Дзюдо. Давлат Бобонов «ПСЖ» клуби билан Европа чемпионлар лигасига йўл олди
Душанба, 13 Декабр
10166
Фото: Давлат Бобонов

Дзюдо бўйича Токио-2020 Олимпиадасининг бронза медали совриндори Давлат Бобонов Франциянинг «ПСЖ» клуби билан шартнома имзолаб, дзюдо баҳсларида ушбу клуб шарафини ҳимоя қилмоқда.

МОҚ хабарига кўра, ўзбекистонлик дзюдочи иштирок этаётган жамоа Чехияда ўтган Европа лигасида ғалаба қозониб, Чемпионлар лигасига йўлланма олган.

Ўз таркибига машҳур дзюдочиларни жамлаган Париж клуби Европа лигасида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди ва бу билан Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритди. -90 кг вазн тоифасида татамига чиққан Бобонов рақибини вазари баҳоси эвазига мағлубиятга учратди.

Чехиянинг Прага шаҳрида ўтган Европа лигасида кўҳна қитъанинг 13та эркаклар, 4 та аёллар клублари иштирок этди. Эркаклар ўртасидаги мусобақа финалида «Пари Сен-Жермен» «Цент-Женевев» жамоасини 4:1 ҳисобида енгди.

Шу тариқа, «ПСЖ» билан шартнома имзолаган дзюдо бўйича Токио-2020 совриндори Давлат Бобонов яқин вақт ичида клублар ўртасида ўтказиладиган турнирларда ушбу жамоа шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. 

Маълумот учун, парижликлар сафида яқинда Абу-Дабида ўтган «Катта дубулға» туркумига кирувчи турнирда чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган молдовалик Денис Виеру, Альфа Жало ва афсонавий Тедди Ринер каби дзюдочилар ҳам ўрин олган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар