«Атлетико» ҳужумчиси Луис Суарес келгуси мавсумни Америка Қўшма Штатлари чемпионатида бошлаши мумкин.
Инсайдер Николо Скиранинг маълумот беришича, уругвайлик юлдузга МЛСнинг 2 гранд клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда. Номи ошкор қилинмаган бу 2 клуб 34 ёшли футболчини эркин агент сифатида қўлга киритиш мақсадида.
Ўз навбатида, футболчининг мадридликлар билан шартномаси жорий мавсум сўнгида ўз якунига етади. «Матрасчилар» у билан янги шартнома тузиш учун ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширишмаяпти. Январдан бошлаб Суарес исталган клуб билан эркин музокаралар ўтказиши мумкин бўлиб қолади.
Маълумот ўрнида, «Эл Пистолеро» жорий мавсум Мадрид клуби сафида 24та учрашувда майдонга тушиб, 8та гол ва 2та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.