«Челси»да ўзлигини йўқотган юлдуз — Ҳаким Зиёш қишда қайси клубга ўтгани маъқул?
Шанба, 04 Декабр
8057
Фото: Getty Images

2019 йил якунида «Аякс» етакчиси Ҳаким Зиёш Амстердам клубида қолмаслиги кундек равшан эди. Лекин ўшанда марокашлик Франция ва Испаниядан билдирилган қизиқишларни қабул қилади, деб ўйлашганди. Қишки трансферлар ойнаси вақтида «Челси» чаққонлик қилди ва трансферни ҳал қилиб қўйди. Шу тариқа, яримҳимоячи мавсум сўнгигача Нидерландияда қолиб, кейинроқ «Стемфорд Бридж»га йўл олди.

Трансфер дунёсида харидларнинг самараси қанчалик яхши бўлади ёки йўқ — буни олдиндан айтиш қийин. Ҳаким Зиёш яхши даражали футболчи экани маълум, лекин унинг ишлари Лондонда юришмади. Бугунги кунгача барча мусобақаларда «Челси» учун 49та учрашувда майдонга тушган футболчи 8та ассист ва 5та гол уришга эришди, холос.

Ҳакимнинг «аристократлар» билан шартномаси 2025 йилгача мўлжалланган. Аммо у бушбу муваффақиятсизликларнинг давом этаверишига йўл қўйишни хоҳламаса керак. Европа ОАВда анчадан буён унинг кетиши ҳақидаги турли гап-сўзлар юради. Балки, марокашлик футболчи қишки трансферлар ойнаси вақтида бирор бошқа клубга ўтиб кетар. Бу борада ўз вариантларимизни тақдим этишга уринамиз.

Орзу: «Боруссия Дортмунд»

Немис нашрларининг ахборот беришича, «Боруссия Дортмунд» бош мураббийи Марко Розега плеймейкер позицияси учун футболчи керак бўляпти. Дортмундликлар азалдан футболчилар хариди учун катта маблағ сарфлашни ёмон кўришади. Улар, асосан, иқтидорларни сотиб, даромад ишлаб топишни афзал билишади. Шу жиҳатдан, уларга арзонроқ ва самаралироқ футболчи керак. Ройс жуда ажойиб футболчи, лекин тез-тез жароҳат олиб туради. «Биллуроёқлар» бир жамоада ўйнашса, лазаретга навбатма-навбат тушишармиди?

«Челси» ўз футболчиси учун кўпроқ сўраб юборган тақдирда ҳам, «асаларилар» жорий мавсум жиддий равишда Бундеслига ғолиблиги учун курашмоқдалар. «Бавария»нинг Германия чемпионатларидаги гегемонлиги қачондир тугаши керак-ку! Катта мақсадларни кўзлаган жамоа яхши харидларни ҳам амалга ошириб туриши керак. Шунингдек, футболчини ижарага олиш вариантини ҳам назардан четда қолдирмаслик керак.

Ҳақиқатга яқин: «Милан»

Зиёшни Дортмундга кузатиб қўйишга шошилманг, агар у кўк рангли футболкасини ечишни истаб қолса, унга ўз эшикларини очишга тайёрлар кўпайиб қолади. Мисол учун, «Милан» Зиёш учун яхши келажак вазифасини ўтаб бериши мумкин. Лондон клубида омади чопмаган футболчиларнинг А Сериядан ўз бахтини излашга уриниши тез-тез учраб турадиган ҳолат. 2013 йилдан буён «Челси»дан «Сан Сиро»га йўл олган футболчиларни бир эслаб кўринг-а: Майкл Эссьен, Фернандо Торрес, Марко ван Гинкель, Марио Пашалич, Тьемуэ Бакайоко, Фикайо Томори ва Оливье Жиру.

«La Gazette dello Italia» нашрининг хабарларига кўра, «россонерилар» Зиёш атрофидаги вазиятни жиддий кузатиб боришмоқда. Ҳа, Стефано Пиолида Алекс Салемакерс, Саму Кастильехо, Браим Диас ва Раде Крунич каби яхши даражали плеймейкерлар бор. Лекин Ҳаким уларнинг барчасидан каттароқ тажрибага эга. Катта ўйинларни ютиш учун улкан тажрибали футболчилар керак. Миланликлар ҳам жорий мавсумда узоқ соғинилган Скудеттони ютишни орзу қилишяпти, ахир.

Революция: «Ньюкасл»

Дарҳақиқат, «Ньюкасл» варианти унинг фаолиятида буткул янгиланишларни бошлаб бериши мумкин. Бу клуб атрофида катта лойиҳа бошланиши режалаштирилаётган бўлса, дастлабки вақтларда Зиёш каби футбол оламида ўз номига эга бўлган бир қатор футболчиларни жалб этиш керак. Табиийки, бирданига Мбаппе Англиянинг ўртамиёна клуби сафига келмайди. «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» лойиҳаларининг дастлабки йилларини эслаб кўринг. Улар бирданига катта футболчиларни жамоага олиб келишганмиди? Йўқ, «шаҳарликлар» Давид Силва, Серхио Агуеро каби ёш иқтидорларни сотиб олиш билан бир қаторда Яя Туре каби дунё футболида ўз номига эга футболчиларни ҳам жалб этганди. Париж клубида ҳам Бекҳэм, Златан ва Тьягу Силва кабилардан олдин Тиаго Мотта, Максвелл каби бир поғона пастда турувчи юлдузлар жам бўлишганди.

Эдди Ҳау «янги қаср эгалари»ни АПЛда олиб қолиши керак ва бунинг учун бир қатор янги футболчилар хариди керак бўлади. Катта эҳтимол билан «аристократлар» Зиёш учун катта пул сўрашмайди ва ҳатто уни ижара асосида ҳам қўйиб юборишлари мумкин. Марокашлик ҳужумкор яримҳимоячи Тухелнинг юқори босимга асосланган немисча футболида ўзини топиши амри маҳол. Балки, кун келиб Ҳакимни «Ньюкасл»га ўтиб, янги эрани бошлаб берган футболчилар қаторида эслармиз. Нима бўлганда ҳам, унга омад тилаймиз.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар