Кэррик «Вильярреал»га қарши ўйин ва Сульшернинг истеъфоси ҳақида гапирди
Сешанба, 23 Ноябр
6372
Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед»нинг вақтинчалик бош мураббийи Майкл Кэррик ЕЧЛ 4-туридан ўрин олган «Вильярреал» билан ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.

«Бу – жуда яхши, уюшқоқ, мураббийини тушунадиган жамоа. Шанба кунги ўйин бўлмайди. Бутунлай бошқача баҳс бўлади. 

«Вильярреал»да юқори тезликка эга, бўш ҳудудларга қандай киришни биладиган яхши техник футболчилар бор. Бу – юқори сифатларга эга мувозанатли жамоа. Уларга ҳурмат билан муносабатда бўламиз.

Баҳсга ғалаба қозониш мақсади билан тушамиз. Мухлислар учун асосийси – натижа. 

Ҳозир клубдаги барча учун ҳиссиётли давр. Оле билан 3 йил ишладим, уни анчадан бери биламан. Унинг ишидан айрилганини кўриш қийин эди. У билан фикрларимиз ўхшаш, шунинг учун ҳам бирга ишладик. 

Диққатни жамлаш керак. Бу клубда ҳар қандай вазифада ишлаш – бу катта имтиёз. Ўзгаришларга вақт йўқ, лекин мен тайёрман. Атрофимда ажойиб инсонлар, ажойиб футболчилар бор.

Фақат «Вильярреал» билан ўйин ҳақида ўйлайман ва кейин нима бўлиши ҳақида бош қотирмайман. Клуб менга муҳтож экан, у учун  боримни бераман», – дея Кэррикнинг сўзларини келтиради Manchester Evening News.

«Вильярреал» – «МЮ» баҳси бугун, 23 ноябрь куни бўлиб ўтади. 4-турдан сўнг иккала жамоада ҳам 7тадан очко мавжуд. «Қизил иблислар» ўзаро ўйин натижасига кўра пешқадам бўлиб турибди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар