Жоржиньонинг саргузашти. Ҳафтасига 20 евро маошдан «Олтин тўп» даъвогарлигигача
Душанба, 29 Ноябр
5070
Фото: Getty Images

Бугун, 29 ноябрь куни узоқ кутилган «Олтин тўп-2021» маросими бўлиб ўтади. Ушбу соврин учун асосий икки номзод сифатида кўрилаётган Роберт Левандовски ва Лионель Месси вариантларини кўриб чиқишга улгурдик. Кечанинг яна бир асосий қаҳрамони Жоржиньога эса ўзгача услубда тўхталмоқчимиз. Саррининг ёқимтойи сифатида Лондонга келиб, шу ерда қолиб кетган италиялик яримҳимоячи қандай йўлни босиб ўтган? Биргаликда кўриб чиқамиз.

«Верона»даги болакай

Жоржиньо фамилияли футболчи Италияда ўзидан-ўзи пайдо бўлмаслиги тушунарли. Бразилияликларга хос фамилияга эга футболчи ростдан ҳам Жанубий Американинг энг катта мамлакатида туғилган. У Санта Катарина штатининг Имбитуба шаҳрида туғилиб, 15 ёшида Италияга йўл олган. Ўз навбатида, у итальян миллатига бегона эмасди. Сабаби, унинг катта бобоси (бобосининг отаси) Галькомо Фрелло итальян бўлган ва Бразилияга кўчиб кетган. Шу жиҳатдан, Жоржиньо Фреллонинг Италия фуқаролигини олиши у қадар қийин кечмаган. Қийинчиликлар унинг молиявий ҳолатига аталганди. Верона ёшлар жамоасида ўйнаб юрган кезларида агенти томонидан алдаб кетилган футболчи спортни ташлаб кетмоқчи ҳам бўлган. Бразилияга қайтмоқчилиги ҳақида онаси билан телефонда гаплашгач, фикрини ўзгартирган ва курашишда давом этган. Унинг ўзи ўша илк даврларни шундай хотирлайди.

«Мен Верона шаҳридаги марказий хиёбонда кўп юрардим. У ерда «McDonald’s» тамаддихонаси бор эди. Мен 1 еврога милкшейк сотиб олардим. Картошка фриси? Бургер? Буларни хаёлингга ҳам келтирма, дўстим. Булар фақат бой болалар учун мўлжалланган таомлар».

Жоржиньо «Верона»даги дастлабки вақтларида ҳафтасига 20 евро маош оларди. Бу ерда у асосий жамоа дарвозабони Рафаэль билан танишди ва у Жоржиньонинг ҳаётини ўзгартириб юборган чин дўст эди.

«Жоржиньони биринчи марта кўрганимда у асосий жамоага энди келиб қўшилганди. Мен болакай билан гаплашдим, чунки унинг Италия фуқаролигини олган бразилиялик эканини билгандим.

Уни машғулотлардан сўнг, ўз уйимга олиб кетардим. Болакайнинг ўзи яшаётган оғир ҳаётни бироз бўлса-да, эсдан чиқаришини хоҳлардим. Шаҳар марказида турардим. У менга оиласи, ҳаёти ва мактаби ҳақида гапириб берарди. У ўшанда мактабда ўқирди. Ўқишдан сўнг, машғулотларга келарди.

Жоржиньо ҳафтасига 20 евро маош олишини айтганида жуда жаҳлим чиққанди. У ёш ва иқтидорли эди. Бундай истеъдод эгасига бу қадар арзимаган пул тўлаш нотўғри. Шунда мен клуб мутасаддилари билан гаплашдим. Жоржиньога профессионал шартнома беришлари ёки қўйиб юборишлари кераклигини айтдим. Шунда улар у билан шартнома ҳужжати столда тайёр турганини айтишди. Фақат унинг олдинги агенти билан муаммо бўлган экан. Тез орада, у биринчи расмий шартномасига эга бўлди. Уй ва машина сотиб олди ва оиласи билан бирга яшашни бошлади», - деган эди Рафаэль.

Жоржиньо ўзидан 10 ёш катта Рафаэлни акасидек яхши кўради. Сабаби, айнан у футболчини ёшлик даврида қўллаб-қувватлаган. У катта мусобақалар финалида иштирок этар экан, дўстини албатта таклиф қилади ва ғалабаларини у билан баҳам кўради.

Неаполь йўли

Унинг «Наполи»даги фаолияти ҳам у қадар муваффақиятли бошланмаган. 2014 йилнинг 18 январида неаполликлар уни ижарага олишади ва мавсум якунида расмий шартнома имзоланади. Жоржиньо дастлабки паллаларда майдонда кўп ўйнамади. Рафаэль Бенитес вақтида у асосий таркибнинг ўзгармас ва асосий вакиллари қаторига кирмасди. Шу билан бир қаторда, ўша вақтларда футболчининг бироз ёш бўлганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Мауриццио Саррининг неаполликлар бошқарувига келиши эса Бразилияда таваллуд топган футболчининг келгуси фаолияти учун катта қадам бўлиб хизмат қилган. Итальян мутахассис яримҳимоячидаги юқори истеъдодни пайқаган. Жоржиньо рақиб прессингидан чиқиб кетиш ва ҳужумни қуришда беназир футболчи ҳисобланади. Бу жиҳатни айнан Сарри кашф этган. Жоржиньо иштирок этган исталган учрашувни томоша қилсангиз, унинг узатма амалга оширишда жуда камдан-кам адашишига гувоҳ бўласиз. 2017-2018 йилги мавсумда «Наполи» А Серия ғолиблиги учун жуда жиддий кураш олиб борди. Лекин якунда клуб скудеттодан четда қолиб кетди. Шундан сўнг, Сарри Англия Премьер-лигасига йўл олди ва уни ўзи билан Лондонга олиб кетди.

«Челси»даги муваффақият

Жоржиньо Маурицио Сарри билан бир кунда — 2018 йилнинг 14 июлида «Челси» вакили сифатида таништирилади. «Аристократлар» уни 50 млн фунт-стерлингга харид қилади ва 5 йиллик шартнома тузилади. Сарри фактори бўлмаганда, у «Манчестер Сити»га кўчиб ўтишга яқин эди. Бу ҳақда «Наполи» президенти Аурелио де Лаурентис ўз интервьюларида бир неча маротаба айтиб ўтган. Италия миллий жамоаси аъзоси дебютини Англия Суперкубоги доирасида айнан «Манчестер Сити»га 0:2 ҳисобида бой берилган учрашувда амалга оширган. 6 кундан сўнг, «Ҳаддерсфилд»га қарши учрашувда Премьер-лигадаги илк баҳсида иштирок этган Фрелло дастлабки учрашувидаёқ пенальтидан гол киритишга муваффақ бўлганди.

«Стемфорд Бридж»га кўчиб ўтиш унинг учун росмана омадли воқеа бўлди. У лондонликлар билан Европа Лигаси ва Чемпионлар Лигасида зафар қучишга эришди. Айнан «Челси»даги йиллари вақтида миллий жамоаси билан Европа чемпионига айланди. Жорий мавсум эса АПЛда клуби билан пешқадамлик қилмоқда.

2020/2021 йилги мавсум учун УЕФА талқинига кўра, энг яхши футболчи деб топилган Жоржиньо «Олтин тўп» учун ҳам асосий фаворитлар қаторида турибди. У ушбу йилнинг 2та энг катта титулини ютган ягона футболчи. Бундай титулларни бошқа ҳеч бир номзодда кўрмайсиз. Лекин гап унинг «Олтин тўп»ни олиш ёки олмаслигида эмас. Жоржиньо футболчилик фаолиятини якунлаши мумкин бўлган ночорлик даврларини мана шундай улкан муваффақият паллаларига улаб юбора олди. Ушбу соврин италиялик яримҳимоячига насиб этмаса ҳам, унинг 2021 йил ҳақидаги хотиралари тўлалигича ижобий бўлиб қолаверади.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар