Бугун, 16 декабрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё футбол конфедерациясининг 6-Конгресси ўтказилди.
Унда ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигида ўзбекистонлик мутахассислар ҳам иштирок этишди. Конгрессни CAFA президенти Рустам Имомали очиб берди ва ассоциация аъзоларига минтақада футболни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар учун миннатдорчилик билдирди.
ЎФА хабарига кўра, 2021 йил мураккаб кечганига қарамай, ташкилот томонидан режадаги турнирлар ва тадбирлар яхши савияда ўтказилгани эътироф этилган. Конгрессда асосий эътибор 2022 йил режаларига қаратилиб, тақвимга кўра йил давомида CAFA шафелигида 8та мусобақа ўтказилиши ижроия қўмита томонидан маъқулланган.
Шунингдек, аъзо ассоциацияларнинг таклифлари ўрганиб чиқилди. ЎФA делегацияси томонидан 2025 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Марказий Осиё мамлакатларида қабул қилиш бўйича ташаббус илгари сурилди. CAFA минтақаси мамлакатларида бирлашган Мундиал ўтказиш таклифи барча иштирокчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Ушбу ташаббус асосида лойиҳа ишлаб чиқилиши маъқулланди.
Тожикистон футбол ассоциацияси хабарига кўра, ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов Душанбедаги конгрессда CAFA президенти Рустам Имомалига Марказий Осиё футбол ассоциацияси таркибига кирувчи мамлакат миллий жамоалари иштирокида «Наврўз кубоги» халқаро турнирини ташкил этиш ва ўсмирлар ёки ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини биргаликда қабул қилиш бўйича ФИФАга ариза топширишни таклиф қилган.
Маълумот учун, CAFAга 2014-2017 йиллар Мираброр Усмонов раҳбарлик қилган бўлса, 2017-2018 йиллар тожикистонлик Хуршед Мирзо, 2018-2019 йиллар Умид Аҳмаджонов бошқарган бўлса, 2019 йилдан буён Тожикистон футбол федерацияси президенти Рустам Имомали раислик қилмоқда. Марказий Осиё футбол конфедерацияси таркибига Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Эрон ва Афғонистон футбол ассоциациялари киради. Ташкилот штаб-квартираси 2019 йилда Тошкентдан Тожикистон пойтахти Душанбега кўчган эди.