«Камчиликда қолганимизга қарамай, ишончли тўп сурдик». Рўзиқул Бердиев финалдаги ғалаба ҳақида
Шанба, 04 Декабр
5004

Ўзбекистон кубоги финали доирасидаги «Пахтакор» -  «Насаф» (1:2) учрашувидан кейин ҳар икки жамоа аъзолари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этди. 

- Жуда ҳам хурсандмиз. Биз йил давомида жуда кўп учрашувлар ўтказдик. Бугунги финалда ғалаба қозониш олий мақсад эди. Кубокдаги ғолибликни Ўзбекистондаги барча мухлисларимизга бағишлаймиз. Устига-устак бир киши кам бўлиб ҳаракат қилдик. Камчиликда қолганимизга қарамай, ишонч бизда жуда юқори эди. Барча йигитларга раҳмат деб қоламан. Улар камчиликда қолганимизга қарамай, ишончли ўйин кўрсатишди. Йигитлар билан бутун мавсум давомида жуда кўп меҳнат қилдик ва якун мана шундай чиройли бўлгани жуда хурсанд қилади.

Четлатиш? Чинданам, камчиликда қолганимизга қарамай, ишончли тўп сурдик. Яримфиналда ҳам камчиликда қолганимизга қарамай, Олмалиқда ғалаба қозонгандик. Ўша ўйинларни танаффусда йигитларга эслатгандим. Ўз ўрнида улар ишончни оқлашди. Ҳа, рақиб ҳужумкорроқ ўйнагандир, аммо биз ҳимояда тартиб билан ҳаракат қилдик. Танаффусдан йигитларга «Пахтакор» ҳужумга берилиб, чарчаб қолиши мумкинлиги ҳақида ҳам айтдим. Тезкор ўйинчиларни тушириб, ўзгаришларга қўл урганимиз ҳам самарасини берди деб ўйлайман. Жамоа ўйинни охиригача кучини тўғри тақсимлагани ҳам катта таъсир қилди. 

Тўғри, «Насаф» 40дан ҳам зиёд ўйин билан Ўзбекистонда энг кўп ўйин ўтказган жамоа бўлди. Шунга қарамай, таркибимиз узун бўлмаса-да, ротацияга кўпроқ эътибор қаратдик ва ёшларга ишондик. Барибир захирамиз катта эмаслиги ўйинларимизга таъсир қилди ва якунда чемпионатда 4-ўринда қолдик. Қолаверса, йил бошида ҳам таркибимизни айрим етакчилар тарк этгани ҳам билинди. Ёдингларда бўлса, 4 нафар етакчимиз кетиб қолганди. Натижада, ўтган бир йил давомида яна битта жамоани ташкил қилишимизга тўғри келди. Якунда барчаси чиройли тугагани қувонарли. 

Таркибдагиларни сақлаб қоламизми? Бу йил осонроқ бўлади. Чунки жуда кўп ўйинчиларимиз билан 2-3 йиллик шартнома қилганмиз. Ҳа, тажрибали ўйинчилар билан бир йиллик шартнома имзоланган. Ўша 2-3 нафар тажрибали футболчилар ва мураббийлар билан шартнома муддати тугамоқда. Қолганлар билан келишувимиз бор. 

Яна бир айтишим мумкин бўлган жиҳат, кейинги мавсум молиявий ҳолатимиз яхшиланади. Бу ҳақда раҳбарлар билан гаплашиб олгандик. Улар имкониятимиз каттароқ бўлишига ваъда беришган», - дея Рўзиқул Бердиевнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар