Самвел Бабаян 2022 йилда «Навбаҳор» бош мураббийига айланади
Шанба, 27 Ноябр
2086
Фото: Навбаҳор

Бугун, 27 ноябрь куни Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Абдурраззоқов «Навбаҳор» клуби қароргоҳида бўлди. 

Клуб расмий сайти хабарига кўра, вилоят ҳокими Самвел Бабаянни расман бош мураббий сифатида таништириб, 2022 йилдан Самвел Вячеславович Наманган клубини бошқаришини маълум қилган.

«Юртимизнинг таниқли мутахассисларидан бири, «Пахтакор» жамоаси билан кўплаб ютуқларни қўлга киритган, шунингдек, Ўзбекистон миллий жамоасида ҳам фаолият юритган Самвел Вячеславович Бабаян «Навбаҳор» ПФК билан шартнома имзолади. 

Жамоамиз 2022 йилги мавсумни Самвел Бабаян бош мураббийлигида бошлайди. 
Биз «Навбаҳор»нинг Самвел Вячеславович қўл остида юксак натижаларни қўлга киритиши ва шонли тарихини қайтаришига тилакдошмиз», - дейилади клуб хабарида.

Икки кун аввал, Наманган вилояти ҳокими «Навбаҳор» футболчилари билан учрашиб, 2022 йилда клуб олдига катта мақсадлар қўйилиши, таркиб кучайтириши ҳақида маълум қилган ва жамоа олдига Суперлига сўнгги тури доирасида «Қўқон-1912»га қарши водий дербисида фақат ғалаба қозониш вазифасини қўйилганди. 

Маълумот учун, Виктор Жалилов мураббийлигидаги «Навбаҳор» Суперлига 25-туридан кейин 6-ўринни эгаллаб турибди. Бабаян ҳозирги кунга қадар клубда маслаҳатчи-мураббий лавозимида ишларди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар