«Барселона» гуруҳда қолиб кетиши мумкин, Роналду «МЮ»ни плей-оффга олиб чиқди
Чоршанба, 24 Ноябр
6944

Сешанба куни Чемпионлар лигасида тўрт гуруҳда 5-тур учрашувлари бўлиб ўтди.

«Барселона» гуруҳда қолиб кетиши мумкин, Киев евромавсумдан умид узди.

Е гуруҳи
«Динамо» К — «Бавария» — 1:2
 (Гармаш, 70 — Левандовски, 14. Коман, 42)

Фото: SEBASTIAN WIDMANN/GETTY IMAGES

Тўртинчи турдан кейиноқ гуруҳда биринчи ўринни кафолатлаган «Бавария» қорли Киевга деярли жанговар таркиб билан ташриф буюрди. Фақат эмланмаган беш футболчи карантинга юборилган - улар орасида Киммиҳ, Гнабри ва Мусиала каби асосий таркиб футболчилари бор. Албатта, қайсидир позиция кучсизланган, аммо мюнхенликларда таркиб борасида жиддий муаммо юзага келмади.

Киевликлар рақибга яримта имконият беришди ва Левандовски бундан фойдаланиб, чалқанча ҳолатда зарба бериб, уни дарвоза тўрига жойлади. Бунга ҳатто бутса боғичи ечилиб кетгани ҳам халал беролмади ва польшалик тўпурар фаолиятида иккинчи бор ЕЧЛда қаторасига тўққиз ўйинда гол уриш бўйича серияни давом эттирди. Леви яна Криштиану Роналдунинг рекордини янгилаш учун кетмоқда, португалиялик юлдуз ЕЧЛ ўйинларида қаторасига 11 учрашувда гол урган.

Гуруҳ босқичида гол урмай келаётган Мирчи Луческу жамоаси бу оқшом ўзининг жорий турнирдаги энг яхши ўйинини ўтказди. Аммо «Динамо» футболчиларини ҳар сафар Нойер тўхтатиб қолаверди. Германиялик посбон асосий еврокубокда 124-ўйинини ўтказиб, Жанлуиджи Буффоннинг рекордини такрорлади. Бу борада энг яхши кўрсаткич Икер Касильясга тегишли (177).

Якунда Гармаш барибир Нойер дарвозасини ишғол қилди, аммо «Динамо» ўйинни қутқара олмади ва гуруҳнинг иккинчи ўйинидан кейин иштирокини Европа Лигасида давом эттиришдан ҳам умид узди.

«Барселона» — «Бенфика» — 0:0

Хавининг Чемпионлар лигасида бош мураббий сифатидаги дебютида Сергей Карасаев бошчилигидаги россиялик ҳакамлар бригадаси ўйинни бошқарди. Улар 35-дақиқада, Отаменди кучли зарба билан тўпни тўсин орқали дарвозага йўллаганда диққат марказида бўлишди. Бу гол «Бенфика» мухлисларини кўп вақт хурсанд қила олмади, бурчак зарбаси ижро этилган вақтда тўп майдон чизиғи ташқарисидан келгани маълум қилинди. Лекин бу қарор тўғрилигини тасдиқловчи такрорлар намойиш этилмади.

Биринчи бўлимда жамоалар яна биттадан қулай имкониятга эга бўлишди. Яремчукнинг бош билан яқин масофадан йўллаган кучли зарбасини тер Штеген бир амаллаб қайтарди. Ўйинда тўпни назорат қилган «Барселона» кўплаб комбинациялар уюштирди, аммо «бургутларни» Влаходимоснинг реакция кўрсатишлари ва Юсуф Демирнинг узоқ бурчак томон йўллаган зарбасини ўзига қабул қилган тўсин қутқарди.

Иккинчи бўлимдаги асосий икки драмадан бири — офсайд туфайли Араухонинг голи ҳисобга олинмаслиги бўлди, у кутилмаганда ўнг қанот ҳимоясида ҳаракат қилди ва яхши ўйин кўрсатди. Лекин уругвайлик футболчи жароҳат олиб, алмаштирилди, бу эса каталонияликлар ҳимоясини кучсизлантирди ва қўшиб берилган учинчи дақиқада гол ўтказиб юборилишига бир бахя қолди. Қарши ҳужум вақтида португалларнинг икки футболчиси қаршисида бир ҳимоячи - Эрик Гарсия ёлғиз қолди, «Барса» мухлислари бахтига, тўпни тер Штегендан ҳам олиб ўтган Сеферович бўш қолган дарвозага аниқ зарба бера олмади.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

Публикация от ESPN FC (@espnfc)

«Барселона» гуруҳдаги 5 ўйиндан 3тасида гол уролмади, жами 2 гол урди - иккиси ҳам «Динамо» дарвозсига (1:0, 1:0). Иккинчи ўринга чиқа олмаган бўлса-да, «Бенфика» плей-офф учун яхши имконият ҳосил қилган. Лиссабонликлар сўнгги турда гуруҳда сўнгги ўринда қолиши аниқ бўлган «Динамо»га қарши уй ўйинида ғалаба қозонишса, фақат бир ҳолатда иккинчи ўринга чиқа олмайди — агар «Барселона» Мюнхенда мўъжиза кўрсатиб, «Бавария»ни мағлуб этса.

«Барселона» ЕЧЛ гуруҳ босқичидан чиқа олмаслиги сўнгги бор 2000-2001 йилги мавсумда кузатилган. Ўшанда каталонияликлар гуруҳда «Милан» ва «Лидс»дан кейин учинчи бўлишган. Мавсумни УЕФА Кубогида давом эттирган жамоа яримфиналгача етиб борган ва «Ливерпуль» томонидан тўхтатилганди.

8 декабрь. Бавария — Барселона, Бенфика — Динамо К.

«Аталанта» ёки Эмери?

F гуруҳи
«Вильярреал» — «Манчестер Юнайтед» — 0:2
 (Криштиану Роналду, 78. Санчо, 90).

Фото: AITOR ALCALDE/GETTY IMAGES

«Вильярреал»га қарши ўйингача «Манчестер Юнайтед» Оле Гуннар Сульшер ўрнига янги мураббий топишга улгурмади, шу туфайли Испанияга жамоани норвегиялик мутахассисга ёрдамчилик қилган Майкл Каррик олиб келди.

Каррик таркибда қатор тажрибалар амалга оширди. Донни Ван Де Бек бошланғич таркибда чиқди, Бруну Фернандеш захира ўриндиғида қолди. Криштиану Роналду марказни Антони Марсиялга қолдириб, ўйинни ҳужумнинг чап қанотида бошлади.

Унаи Эмери шогирдлари Испания чемпионатида АПЛдаги «Юнайтед»дан кўра яхшироқ иштирок этмаяпти, аммо бунга ҳеч ким эътибор қаратмайди. Уларнинг примеродаги 12-ўрнини Чемпионлар лигасидаги гуруҳ етакчилиги ёпиб кетарди. «Сариқ субмариналар» 7 очкодан 6тасини «Янг Бойз»га қарши ўйинларда жамғарган, лекин «МЮ» ва «Аталанта»га қарши ҳам испанлар юқори савияли ўйин кўрсатишганди.

Ўйин рефери Феликс Брихнинг қурилмаларидаги муаммо туфайли белгиланганидан бироз кечроқ бошланди. Барчаси ҳал бўлиб, ўйинга старт берилгач, Эмери шогирдлари тўпни назоратга олишди ва бир неча хавфли ҳужумлар уюштиришди. Давид Де Хеа «МЮ»ни бир неча бор қутқаришига тўғри келди. Айнан испаниялик посбон ҳозирда жамоадаги энг ишончли ва барқарор ўйин кўрсатаётган футболчидир. Ҳатто «Уотфорд»га қарши муваффақиятсиз ўйинда ҳам ушбу дарвозабон икки бор пенальти қайтарганди. Усиз «МЮ»нинг аҳволи ҳозиргидан ҳам анча ёмон ҳолатга келган бўларди. 59-дақиқада у Ману Тригероснинг жарима майдони ичида туриб тўпни сапчитган ҳолда йўллаган мураккаб зарбасини ҳам тўса олди.

Англияликлар фақат Каррикнинг ўйинчи алмаштиришларидан кейин ўзига кела бошлади. 66-дақиқада у Марсиял ва ван де Бек ўрнига Маркус Рэшфорд ҳамда Бруну Фернандешни туширди. Беш дақиқа ўтиб португалиялик голли вазият яратди ва Жейдон Санчони зарба бериш нуқтасига чиқарди, аммо «Вильярреал»ни дарвозабон қутқарди. Аммо «Юнайтед» ўз голини барибир урди. Гол кутилмаган жойдан келди. Мезбонлар ҳимоядан чиқишда хатога йўл қўйишди — Фред Этьен Капуни прессинг қилиб, тўпни йўқотишга мажбур қилди. Тўп Роналдуга бориб тушди, португалиялик тўпурар тўпни ерга туширмасдан «Вильярреал»нинг аргентиналик дарвозабони Херонимо Рульи устидан ошириб ташлади. Криштиану учун бу Чемпионлар лигасида жорий мавсумдаги олтинчи (у ЕЧЛ гуруҳдаги барча ўйинларда гол уриб келмоқда ва у инглиз клублари сафида бундай натижа қайд этган илк футболчидир), фаолиятидаги 799-гол бўлди. У кейинги ўйинда (АПЛнинг навбатдаги турида «Челси»га қарши) юбилей голини уриши мумкин. 

Манкунианликлар шундан кейин айтарли қийинчиликсиз ўйинни ғалабагача олиб боришди ва гуруҳ масаласини ҳал қилишди. 85 миллионлик Санчо ниҳоят «МЮ» учун илк голини урди (унда голсиз серия 14 ўйин давом этди), у «қизил иблислар»нинг қарши ҳужумини эффектив зарба билан якунлади ҳамда Фернандешга олтинчи голли узатмани тақдим этди.

Сўнгги турда «МЮ» «Янг Бойз»ни қабул қилади ва Швейцариядаги мағлубият учун мухлислар кўз олдида ўзини оқлашга ҳаракат қилади. «Вильярреал»ни эса «Аталанта»га сафар кутмоқда — жамоалар плей-оффга ким чиқишини ўзаро учрашувда ҳал қилишади.

«Янг Бойз» — «Аталанта» — 3:3 (Сьебатше, 39. Сьерро, 80. Хефти, 84 — Сапата, 10. Паломино,51. Муриэль, 88)

Бу гуруҳдаги биринчи ўйинда ғолиб бўлиш орқали «МЮ» нафақат плей-офф йўлланмасини кафолатлади, балки «Аталанта»га иккинчи ўринга кўтарилиш учун имконият ҳам яратди. Бергамоликлар бу имконни қўлга чиқармайдигандек эди. Улар ўйинни жуда кучли бошлашди, Сапата тезкор гол урди, аммо «Янг Бойз» қаторасига уч мағлубиятдан кейин борини майдонга ташлади ва ўз мухлисларига ғалаба тақдим этиши ҳам мумкин эди.

Швейцария чемпионлари икки бор ҳисобда олдинга чиқиб олишди ва Хефти ажойиб зарба билан «тўққизлик»ни аниқ нишонга олганида ўйин масаласи ҳал бўлгандек эди. Аммо меҳмонларни Муриэль қутқарди. Захирадан ўйинга қўшилган колумбиялик жарима зарбасини маҳорат билан ижро этди ва тўпни яқин бурчакка михлади. Энди бор кучини шу ўйинда сарфлаган «Янг Бойз» Европа лигаси плей-оффига ўтиш учун фақат назарий жиҳатдан имконият сақлаб қолган, Жан Пьеро Гасперини эса икки ҳафтадан кейин «Вильярреал»га қарши ўйинда ЕЧЛ плей-оффи учун жанг қилади.

8 декабрь. Манчестер Юнайтед — Янг Бойз, Аталанта — Вильярреал.

«Челси» плей-оффга ёриб кирди

Н гуруҳи
«Челси» — «Ювентус» — 4:0
 (Чалоба, 25. Жеймс, 55. Ҳадсон-Одои, 58. Вернер, 90+5).
«Мальмё» — «Зенит» — 1:1 (Рикс, 28 — Ракицкий, 90+3). 

«Зенит» бу тур арафасида плей-оффга чиқиш учун назарий жиҳатдан икки шарт билан имконият сақлаб қолганди — ўзи Мальмёда ғалаба қозониши ва «Ювентус» «Стэмфорд Бриж»да уч очко олиши. Аммо «Челси» барча масалани Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган сўнгги турга қолдиришга рози эмасди ва ўйинни жуда кучли бошлаб, ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ҳисоб очилган вазиятда меҳмонлар норозилик билдиришди, уларнинг наздида тўп Чалобага Рюдигернинг қўлидан келиб тушганди, аммо ВАР ҳеч қандай қоида бузилиши топмади ва арбитр майдон марказини кўрсатди.

Кўклар жамоаси ҳимоячилари — мастера на все руки. Улар рақиб жарима майдонида хавф солишга ҳам улгуришмоқда, жамоанинг бу мавсумда урилган  43 голидан 16таси мудофаа чизиғи вакиллари ҳисобига ёзилган, шу билан биргаликда, ўзларининг биринчи галдаги мажбуриятларини ҳам унутиб қўйишаётгани йўқ. Сешанба оқшомида айниқса Тиагу Силва идеал даражада ўйин кўрсатди, у Моратанинг зарбаси дарвоза тўрига кириб кетаётганида тўпни чалқанча услубда чизиқ устидан қайтариб юборди. Бразилиялик футболчига бу оқшомда шундай  ҳолатда гол урган Левандовскидан ҳам қийинроқ эди.

Иккинчи бўлим бошида эса Жеймс ўткир бурчакдан йўллаган кучли зарбаси билан Шченснига ҳеч қандай имконият қолдирмади, «Юве» эса сафардан очко билан қайтишдан умид узди. «Кекса синьора»нинг ҳозирги таркиби жасорат кўрсатишга тайёр эмас, «Челси» эса муваффақиятини янада ривожлантирди. Иккинчи голдан бир неча дақиқа ўтиб Лофтус-Чик Ҳадсон-Одоини голли пас билан таъминлашдан олдин туринликлар ҳимоячиларини ёш болалар кўйига солди ва бу ўйинда ким яққол устун эканини намойиш этди. Мухлислар ҳаддан ташқари кўтаринкилик билан хурсандчилик қилишди - бу голларни урганлар нафақат англияликлар, балки клуб академияси тарбияланувчилари эди. Қўшимча дақиқаларда эса германиялик легионер Тимо Вернер якуний ҳисобни ўрнатди - 4:0.

8 декабрь. Зенит — Челси, Ювентус — Мальмё.

«Севилья» қаҳрамонлик кўрсатиши керак

G гуруҳи
«Севилья» — «Вольфсбург» — 2:0
 (Хоан Хордан, 12. Рафа Мир, 90+7)
«Лилль» — «Зальцбург» — 1:0 (Дэвид, 31)

Севилияликлар дастлабки 4 ўйинда жами 3 очко жамғариб, аҳволни қийинлаштирганди. Аммо бу турда жамоа қаҳрамонларча сўнгги ўриндан юқори кўтарилди. Биринчи бўлимни ўз фойдасига ҳал қилишда Хулен Лопетеги жамоасига Ракитичнинг Хоан Хорданнинг бошига тўпни етказиб берган идеал даражадаги кросс ва тўсин остига йўлланган мураккаб зарбани қайтарган Бунунинг реакцияси ёрдам берди. Андалусияликлар кучлироқ ўйнашди, аммо ўйин масаласига фақат қўшиб берилган дақиқалар якунланаётганда нуқта қўйилди.

Энди улар ЕЧЛда дастлабки тўрт турда бирорта ғалабага эришмаган ҳолда плей-оффга чиққан иккинчи жамоа бўлиши мумкин - аввалроқ бундай натижа «Аталанта» томонидан қайд этилганди. Бунинг учун сафарда «Зальцбург» мағлуб этилиши керак, рақиб Австрияда жорий этилган локдаун туфайли мухлисларнинг қўллаб-қувватловидан маҳрум.

Шу билан бирга, айни вақтда гуруҳда сўнгги ўринда турган «Вольфсбург»да ҳам плей-оффга чиқиш имконияти сақланиб қолмоқда, немислар ўз уйида «Лилль»ни мағлуб этиб, ўзаро учрашувлардаги устунлик эвазига французлардан олдинга чиқиб олиши мумкин. Сешанба оқшомидаги ўйинда «Лилль» яна канадалик Дэвиднинг саъй-ҳаракатлари билан: 2000-йилларда туғилган футболчилар орасида сермаҳсуллик бобида у фақат Ҳоланддан ортда (13га қарши 12 гол).

8 декабрь. Вольфсбург — Лилль, Зальцбург — Севилья.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар