Луис Суареснинг «Атлетико»ни тарк этмоқчи экани сабаби маълум бўлди
Сешанба, 21 Декабр
24509
Фото: Getty Images

Мадриднинг «Атлетико» клуби ҳужумчиси Луис Суарес қишки трансфер ойнасидаёқ жамоани тарк этиши мумкин. 

Marca хабарига кўра, уругвайлик 34 ёшли форварднинг жамоа бош мураббийи Диего Симеоне билан муносабати бузилган. Бундан жамоадаги футболчилар ва клуб ходимлари ҳам хабардор.

Луис Суарес Ла Лига 18-тури доирасидаги «Севилья»га қарши баҳснинг (1:2) 57-дақиқасида захирага олингач, уругвайлик футболчи бошқа ўйинчилар олдида жамоа мураббийини қўпол сўзлар билан ҳақоратлаган. Шундан сўнг, Луис гетраларини улоқтириб, юзини ёпиб олган эди. 

Испан матбуотининг ёзишича, «Атлетико» Суареснинг ёзда ниҳоясига етадиган шартнома муддати якунигача кутмаслиги мумкин. Луиснинг Симеоне билан муносабати совуқлигича қолса, у қишки трансфер ойнасидаёқ жамоани тарк этиши мумкин.

Маълумот учун, Луис Суарес Ла Лига жорий мавсумида 17 баҳсда 7та голга муаллифлик қилган. Мадрид клуби Ла Лига 18-туридан кейин 29 очко билан 5-ўринда бормоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар