафе»га сафар олдидан навбатдаги 4 ўйинчиси - Тибо Куртуа, Федерико Вальверде, Эдуардо Камавинга ва Винисиус Жуниор инфекция сабабли сафдан чиққанини эълон қилган эди. Унгача эса 20 декабрь куни Марко Асенсио, Гарет Бэйл, Марсело, Модрич, Лунин ва Родриго топширган тест мусбат натижа берганди. 30 декабрь куни эса Йович ҳам айнан вирус сабабли сафдан чиққан. 16-ўринда бораётган «Хетафе»га қарши баҳсда мадридликлар бош мураббийи Карло Анчелотти энг аввало ғалаба қозониш эмас, кўпроқ таркибни ким билан тўлдиришни ўйлаётган бўлса ажаб эмас.

2 январь (якшанба)
Ла Лига. 19-тур
АТЛЕТИКО – РАЙО ВАЛЬЕКАНО
Ўйин бошланиш вақти: 20:15
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV 

Амалдаги чемпион «Атлетико» қониқарсиз натижалари сабабли бешликни ҳам тарк этишга яқин турганди. Энди эса жамоанинг муаммолари янада кўпайди. Турнир жадвалида ёнма-ён бораётган «Райо Вальекано»га қарши учрашувда мадридликлар бош мураббий Диего Симеоне таркибни карантинда ўтириб тузишга мажбур бўлади. Ундан ташқари, жамоанинг етакчи ўйинчилари – Антуан Гризманн, Жоао Фелиш, Коке ва Эктор Эррера ҳам коронавирус юқтиргани сабабли 30 декабрь куни ўзини яккалаш тартибига ўтказилган. Шундай экан, «матрасчилар» асосий рақиблари бўлиб турган жамоага қарши ўйиндан олдин аллақачон жиддий муаммоларга учраган. Ўйиндаги вазият қандай кўриниш олишини якшанба куни билиб оламиз.

2 январь (якшанба)
Ла Лига. 19-тур
МАЛЬОРКА – БАРСЕЛОНА
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Ла Лигада коронавирусдан энг кўп жабр чекаётган жамоа - «Барселона» бўлиб турибди. Хавининг таркибдаги муаммолари тобора оғирлашмоқда. Ла Лига доирасидаги сўнгги 4 ўйинда бор йўғи битта ғалабага эришган Хави «Мальорка» билан ўйинга сафар қилиш олдидан уч очко эмас, энг аввало таркибни кимлар билан тўлдириш ҳақида бош қотирмоқда.

Каталония клуби коронавирус ўчоғига айлангач, Мальоркадаги ўйин олдидан таркибда 9 нафар соғлом ўйинчи қолган. Клубнинг 10 нафар футболчиси топширган тест мусбат натижа берган. Covid-19 инфекцияси сабабли Филиппе Коутиньо, Сержиньо Дест, Абде Эззальзули, Жорди Альба, Дани Алвес, Клеман Лангле, Самюэль Умтити, Алекс Бальде, Усмон Дембеле ва Гави сафдан чиққани маълум қилинганди. Улар ўзини яккалаш тартибига ўтказилган. 9 нафар соғлом футболчидан эса 2 нафари дарвозабонлар – Марк-Андре тер Стеген, Нето, Оскар Мингеса, Эрик Гарсия, Жерар Пике, Рональд Араухо, Френки де Йонг, Рики Пуч ва Люк де Йонг. Ла Лига регламентига кўра, клуб ўйин қайдномаси учун зарур бўлган 13 нафар футболчидан иборат рўйхатни жамоа академияси ўйинчиларини жалб этиш орқали тўлдириши мумкин бўлади. Муаммолардан боши чиқмаётган Хавининг навбатдаги қийин синовдан қандай ўтиши барча учун қизиқ.

Бошқа ўйинлар:
1 январь:
Уотфорд – Тоттенҳэм (20:00), Кристал Пэлас – Вест Ҳэм (22:30).
2 январь: Брентфорд – Астон Вилла (19:00), Лидс – Бёрнли (19:00), Эвертон – Брайтон (19:00).
3 январь: МЮ – Вулверҳэмптон (22:30).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар