«Барса» ЕЧЛни гуруҳдаёқ якунлади
Пайшанба, 09 Декабр
4644

Каталонлар муҳим ўйинга ҳам алоҳида тайёрлана олмади, энди жамоа баҳорда Европа Лигаси ўйинларида қатнашади. Мюллер эса — «Барселона»нинг даҳшатли туши бўлиб қолмоқда.

Е гуруҳи
«Бавария» — «Барселона» — 3:0 
(Мюллер, 34. Сане, 43. Мусиала, 62).
Бавария – Нойер, Павар, Зюле (Ньянзу, 78), Упамекано, Дэвис (Ричардс, 71), Толиссо (Рока, 60), Мусиала, Мюллер, Левандовски (Тилльман, 77), Коман (Сарр, 71), Сане. 
Барселона – тер Стеген, Араухо, Пике, Лангле, Альба (Мингеса, 31), Бускетс, де Йонг (Пуч, 73), Гави (Демир, 86), Дест (Нико, 46), Депай, Дембеле (Коутиньо, 73).

«Бенфика» — «Динамо» К — 2:0 (Яремчук, 16. Жилберту, 22).
Бенфика – Влаходимос, Жилберто (Лазаро, 73), Вертонген, Отаменди, Алмейда, Гримальдо, Мариу (Таарабт, 73), Вайгль, Пицци (Эвертон, 59), Р.Силва (Бернарду, 82), Яремчук (Нуньес, 82). 
Динамо Киев – Бущан, Тимчик, Сирота, Забарний, Миколенко, Циганков (Караваев, 79), Вербич (де Пена, 64), Сидорчук (Андриевский, 86), Шапаренко, Гармаш (Рамирес, 79), Буяльский.

Мўъжиза содир бўлмади. Чемпионлар лигасида қолиш учун «Барселона» сафарда «Бавария»ни мағлубиятга учратиши ёки «Бенфика» ўз уйида Киевнинг «Динамо»сига қарши ўйинда очко йўқотишидан умид қилиши керак эди. Лекин униси ҳам, буниси ҳам бўлмади.

Кўк-анорранглиларнинг ҳозирги таркиби тажриба ва маҳорат бобида мюнхенликлардан 2:8 ҳисобида мағлуб бўлган жамоадан ҳам анча ортда. Каталониялик ёшлар ҳаддан ташқари истеъдодли бўлишса-да, «Лиссабондаги даҳшат»ни бошдан кечирган Месси, Суарес, Гризманн ва Видаль даражасига етиш учун ҳали кўп йўл босиб ўтиши керак.

Бу сафар барчаси у қадар даҳшатли тугамади, аммо «Бавария» даражаси фонида кўк-анорранглилар яна аянчли аҳволда кўринишди. Коронавирус чекловлари туфайли трибуналар ёпилгани фонида майдонда бир жамоа учун ҳаёт-мамот жанги эмас, оддий ўртоқлик учрашуви кечаётганга ўхшарди. Меҳмонлар биринчи бўлимда олдинга ташланиши кутилганди, аммо бари аксинча кечди. «Бавария» катта куч сарфлаб ўйнамади, каталонияликларга тўп берилмади ва танаффусга қадар тўпга эгалик қилиш бўйича икки баробар устунликка эришди. Жорди Альба жароҳат олгач, унинг ўрнига туширилган Мингеса эса Мюллерни қўриқлай олмади. Техника арбитрга Араухо тўпни дарвоза чизиғидан ўтганидан кейин қайтарганини кўрсатди, немис форварди Чемпионлар лигасида урган голлари сонини 50тага етказди, шундан саккизтасини «Барселона»га урган.

Шу билан бирга, Мюнхендаги биринчи гол урилишидан олдин «Барса» фақат ўз кучига таяниши кераклиги маълум бўлиб улгурди. Назарий жиҳатдан «Динамо»дан ёрдам кутиш мумкин эди, аммо ўйиннинг илк қисмида ўз вазиятлардан фойдалана олмаган киевликлар жазоланишди - Циганков бўш қолган дарвозага тўпни тўғри йўллай олмади, Яремчук эса Жоау Мариунинг узатмасидан унумли фойдаланди, «Бенфика»нинг Жилберту муаллифлигидаги иккинчи голидан кейин барчаси аён эди: португаллар ўз олдидаги вазифани бажариб бўлганди.

Лиссабонликлар танаффусдаёқ плей-офф йўлланмасини нишонлашга киришишди. «Барса» бу вақтга келиб яна бир гол ўтказиб юборган ва Сане ўз голини нишонлашга ҳам иштиёқ топмаганди. Афтидан, у Германия термасидаги шериги тер Штегенга кўпроқ ачинди, дарвозабон қор ва ёмғир омили туфайли рўпарадан келган тўпни ўтказиб юборди.

Бу эпизод яна бир бор тасдиқлади — ҳозирги инқироздаги «Барселона» Чемпионлар лигаси плей-оффида ўйнашга ҳақли эмас.

Иккинчи бўлим бошида яна бир гол урган мезбонлар, кейин рақибни очиқчасига аяшди. E гуруҳидаги якуний вазият: «Бавария» 18 имкониятдан 18 очко жамғариб, 1/8 финалга Чемпионлар лигасининг асосий фаворитларидан бири сифатида йўл олди. «Бенфика» 8 очко тўплаган ҳолда иккинчи ўрин билан плей-оффга ўтди. Мирчи Луческу бошқарувидаги киевликлар атиги 1 очкога эга бўлишди. «Барселона» (7) бу сафар Чемпионлар лигасида 6 ўйинда атиги икки гол урди ва тўққиз гол ўтказиб юборди.

Бу жамоа баҳорда 2001 йилдан буён илк бор мақоми бўйича иккинчи даражали бўлган еврокубокда қатнашади. Ўшанда Месси ҳали асосий жамоа таркибига ўтмаган, жамоанинг буюк авлоди давомчилари сифатида қаралаётган Педри, Ансу Фати ва Гави эса ҳали туғилмаганди. Энди улар барини оппоқ қоғоздан бошлаши керак бўлади.

Сўнгги интрига

F гуруҳи
«Аталанта» — «Вильярреал»
 — ўйин 9 декабрга қолдирилди

«Манчестер Юнайтед» — «Янг Бойз» — 1:1 (Гринвуд, 9 — Ридер, 42).
Манчестер Юнайтед – Ҳендерсон (Ҳитон, 68), Уан-Биссака, Матич, Байи, Шоу (Менжи, 61), Мата (Сэвиж, 89), Лингард (Иқбол, 89), ван де Бек, Диалло (Шортайр, 68), Гринвуд, Эланга. 
Янг Бойз – Фэвр, Масерас, Лустенбергер, Камара (Лаупер, 77), Лефор, Нгамале, Ридер (Ҳефти, 62), Мартинс Перейра, Эбишер (Сьерро, 62), Сьебатшо (Канга, 62), Элиа (Майер, 87).

Бергамога қор бўрони ёпирилди ва «Аталанта» стадионида байрамона муҳит юзага келди. Бундай вазиятда плей-офф йўлланмасига эга чиқиш янада байрамона тус оларди. Аммо йўлланма тақдири бир кун кейин ҳал қилинадиган бўлди: стадион ходимларининг газонни яхши ҳолатга келтириш учун қилган ҳаракатларига қарамай, ўйинни қолдириш ҳақида қарор қилинди.

Бу глобал муаммо эмасди, фақат Италияга келган «Вильярреал» мухлисларининг ранжиганини айтмаса. Уларнинг барчаси ҳам пайшанба кунги ўйинни жонли кўрмаслиги тайин, шу туфайли испан клуби футболчилари меҳмонлар секторига келишди ва ўз мухлисларини олқишлашди.

«Олд Траффорд»даги ўйин эса интрига нуқтайи назаридан Италиядаги қолдирилган ўйиндан буткул бошқача эди. Бу ерда Ральф Рангник «МЮ»нинг Криштиану Роналду бошчилигидаги қатор юлдузларига дам берди (жамоа аллақачон гуруҳда биринчи ўринни нақд қилиб бўлган) ва ёш футболчиларга имкон беришга қарор қилди. Чалқанча услубда гол урган Гринвуд ўз имкониятидан фойдаланди, ван де Бек эса ўз жарима майдони яқинида оддий вазиятда тўп йўқотди ва ҳисоб тенглаштирилишига сабабчи бўлди.

Австрияликларнинг қаҳрамонлиги

G гуруҳи
«Зальцбург» — «Севилья» — 1:0 
(Окафор, 50).
«Вольфсбург» — «Лилль» — 1:3 (Штеффен, 89 — Буроқ Йилмаз, 11. Дэвид, 72. Гомеш, 77).

Жамоалар таркиблари Европа Лигасига мос бўлган энг кучсиз гуруҳда сўнгги ўйинларга қадар интригалар сақланиб қолди. Бу ерда сўнгги тур олдидан ҳам барча тўрт жамоада плей-оффга ўтиш имконияти мавжуд эди.

«Лилль» биринчи ўринни ҳеч кимга бермасликка қарор қилди ва «Вольфсбург»ни қарши ҳужумда жазолади ва қолган вақт давомида ҳисобни ушлаш учун ўйнади. Ўйин охирларида меҳмонлар рақиб ҳимоясидаги пала-партишликдан фойдаланиб, Дэвидни қулай вазиятга чиқаришгач, барчанинг нигоҳи Зальцбургдаги ўйинга қаратилди.

Бу ерда «Севилья»да ҳисобни очиш учун кўплаб имкониятлар бўлди, аммо Мунир дарвозабон ҳудудида туриб тўпни тўсинга қарата тепди, бир неча дақиқа ўтиб «ҳўкизлар» жамоасининг Адейеми ва Окафордан иборат ҳужум тандеми голли вазиятдан қандай фойдаланиш кераклигини намойиш этишди. Андалусияликларда ўйинни қутқариш учун етарли вақт бўлган бўлса-да, Хоан Хорданнинг иккинчи карточкаси вазиятни мураккаблаштириб юборди.

Якунда Хулен Лопетеги жамоаси ўзи учун севимли бўлган турнирга йўл олди, «Зальцбург»ни эса тарихий натижа кўрсатиб плей-оффга чиққани билан табриклаш мумкин. Бу жамоанинг 33 ёшли Маттиас Яйссле бошчилигидаги авлоди Ҳоланд, Минамино, Собослои, Ҳванг ва Австрия чемпионати орбитасини тарк этган бошқа юлдузлар уддалай олмаган ишни қилишди.

Н гуруҳи

«Ювентус» — «Мальмё» — 1:0 (Мойзе Кин, 18)
Ювентус – Перин, де Винтер (Де Шильо, 71), Бонуччи, Ругани, Сандро, Рабьо, Бентанкур (Миретти, 90), Артур, Дибала (Мората, 46), Бернардески (Куадрадо, 82), Кен (да Граса, 90).
Мальмё – Диавара, Мойсандер, Нильсен, Аҳмедҳожич, Ольссон, Ракип (Пенья, 30), Бирманчевич, Кристиансен, Инносент (Налич, 89), Бергет, Чолак (Абубакари, 78).

«Зенит» — «Челси» — 3:3.
Голлар: Клаудиньо (38), Озмун (41), Оздоев (90+4) — Вернер (2, 85), Лукаку (62).
Зенит – Кержаков, Караваев, Ловрен, Ракицкий (Круговой, 66), Сантос, Кузяев (Оздоев, 79), Барриос, Вендел (Мостовой, 51), Малком (Ерохин, 79), Озмун (Дзюба, 79), Клаудиньо. 
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта, Кристенсен, Сарр, Жеймс, Сауль (Алонсо, 75), Баркли (Зиёш, 65), Маунт, Ҳадсон-Одои (Пулишич, 65), Лукаку (Ҳавертц, 75), Вернер.

«Зенит» сўнгги турда «Челси» билан дуранг ўйнади — 3:3. Иккинчи бўлим охирларида захирадан ўйинга қўшилган Магомед Оздоев қўшимча дақиқалар якунида гол урди ва питерликларни мағлубиятдан қутқариб қолди.

Оздоев учун бу тиззасидаги жиддий жароҳатдан тузалганидан кейин ўтказган илк катта ўйини бўлди. Июлда у «Химки»га қарши ўйинда тизза бўғимлари боғлами узилиши туфайли тўрт ой даволаниб, мавсумнинг биринчи қисмини ўтказиб юборганди.

Сергей Семак ушбу ҳавбекни аста-секин таркибга қайтармоқда: аввалига у «Нижний Новгород» билан ўйинда ярим соат ўйнади, ўшанда питерликлар рақибни 5:1 ҳисобида мағлуб этганди, кейин — ЦСКА билан ўйинда бир неча дақиқа берилди (2:0), энди эса Оздоев «Челси»га қарши ўйинда 12 дақиқага эга бўлди.

Оздоев «Челси» ҳимоячиси Маланг Сарр томонидан узоқлаштирилган зарбани қайта дарвозага йўллади, унинг ҳаводаги тўпни тўхтатмай йўллаган зарбаси «Челси» дарвозаси «тўққизлиги»га борди. Кепа Аррисабалага тўпга бармоқлари учи билан етди, аммо уни қайтара олмади.

Бу Оздоевнинг 2021 йилдаги илк голи бўлди, бунга қадар ушбу ҳавбек «Зенит» учун 2020 йил августида гол урганди. Бу Магомеднинг Чемпионлар лигасидаги иккинчи голи ҳисобланади — 2019/20 йилги мавсумда у «Лион» дарвозасини ишғол этган, ўтган мавсумда эса гуруҳ босқичидаги олти ўйинда иштирок этиб, бирорта гол ёки пас муаллифи бўлмаган. 

Оздоевнинг бу зарбаси «Челси»ни иккинчи ўринга тушириб юборди. Бу ўйин «Зенит» учун турнир нуқтайи назаридан аҳамиятга эга эмасди, питерликлар ғалаба қозонган тақдирда ҳам учинчи ўриндан юқорига кўтарила олмасди. «Челси» эса плей-оффда осонроқ рақиб тушиши учун «Ювентус» билан биринчи ўрин учун сиртқи кураш олиб бораётганди. Параллел кечган учрашувда «Юве» гуруҳ аутсайдери «Мальмё»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, очколари сонини 15тага етказди ва лондонликлардан ўтиб кетди. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар