Францияда яна можаро, Шомуродовни алмаштирган вундеркинд «Рома»га ғалаба келтирди, «Реал» — яккапешқадам
Душанба, 22 Ноябр
12446

Европа футболида якшанба оқшомида рўй берган асосий воқеалар.

Франция: «Марсель» ўйинида яна можаро

«Лион» — «Марсель» — ўйин тўхтатилди

Карантиндан кейин француз мухлисларини эплаб бўлмаяпти. Трибуналарда юзага келган можаролар ҳаддан ташқари кўпайиб кетди, бундан айниқса «Марсель» футболчилари жабрланмоқда. Монпельеда Ронжьега петарду улоқтиришганди. Ниццада Пайет ўзига қарата отилган бутилкани трибунага қайтариб отганди ва бу оммавий муштлашув келтириб чиқарганди. Лионда эса ўйиннинг 3-дақиқасидаёқ мезбон жамоа фанатларидан бири марселликлар сардорининг бошини бутилка билан аниқ нишонга олди.

Айбдорни тезда топишди ва стадиондан олиб кетишди. Аммо бундан олдин «Лион» фанатлари етакчиси унинг юзига  шапалоқ тушириб қолди.

Шундан кейин узоқ муддатли музокаралар бошланди. «Лион» ва маҳаллий расмийлар ўйин давом эттирилишини исташди. Арбитр Рудди Буке эса бунга қатъиян қарши эди. Ундан қарорини ўзгартиришни сўрашганида, у аввал Пайет билан гаплашиб олиши кераклигини айтди. Футболчи эса бу вақтда шок ҳолатида эди ва воқеалар қандай ривож топса ҳам, майдонга қайта олмасди.

Ярим соатча вақт ўтиб ўйин охиригача ўйнаб қўйилиши ҳақида хабар пайдо бўлди, лекин лига 1 расмийларнинг позициясига қўшилмади. Майдон эгаларидан фарқли ўлароқ, «Марсель» футболчилари иккинчи марта чигалёзди машғулотларига чиқмасдан, ўйинни давом эттиришдан бош тортишди. Буке уларнинг позициясини қўллаб-қувватлади, у иштирокчилар хавфсизлиги кафолатланмаганини айтиб, регион префектидан ўз қарорини бекор қилишни сўради.

Мухлисларга ўйин давом эттирилиши ҳақида эълон қилинганидан 40 дақиқа ўтиб ўйин кейинроққа қолдирилгани ҳақида якуний қарор қабул қилинди. Бу вақтга келиб трибуналар деярли бўшаб қолганди,  «Лион» президенти Жан-Мишель Олас эса норозилик билдирди. Унинг фикрича, «Марсель»нинг реакцияси жуда кескин чиққан, ўйинни давом эттириш учун ҳеч қандай муаммо йўқ эди. У аргумент сифатида бутилка отган мухлис фан-гуруҳга алоқадор эмаслиги, уни стадиондан олиб кетишгани ва полиция маҳкамасига қамаб қўйишганини келтирди.

Ўйинга телевизион эксперт сифатида келган Тьерри Анри ҳам ўз муносабатини билдирди: «Биз демократияда яшаймиз ва ҳар кимнинг ўз фикри бор. Аммо мен ўйлайманки, ўйинни тўхтатиш тўғри қарор». Ўйиннинг кейинги тақдири душанба куни Франция чемпионати тартиб-интизом қўмитасининг шошилинч йиғилишида ҳал қилинади. «Ницца» — «Марсель» учрашуви ҳам тўхтатилганидан кейин ўйин бетараф стадионда, бўш трибуналар қаршисида қайта ўйналганди.

Англия: Контенинг илк ғалабаси

«Манчестер Сити» — «Эвертон» — 3:0 (Стерлинг, 43. Родри, 55. Бернарду Силва, 86).

Манчестернинг қизил қисми ҳозирча Оле Гуннар Сульшер ўрнига янги мураббий қидириш билан банд бўлса, норвегиялик мутахассис томонидан уч бор мағлуб этилган «Сити» турнир жадвалида «Ливерпуль»ни қувиб ўтди ва пешқадам «Челси»ни уч очколик фарқ билан таъқиб этмоқда. Шу билан бирга, Хосеп Гвардиола жамоаси ортда қолган 12 турда жами 6 гол ўтказиб юборган, холос.

«Шаҳарликлар» «Эвертон»нинг мустаҳкам ҳимоясини ёриб ўтиш учун бўлим давомида тер тўкди ва бунга фақат танаффус арафасида эришди. Премьер-лигада 300-ўйинида майдонга тушган Стерлинг меҳмонларнинг офсайд қопқонини моҳирлик билан четлаб ўтди ва Жоау Канселунинг ҳимоячилар ортига ташланган тўпига бир тегиниш билан ҳисобни очди. Португалиялик бу мавсумдаги голли узатмалари сонини 6тага етказди ва бу унинг аввалги икки мавсумдаги натижасидан яхшироқ.

Афтидан, чемпионлар бу оқшом фақат чиройли голлар уриш учун майдонга тушишганди, буни иккинчи бўлим бошида Родри тасдиқлади. Одатда рақиб ҳужумларини бузиш билан шуғулланадиган бу футболчи рақиб жарима майдони атрофида ҳам нималарга қодирлигини кўрсатди, Аллан тўпни узоқлаштириш учун муваффақиятсиз ҳаракат қилганида у тўпни эгаллаб олиб, узоқ масофадан кучли зарба билан дарвоза «тўққизлиги»ни аниқ нишонга олди.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

Публикация от Manchester City (@mancity)

Эътиборли томони, Англияга келгунича Родри узоқ масофадан фақат бир марта гол урган, АПЛда эса жарима майдони ташқарисидан урилган голлари сонини 4тага етказди.

«Тоттенҳэм» — «Лидс» — 2:1 (Ҳейберг, 58. Регилон, 69 — Жеймс, 44).

Терма жамоада Кейн Албания дарвозасига ҳет-трик, Сан-Маринога эса покер қайд этди, бу оқшомда у гол урмаган бўлса-да, катта ҳажмдаги ишни бажарди. Иккинчи бўлим бошида у «шпорлар»нинг 24 октябрь кунидан кейинги дарвоза соҳасига йўлланган илк аниқ зарбаси муаллифи бўлди, бунгача жамоа 4 соат 27 дақиқа давом этган серия қайд этганди.

«Тоттенҳэм» бу зарба берилган вақтда 0:1 ҳисобида ортда бораётганди, аммо ўйинда бурилиш аллақачон рўй берганди. Кўп ўтмай Ҳейберг ҳисобни тенглаштирди. Антонио Конте бу голни жамоаси худди соврин ютаётгандек нишонлади ва бу энергия футболчиларга ҳам юқди.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

Публикация от Tottenham Hotspur (@spursofficial)

10 дақиқа ўтиб стандарт вазиятдан ғалаба голи урилди - Дайернинг зарбаси жонли девордагилар орқали устунга бориб қайтди, қайтган тўпга биринчи бўлиб Регилон етиб келди.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

Публикация от Tottenham Hotspur (@spursofficial)

Ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштак янграганидан сўнг бу уч очко лондонликларни еврокубоклар зонасига олиб ўтгани аён бўлди. Бешинчи ўриндаги «Арсенал» билан орадаги фарқ бир очко, ЕЧЛга йўлланма берувчи квартетни якунлаб турган «Вест Ҳэм»гача эса — тўрт.

Испания: ла лигада етакчилар алмашинуви

«Гранада» — «Реал» — 1:4 (Суарес, 34 — Асенсио, 19. Начо, 24. Винисиус Жуниор, 56. Менди, 76).

«Реал Сосьедад» — «Валенсия» — 0:0.

Карло Анчелотти жамоаси «Гранада» ўзи учун нақадар қулай рақиб эканини яна бир бор намойиш этди. Мадридликлар бу жамоага қарши дербиларда қаторасига 13-ғалабага эришди. Сентябрь ойида «Мальорка» дарвозасига урилган ҳет-трикдан кейин гол урмаган Асенсио ҳамда август ойидан буён ўз номини таблога ёздирмаган Начо Крооснинг узатмаларидан голлар уришди.

Иккинчи голдан кўп ўтмай Винисиус Жуниор ўз жарима майдони яқинида хатога йўл қўйди ва Суарес Куртуани рикошет орқали иложсиз ҳолда қолдирди. Кейин қаймоқранглилар дарвозаси олдида яна бир неча хавфли вазиятлар содир бўлди, аммо бу вақтда «Реал» ҳам бир неча имкониятларга эга бўлди. Ҳужумлар алмашинуви Бенземанинг кесиб узатилган пасидан кейин Модрич Винисиусни бўш дарвоза қаршисига чиқаргунча давом этди.

Мезбонларнинг ўйинни қутқариш учун умидлари 67-дақиқада Мончу четлатилгач бутунлай сўнди, кўп ўтмай арбитр «Гранада» бош мураббийи Роберта Моренони ҳам трибунага жўнатди. Шундан кейин икки томон ҳам фақат ўйинни якунлаб қўйиш учунгина ўйнади. Меҳмонлар қолган ярим соатга яқин вақтда катта куч сарфлашни истамади ва биргина гол уриш билан кифояланишди - Менди ҳисобни йирик кўринишга келтирди ҳамда «Реал» биринчи ўринга қайтди.

«Қироллик клуби» аввалги турларда ҳам бир неча бор биринчи ўринга чиққан, аммо турдаги ўз ўйинини кейинроқ ўтказган «Реал Сосьедад» ҳар сафар пешқадамликни қайтариб олаётганди, бу сафар эса басклар «Валенсия» билан уй учрашувида гол ура олмади ва биринчи ўринни мадридликларга топширди. Бу ўйинда Ойярсабалнинг узоқ кутилган қайтиши ҳам ёрдам бермади. Қолаверса, у захирадан ўйинга қўшилганидан 15 дақиқа ўтиб Элустондо четлатилиши туфайли мезбонлар бир киши кам бўлиб қолишди.

Италия: «Наполи» ҳам илк мағлубиятини қабул қилди

«Интер» — «Наполи» — 3:2 (Ҳоқон Чалхонўғли, 25, пенальтидан. Перишич, 44. Мартинес, 61 — Зелиньски, 17. Мертенс, 78).

Шанба кунги ўйинларда «Милан» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилганди, «Наполи»нинг Миланга ташрифидан кейин Европадаги кучли бешлик жамоаларида мағлубиятга учрамаган жамоа қолмади. «Сан-Сиро»га қайтиш Лучано Спаллетти учун яхши бошланганди — Зелиньскининг кучли зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсини остидан тўрга бориб тушди. Аммо танаффусга «Интер» ҳисобда олдинда бораётган ҳолда чиқиб кетди, икки голни ҳам мезбонлар замонавий техника ёрдамида уришди. Дастлаб ВАР орқали пенальти белгиланди, кейин тўпда ўрнатилган мослама Перишичнинг зарбаси дарвоза чизиғини кесиб ўтганини қайд этди.

Бу устунлик иккинчи бўлим бошидаги қарши ҳужумни якунлаб берган Лаутаро Мартинес томонидан янада мустаҳкамланди, «Наполи» эса қолган вақт давомида Мертенснинг тарихий голи билан жавоб қайтаришга улгурди. Бельгиялик бу футболчи — нафақат клуб учун урилган голлар сони бўйича мутлақ рекордчи, балки жамоанинг А Сериядаги энг яхши тўпурари. Унинг ҳисобидаги голлар сони 103тага етди, бу орқали у ўтган асрнинг 20-30-йилларида жанубликлар сафида жавлон урган Антонио Воякни ортда қолдирди.

«Женоа» — «Рома» — 0:2 (Афена-Гьян, 82, 90+4)

Андрей Шевченконинг «грифонлар» бошқарувидаги дебюти Жозе Моуриньо билан дуэлга тўғри келди. Кучлар нисбати аён эди, «Женоа» қаторасига тўққиз тур ғалаба қозона олмагач, хавфли ҳудудга тушиб кетди ва мураббийни алмаштирди. Бу ўйинда ҳам мезбонлар ҳимояда ўйнашига тўғри келди. Назарий жиҳатдан, улар бу ўйинда йирик ҳисобда мағлуб бўлиши ҳам мумкин эди, аммо Мхитаряннинг голи ҳисобга олинмади, Шомуродов эса қулай вазиятдан фойдалана олмади.

Танаффусдан кейин ҳам ўйин картинасида жиддий ўзгариш кузатилмади, аммо «Женоа» қарши ҳужумда «бўрилар»ни жазолаши мумкин эди. Аммо узатма кучли чиққани туфайли дарвозабон ҳудудида турган Стураро тўпни ўзига бўйсундира олмади ва тўп ўрнига ўзи дарвоза тўрига кириб кетди. Мхитарян эса гол урмаган бўлса-да, бу ўйин тақдирини ҳал қилувчи ҳаракатни амалга оширди - у майдон марказида тўпни эгаллаб, рақиб жарима майдонигача борди ва қанотда очилган 18 ёшли Афену-Гьянни голли пас билан таъминлади.

74-дақиқада Шомуродовни алмаштирган вундеркинд ўйин якунланиши арафасида қанотда тўпга эга чиқиб, марказ томон бир неча қадам ташлади ва кучли зарба билан «тўққизлик»ни нишонга олди.

«Рома» бешинчи ўринга кўтарилди, Шевченкода эса олдинда қиладиган кўп иш кутиб турибди. Унинг вазифаси — жамоани лигада сақлаб қолиш.

«Сассуоло» — «Кальяри» — 2:2 (Скамакка, 37. Берарди, 51, пенальтидан — Кейта Бальде, 40. Жоау Педру, 56, пенальтидан)

Одатда чемпионатнинг ўртамиёналари тўқнашуви сифатида эътибор қаратилмайдиган бу учрашувда эътиборга молик воқеа содир бўлди - бу ўйинда «Кальяри»нинг «қуруқ» сериясига барҳам берилди. Агар Сардиния жамоаси 338 дақиқадан буён гол урмаётгани эътиборга арзимаса ҳам, Кейта Бальденинг бу серияни якунлаб берган голи чиройи мухлисларни мафтун этади. Сенегаллик футболчи чалқанча ҳолатда берган зарбаси билан дарвоза тўрини титратди, бу шедевр нафақат тур хит-парадини, балки Италиядаги мавсумни безай олади.

Кун статистикаси

Теглар

Ўхшаш янгиликлар