«Черан ва Станоевич келишиб олган шекилли...». Рўзиқул Бердиев финал олдидан «Пахтакор»ни ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкинлигини айтди
Жума, 03 Декабр
8798
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон кубоги финали доирасидаги «Насаф» - «Пахтакор» учрашувидан олдин ҳар икки жамоа аъзолари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев, футболчилар Ойбек Бозоров ҳамда Ҳусайн Норчаев иштирок этди. 

«Шундай бўлиб чиқдики, «Пахтакор»га қарши ўйин билан мавсумни бошлагандик ва мана энди мавсумни якунлаяпмиз. Бу бежизга эмас. Чунки икки жамоа ҳам мамлакатнинг кучли клубларидан бўлиб турибди. Эртанги финал олдидан барчамиз яхши кайфиятдамиз ва ўйинга тайёрмиз.

Икки жамоада ҳам ёш ўйинчилар кўп. Икки жамоа ҳам эртага уларга имконият берса керак. Шу боис финалда мазмунли ва савияли ўйин кўрсата олади. Фикримча, финал жуда қизиқарли ўтади. Албатта, бизда йўқотишлар бор, аммо уларнинг ўрнини тўлдира оладиган ўйинчиларимиз бор. 

Бу йил биз энг кўп ўйин ўтказган жамоа бўлдик. Йил бошида олдимизда жиддий мақсадлар қўйилмаганди, шунга қарамай ёш таркибимиз билан ёмон ҳаракат қилмадик, деб ўйлайман. Ҳа, таркибда муаммолар бор. Аммо уларнинг ўрнини ёшлар билан тўлдириш дарҳол бўладиган иш эмас. Биз имконқадар муаммоларимизни ёшлар эвазига бартараф этаяпмиз.

Икки жамоа ҳам бир хил ҳолатда. Ҳа, Черан йўқ, Станоевич йўқ. Чинданам, бу икки ўйинчи келишиб олган шекилли (кулади). Ҳазил, албатта. 

«Пахтакор»ни ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкин? Ҳа, бу йил «Пахтакор»га қарши уч ўйинда ҳам уларга уч марта мағлуб бўлдик. Аммо, ўйин давомида кўрган бўлсангиз ўша баҳсларда жамоавий ўйин масаласида улардан кучсиз бўлмаганмиз. Финалда уларни ниманинг эвазига мағлуб этишимиз мумкин? Жамоавий ўйин ва тартибли футбол эвазига. Қолаверса, бизда ОЧЛда иштирок этиш учун иштиёқ кучли», - дея Рўзиқул Бердиевнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар