Алвес ва жарималар қайтди, янги қоидалар ва дербидаги ғалаба. Хави «Барселона»да ишни нималардан бошлади?
Душанба, 22 Ноябр
8976

Кўк-анорранглилар жамоасида муҳит аста-секин яхшиланиб бормоқда.

Афсонанинг қайтиши

Хавининг «Барселона» бош мураббийлигидаги илк ҳафтаси ахборий бомбалар билан кечди ва ҳафта якунида Дани Алвеснинг «Камп Ноу»га қайтиши эълон қилинди. Маоши тўланмагани учун «Сан-Паулу» билан шартномасини бекор қилган фахрий футболчи ўз хизматини каталонияликларга таклиф этаётгани ҳақида анчадан бери хабарлар тарқаётганди, аммо бу таклиф қўллаб-қувватлангани барибир кўпчиликни ҳайрон қолдирди. «Барселона»да авлодлар алмашинуви кечаётган даврда 38 ёшли ҳимоячи таркибга қайтарилиши тушунарсиз ҳол эди.

Қолаверса, ватанида афсонавий ҳимоячининг танқидчилари етарлича эди, қатор экспертлар ҳам унинг ўнг қанот ҳимоячисидан таянч яримҳимоячисига айланиши хато бўлганини таъкидлашарди. Хатоликлар бўлгани шубҳасиз, аммо ушбу бразилиялик — уникал футболчи. Агар жароҳатлар бўлмаганида, у ёзда Америка Кубогида қатнашган бўларди, аммо у Токио Олимпиадасида қатнашиб, 43-бор соврин ютди ва футбол тарихидаги энг совриндор футболчи сифатидаги мақомини мустаҳкамлади.

Роналд Куманга у керак эмасди, аммо контактлар узилмади ва каталонияликлар президенти Жоан Лапорта Алвес учун клуб тузилмасида жой ахтара бошлади. Бразилиялик эса бошқа нарсани орзу қилишда давом этар ва Instagram саҳифасида шундай ёзди: «Мен бу рўй бериши учун беш йил давомида ақлдан озгандек ҳаракат қилдим. Қайтиш шунчалар қийин бўлади ва кўп вақт олади деб ўйламагандим. Аммо менинг юрагим бу кун келишини ҳис қилади. Мен ҳеч қачон қалбимдан кетмаганман жойга қайтаман».

Алвес фақат январь ойида майдонга тушиши мумкин. Аммо бу ғолиб футболчи жамоада доимий яхши муҳит яратиш учун ҳам ҳозир олиб келинди. Бразилиялик футболчи нафақат жангчи ва клуб анъаналари қўриқчиларидан бири, балки позитив яратиш бўйича мутахассис ҳам ҳисобланади. Испаниядаги нашрлар ёзишича, Хавига собиқ жамоадошининг барча хусусиятлари керак  бўлган ва шу туфайли нафақат Алвеснинг ўзи, балки «Барселона» ҳам уни қайтариш учун бор имкониятларни ишга солди - маошлар учун ўрнатилган чегара туфайли «1+1» схемасидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун ла лига билан кураш олиб борди. Афтидан, кўк-анорранглилар амалдорларни қишки трансферлар даричаси очилгач, клубнинг тўловлар ведомостини енгиллаштиришларига ишонтиришди ва собиқ юлдузининг шартномасини рўйхатдан ўтказди. 

Ғалаба ҳиди

ФИФА кунлари учун танаффус якунланиб, чемпионатларда навбатдаги турлар бошланиши арафасида Алвеснинг тақдимоти ўтказилди. У бу маросимни ҳам ҳақиқий шоуга айлантириб, майдон газонини ҳидлади ва ундан совринлар ҳиди келаётганини айтди. У клубда Андрес Иньестанинг рақамида (8) ўйнайди ва унинг йиллик маоши миқдори ла лига қоидалари имкон берадиган минимал миқдорда бўлади - йилига 155 минг евро.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

Публикация от FC Barcelona (@fcbarcelona)

Албатта, бонуслар ҳам бўлади, аммо Алвес — «Барселона» ўзи учун шунчаки клуб эмаслигини таъкидлаб келади. Жоан Лапорта эса клубда юзага келган байрамона муҳитда тўлқинланиб, келгусида Иньеста ва Месси ҳам қайтиши мумкинлигини истисно этмади. Бунинг учун эса клуб аввалига мавжуд муаммоларини ҳал этиши керак, чунки айни вақтда маошлар ведомости лимити қишда ҳозирги таркибдан бир неча футболчи сотувга қўйилмаса, қишда янги футболчилар сотиб олишга имкон бермайди.

ОАВда «Барса» бозордаги энг талабгир футболчиси Френки де Йонгни 70 миллион еврога сотиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалганди, кўп ўтмай раҳбарият бундай қадам ташламоқчи эмаслиги маълум қилинди. Лекин бу яқин кунлар учун долзарб масала эмас, мураббийлар штаби қаршисида тезроқ ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар талайгина.

Хусусан, прогнозларга зид ўлароқ Педрининг қайтиши яна бир ойга кечиктирилди, шанба кунги дербига қарши ўйин бошланишига бир неча соат қолганида Серхио Агуэронинг юрагидаги муаммо у фаолиятини тўхтатишига сабаб бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди, кўп ўтмай аргентиналик ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали бу маълумотни рад этган бўлса-да, у соғлиги туфайли жамоага доим ёрдам бера олмаслиги тайин.

Шунга қарамай, Хави қайғуда эмас ва «Эспаньол»га қарши дербидаёқ олиб борилган ишлар тактикада, психологияда ва якуний ҳисобда акс этишига умид билдирди.

Хавига таркибни кучайтириш учун камида 10 миллион евро ажратилган. Ҳозирги нархларда — бу арзимас миқдор, бундай пул билан фақат ижара шартномалари бўйича келишувга эришиш мумкин, қишда каталонияликлар «Челси»да асосий таркибга кира олмаётган Саулни олиб келиши мумкин, шунингдек эркин агентга айланиши кутилаётган Раҳим Стерлингга таклиф билан чиқилиши кутилмоқда. Англиялик футболчи трансферига Хави шахсан қизиқмоқда. Мураббий қанотда Усмон Дембелега ишонч билдирмоқда, аммо ушбу французнинг доимий жароҳатлари туфайли бу позицияни мустаҳкамлаш зарурати бор.

Бундан ташқари, клубнинг 17 ёшли тарбияланувчиси, вундеркинд Гави билан шартномани янгилаш керак бўлади. Ёзда клубдаги вазият буткул ўзгариши мумкин, агар «Барселона» янги титул ҳомий топа олса. Маҳаллий инсайдерларга ишонилса, эҳтимолий ҳамкорлар қаторида клубга йилига 100 миллион евро ажратишга қодир бўлган Саудия Арабистони компанияси ҳам бор.

Қатъий тартиб-интизом

 Фото: GETTY IMAGES

«Футболчилардан ўзига янада талабчан бўлишни сўрайман, чунки биз «Барса»миз — бу дунёнинг энг яхши клуби. Иш вақтида биз ўзимизни максимал бағишлашимиз, кўп тер тўкишимиз керак». Бу Хавининг тайинловдан кейинги илк сўзлари бўлганди. У шунчаки пафос билан чекланмади, «Барса» фанатлари Хави анчагина қатъий менежер эканига амин бўлишди.

Хави жамоада янгича тартиб ўрнатди. Ҳеч кимга, ҳатто ўз вақтида бош мураббий билан елкама-елка тўп сурганларга ҳам истисно қилинмади ва улар ҳам барчасини нолдан бошлашига тўғри келади.

Янги қоидалар:

- «Барса» футболчилари базага машғулотлар бошланишига бир ярим соат вақт қолганида етиб келиши керак - бу вақт ичида улар нонушта қилиши, машғулотларга тайёргарлик кўриши ва индивидуал машқларни бажариши лозим. Мураббийлар штаби аъзолари эса машғулотлар бошланишидан 2 соат олдин клуб базасида бўлиши шарт.

- Футболчилар тушлик ва кечки овқатни диетологлар назорати остида қилишади. Диета жароҳатларнинг олдини олиш учун керак бўлади.

- Янги жарималар тизими жорий этилади, аниқроғи эски тизим тикланади. Луис Энрике кетгач бекор бўлган режим қайтади, унга кўра такрорий қоидабузарлик учун жарима миқдори геометрик прогрессияда ошиб боради.

-Ўйинга икки кун вақт қолганида футболчилар уйга кеч қайтиши тақиқланади. Хави улар барча талабларга жавоб бериш ҳолатида бўлишини (кондиция) истайди.

- Бўш вақт назорати. Шаҳардан узоқроққа кетиш учун Хавининг рухсатини олиш керак. Сёрфинг билан шуғулланиш ва электровелосипед ҳайдаш — мумкин эмас.

- Яна бир қатъий талаб — футболчилар «Барса»нинг имижини бузмаслиги ва оммага ўрнак бўлиши керак. Шов-шувли интервьюлар беришга йўл қўйилмайди. Акс ҳолда футболчиларга санкциялар қўлланади.

Жамоа ҳаётидаги ритмни ўзгартириш заруратининг асосий сабаби — жароҳатлар эпидемиясидир (Агуэродан ташқари яна етти футболчи турли жароҳатлар туфайли сафдан чиққан). Хавининг ташаббуси билан клуб тиббий штаби бошлиғи Рамон Каналу, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Альберто Роке ҳамда физиотерапевт Хуанхо Брау ишдан бўшатилди. Уларнинг ўрнига Хави билан «Ас-Садд»да бирга ишлаган Карлес Ногейр ҳамда Иван Торрес иш бошлади. Бундан ташқари, мураббий клубга Рикардо Прунани қайтаришни сўради — Испанияда спорт тиббиёти соҳасидаги энг яхши мутахассис, у «Барселона»да 25 йил ишлаган.

Хави ўзининг эски қадрдони — фахрий ҳимоячи Жерар Пикенинг оғзини ёпди. У El Hormiguero дастурига интервью беришни истаганди, аммо янги мураббий барчани доғда қолдирди. Хави Пикега журналистлар билан гаплашишни тақиқлади. У Жерар жуда гапдонлиги ва тез-тез спортга деярли алоқаси бўлмаган тадбирларда кўп гапириб юборишини танқид қилди. Энди бундай бўлмайди. Хави Пикенинг интервьюсини бекор қилиш орқали, келгусида барча футболчиларнинг ўй-фикри фақат «Барса» билан бўлиши кераклигини кўрсатди.

Энди футболчилар машғулотга барвақт келиб, ўзини тайёрлаши керак. Яъни Куман даврида бўлмаган ишлар билан шуғулланишади. Бошқача режимга одатланган Серхио Агуэро машғулотлардан олдин тренажёр зали ёпиқ турганига дуч келиб ҳайрон бўлганди, футболчилар эса базага майдонга чиқишга ярим соат вақт қолганида келишарди.

Энди кеч қолиш жазоланади, санкцияга биринчи бўлиб кутилганидек уч дақиқа кеч қолган Дембеле дучор бўлди. Кечикиш ушбу форварднинг эски касаллиги, аммо жарима миқдори геометрик прогрессия тарзида ўсиб бориши унга таъсир қилиши керак. Бундан ташқари, жамоада ҳар куни вазнни ўлчаш йўлга қўйилди. Футболчилар биргаликда кўп вақт ўтказиши, меню эса диетологларнинг доимий назоратида бўлиши кўзда тутилган.

Эҳтимол, юкламалар ортгани кимгадир ёқмагандир, аммо умуман олганда жамоада кайфият яхшиланиб бормоқда. Бу борада Самюэл Умтитини намуна қилиш мумкин, у икки баробар куч билан ҳаракат қилиб, ўзининг «Барселона»га кераклигини исботлашга уринмоқда. Куман француз ҳимоячисига ишонч билдирмаганди.

17 ёшли дебютант ва бироз омад
Мураббий ҳайратлантиришни ваъда қилмаганди, аммо у бунга эришди - 17 ёшли Илиас Аҳомач бошланғич таркибда дебют қилди. Келиб чиқишига кўра марокашлик бўлган бу ёш футболчи жорий мавсумда «Барселона Б» сафидаги тўрт ўйинда 2 гол уришга улгурган ва унинг премьераси эртакнома бўлиб кетиши ҳам мумкин эди. Аммо майдонда бироз ҳаяжонланди ва 13-дақиқада яқин масофадан йўллаган зарбаси тўсиндан анча юқоридан ўтиб кетди.

Шундан кейин Хави Пике ва Бускетсни олдига чақириб, қандайдир кўрсатмалар берди, фақат ўйиннинг боришида жиддий ўзгаришлар кузатилмади. «Барса» тўпга ва ҳудудларга эгалик қилишда давом этди, вазиятлар яратишга уринди, аммо футболчиларга ёки сўнгги аниқ ҳаракат етишмасди ёки «Эспаньол» одатдаги каби дербига яхши тайёрлангани ва рақибнинг ҳар қандай режаларини ҳисобга олгани кўриниб қоларди. Шу туфайли кўк-анорранглилар биринчи бўлимда жами 11 бор зарба бериб, мавсумдаги энг яхши натижасини қайд этган бўлса-да, бу алдамчи таассурот эди.

Бунинг ўрнига «Барселона»нинг агрессив прессинги эътиборни жалб қилди, бу рақиб жарима майдонида Нико Гонсалес йиқилганида пенальти олиб келиши ҳам мумкин эди. Ўйиннинг айрим қисмларида янги боғламлар яхши иш берди, масалан Гави чап қанотга силжиган вақтида Жорди Альба билан ўзаро тушуниб ўйнади. Хави эса оддий ечимлардан воз кечган ҳолда изланишда давом этди. Танаффусда у Аҳомачни Сержи Роберто ёки Филиппе Коутиньога эмас, Серхи Бархуан даврида асосий таркибга жалб этилган 19 ёшли Абди Эззалзулига алмаштирди.

Бу вундеркинд ўйинда жуда фаол бўлди ва рақиб ҳимоячиларини тинимсиз равишда босим остида ушлаб турди. Аммо натижани у эмас, янги авлоднинг асосий етакчисига айланиб бораётган Гави таъминлади. Иккинчи бўлим бошида унинг ҳимоячилар ортига берган ақлли пасидан кейин жарима майдонига ёриб кирган Депай йиқитилди ва нидерландиялик футболчи пенальтини аниқ ижро этди. Аммо бу натижани Хави эффекти дейиш бироз соддалик бўлади.

Биринчидан, мураббий ўз ғояларини татбиқ этишга эндигина киришган. Иккинчидан, кўк-анорранглилар омад келмаганда уч очко ололмасди.

Бу ўйингача қаторасига беш ўйинда голли серия қайд этган Рауль де Томаснинг икки зарбаси дарвоза устуни ва тўсинига тегди, Димата уч метр масофадан аниқ зарба йўллай олмади, сўнгги сонияларда эса тер Штеген У Лэйнинг оёғидаги тўпни олиб қўйди. Умуман олганда, барчаси яхшилик билан тугади ва Хави дербидаги ғалаба билан бошлади. Худди 1998 йилда Йоҳан Кройфф билан бўлгани каби.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар