Манба: «Барселона» Кавани билан келишувга эришди
Душанба, 20 Декабр
4149
Фото: Getty Images

«Барселона» клуби раҳбарияти «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Эдинсон Кавани билан келишувга эришди, дея хабар бермоқда Diario Sport.

Манбанинг ёзишича, Каталония клуби уругвайлик 34 ёшли форвард билан 1,5 йиллик шартнома масаласида келишувга эришган. Кавани «Барса»даги дастлабки ярим йилда белгилангандан камроқ маошга тўп суришга, маблағнинг қолган қисми сўнгги бир йиллик маошига қўшилиб, қопланишига рози бўлган.

Ҳозирда клуб ва футболчининг агенти «МЮ» билан амалдаги келишувни бекор қилиш ҳаракатида. Агар инглизлар бунга кўнишса, Эдинсон январь ойида «Барса» сафига келиб қўшилади. 

34 ёшли ҳужумчининг «Юнайтед» билан келишуви 2022 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Аммо «МЮ» ҳужум чизиғида Роналду, Марсьял, Рэшфорд, Гринвуд, Санчо сингари футболчилар ҳам борлиги сабабли Кавани захирада қолишни истамай, клубни тарк этмоқчи. 

Аввалроқ, Жоан Лапорта Хавининг талабига кўра, Кавани ва «Манчестер Сити» ҳужумчиси Ферран Торрес трансферини январь ойида якунлаш борасида ишлар олиб бораётгани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар