Абдусалом Азизов Сречко Катанец ва Суперлига клублари мураббийлари иштирокида йиғилиш ўтказди
Сешанба, 30 Ноябр
5025
Фото: ЎФА

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг мажлислар залида ЎФA Президенти Aбдусалом Aзизов раислигида 2021 йилги мавсум якунлари ва кейинги йилги мавсум режаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, дея ёзади ЎФА матбуот хизмати.
 
Унда миллий чемпионатимизда тўп сураётган клубларнинг бош мураббийлари, жисмоний тайёргарлик ва илмий-методик таҳлил бўйича мутахассислари иштирок этишди. ЎФA раҳбари футболчиларнинг бетартиб трансферлар натижасида доимий клубларни алмаштириши, бунда ўсиш ва юқори натижа қайд этиш асосий мақсад бўлмаётганлигини танқид остига олди. Масъулларга кейинги мавсумдан трансферлар жараёнини қаттиқ назорат остига олиниш топшириғи берилди. Шунингдек, легионерларни олиб келишда уларнинг даражаси ва савиясига алоҳида эътибор қаратилиши кераклиги таъкидланди.

«Aбдусалом Aзизов кейинги мавсумда иштирок этадиган клублар сони ўзгартирилмаслиги, барча режалар регламент асосида ташкил этилишини маълум қилди. Янги мавсумдан бошлаб клублар учун бир қатор стандартлар жорий этилиши, хусусан, футболчилар учун жисмоний тайёргарликнинг минимал даражаси талаблари белгиланиши ва майдонлар ҳолати қатъий назорат остига олинишини айтди. 

Кун тартибидаги масалалардан Ўзбекистон чемпионати-2022 мусобақалари регламентига Суперлига ўйинчиларининг жисмоний тайёргарлигига минимал талабларни жорий этиш мавзуси муҳокама қилинди. Бу ўз навбатида натижа ва кўрсаткичларга ижобий таъсир қилиши, бундай таҳлил замонавий футбол талаби экани эътироф этилди.

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ҳам сўз олиб, футбол спорт турлари ичида энг кўп энергия талаб қилиши, шу сабабли футболчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилаш биринчи галдаги вазифа эканлигини айтди. Футболчиларга бериладиган юкламаларни доимий равишда назорат остида ушлаш, бу борада клубларда жисмоний тайёргарлик бўйича тажриба эга мутахассислар фаолият юритишини ташкил этиш кераклигини қўшимча қилди», - дейилади ЎФА хабарида. 

Шунингдек, йиғилишда Суперлига мураббийлари бир қатор муаммоли вазиятларга ўз таклифларини билдириб ўтишди. ЎФA раҳбарияти ушбу муаммолар ечимида жамоаларга ёрдам кўрсатишини маълум қилган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар