«Айримлар Ватанни сотишди!». Юрий Саркисяннинг биз билган ва билмаган ҳақиқатлари
Душанба, 22 Ноябр
6820
Фото: Tribuna.uz

У – Ўзбекистоннинг 5 марта чемпиони.

У – Ўзбекистон кубоги, чемпионатнинг кумуш ва бронза медалларига кўп марта эга чиққан.

У – Ўзбекистонда 5 марта энг яхши мураббий.

У – МДҲ кубоги кумуш медали эгаси.

У – Осиё чемпионлари кубоги бронза медали совриндори.

У – «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденларига лойиқ кўрилган.

У – «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» Юрий Вазгенович Саркисян!

Ўзбекистон футболи, хусусан, Фарғона футболи учун катта сиймо бўлмиш Юрий Саркисян билан суҳбат уюштирдик. 74 ёшли мутахассис Tribuna.uz билан интервьюда олдин айтмаган бор ҳақиқатларни очиқлади.

Ўзбекистонга келиши ва Термиздан келган хат

- Москвада Собиқ иттифоқ ёшлар жамоаси йиғинида иштирок этаётган пайтим «Олмалиқ» бош мураббийи мени Ўзбекистонга таклиф қилган. «Юрий, сен менга жуда ёқиб қолдинг. Ўзбекистонга келсанг-чи? Барибир, Арманистонда етарли ўйин амалиётига эга бўлмаяпсан. Ўзбекистон жуда чиройли давлат. Агар сенга ёқса, ўйнашда давом этасан», - деганди у. Шундан сўнг, 1968 йилда Ўзбекистонга келдим. 1968 ва 1969 йилларда Олмалиқда ўйнадим. Очиғини айтганда, менга Ўзбекистон жуда ёқиб қолди. Айниқса, палов!

Ўша пайтда отам менга футболни йиғиштириб, институтга киришим ва ўқишим кераклигини айтди. Совет даврида олий маълумотли бўлиш жуда муҳим ҳисобланарди. 1969 йилда мен ҳамма нарсаларимни йиғиштириб, Ереванга учиб кетишга ҳозирлик кўрдим. Тошкентдаги аэропортда ўтирсам, бир киши олдимга келди ва сўради:

- Салом, сиз Юрий Саркисянмисиз?

- Салом, ҳа менман. Сиз кимсиз?

- Мен Термиз клуби бош мураббийи Виктор Михайлович Тихоновман. Сизнинг ўйинингиз менга жуда ёқади. Бизнинг жамоага қўшилмайсизми?

- Йўқ, мен институтга киришим керак. Отам шундай деди. Футболни ташламоқчиман.

- Термизда давлат педагогика университети бор-ку. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий ҳам бўлишингиз мумкин.

- Футболчилик нима эканини биламан-ку — 20-25 кун сафарда бўлишга тўғри келади. Қандай қилиб ўқийман. Сиз мени имтиҳонсиз университетга олиб кириб қўйишга, маълум бир график асосида ўқишимга ёрдам берсангиз, майли сизнинг жамоангизда ўйнайман.

- Майли, сиз менга манзилингизни беринг, - деди мураббий.

Янги йил олдидан ундан хат олдим. «Юрий, Термизга кел. Барчасини гаплашиб қўйдим. График бўйича ўқийсан», деб ёзилган эди мактубда. 1970 йилда Термизга келдим ва бу ерда 1975 йилгача ўйнадим.

«Пахтакор-79» таркибида бўлишим мумкин эди...»

- 1975 йилда шартномамни якунига етказаётганимда менда 5та таклиф бор эди: 3таси Россиядан, биттаси Қозоғистондан ва яна бири Фарғонадан. Фарғонага бордим, шаҳар менга жуда ҳам ёқиб қолди. Эсимда, икки томони баланд чинорлар билан қопланган кўчада кетяпмиз – чинорлар салқин тоннелдек. Қандай ажойиб шаҳар, дедим ўзимга ўзим. Бундай яшил тоннелни умримда кўрмагандим. Бундан ташқари, боришим билан 2 хонали уй беришларини айтишди. Совет вақтида бу жуда катта нарса эди. Ажойиб ўлка, ажойиб одамлар, такрорланмас палов – шу бўйи қолиб кетдим.

1979 йилда Идгай Тазиддинов мени «Пахтакор»га таклиф қилди. У пайтда мен ёқтирган қиз 15 ёшда эди. Уни яна 3 йил кутишга тайёр эдим. У билан гаплашдим:

- Менга турмушга чиқасанми? Агар ҳа десанг, мен шу ерда қоламан. Акс ҳолда, Тошкентга кетаман. Мени «Пахтакор»га чақиришяпти. Пойтахтдан 3 хоналик квартира ва Жигули беришмоқчи, - дедим.

У кетмаслигимни, менга турмушга чиқишини айтди ва мен қолдим. Шу воқеа менинг ҳаётимни сақлаб қолган. Чунки, кўп ўтмай «Пахтакор» авиаҳалокатга учради. Тасаввур қиляпсизми, мен ўша жамоада бўлишим мумкин эди, ахир. Мен ҳар йили ҳалок бўлган йигитларни хотирлаб, қабристонга бораман. Охиратлари обод бўлсин.

1979 йилнинг ноябрида турмуш қурдик. Тўйим қаерда бўлган деб ўйлайсиз? «Нефтчи» қароргоҳи ошхонасида!

«Нефтчи» бош мураббийига айлангани ва чемпионлик йиллари

- 1986 йил ноябрида «Нефтчи»га келдим ва мени бош мураббий сифатида таништиришди. Раҳбарият олдимга 1-ўринни асосий вазифа этиб белгилади. Менгача 1962 йилдан 1985 йилгача жамоада 18 нафар мураббий ишлаган ва атиги 2 марта 1-ўринни олган. 1981 йилдаги чемпионликда мен 28та гол уриб, тўпурарга айлангандим. 1983 йилдаги чемпионликда ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб боргандим.

- Яхши, лекин менинг ишимга ҳеч ким аралашмайди. Кимни олиб келаман, кимни кетказаман, кимни майдонга тушираман, кимга мукофот бераман, кимни жазолайман — барчасини ўзим ҳал қиламан. Мавсум якунлангач, чемпионликни олиб бера олмасам, хайрлашамиз, - дедим.

Улар бунга рози бўлишди ва худди шу тартибда ишлашни бошлайверишимни айтишди. Жамоани йиғдим.

- Эртага соат 12:00да сизларга янги мавсум режасини тақдим қиламан. Барча ўз вақтида келиши керак.

Эртасига 12:00да эшикларни қулфлаб, телевизорни ёқдим ва футболчиларга йиллик режани намойиш қила бошладим. 7 дақиқадан кейин эшик тақиллаяпти. Жамоанинг 3-4 тажрибали футболчилари кеч қолишганди. Мен уларга халақит бермасликларини айтдим ва уларни жамоадан четлатдим. Улар обком секретарига арз қилишибди. Кечқурун қабулга бордим.

- Юрий Вазгенович, ишни нимадан бошладингиз?

- Тартиб-интизомни йўлга қўйишдан. Сизлар менинг олдимга 1-ўринни вазифа қилиб қўйдингиз, тўғрими? Энди ишимга аралашманг!

- Яхши, ишлашда давом этинг, - деди раҳбар.

Менга ишонмаганлар кўп эди. 1987 йилни 1-ўринни олдик – тасодиф дейишди. 1988 йилда ҳам чемпион бўлдик – бўлиши мумкин эмас, дейишди. 1989-1990 йилларда ҳам ғалаба қозондик. Шундан сўнг СССР Олий лигасига чиқдик. Бу ерда фақат пойтахт жамоалари ўйнарди. Вазифамиз 18-ўрин эди. Сабаби, бундан кейинги 4та клуб пастки дивизионга тушириб юбориларди. Биз эса 7-ўринни эгалладик.

«4 марта чемпион бўлганимдан кейин Тошкентда йиғилиш бўлди: нима Саркисян учун туздикми чемпионатни, дейишди»

- Кўп ўтмай, Ўзбекистон чемпионати бошланди. Биз 1992, 1993, 1994, 1995 йилда чемпион бўлдик. Кейин Тошкентда йиғилиш бўлди: нима Саркисян учун туздикми чемпионатни, дейишди. 1996 йилда «Навбаҳор» чемпион бўлди, биз 2-ўринда. 1997 йилда МҲСК ғалаба қозонди, биз яна иккинчи. 1998 йилда «Пахтакор», 1999 йилда эса «Дўстлик» чемпион, биз 2-ўринлигимизча қолдик. 2001 йилда яна чемпионлик шоҳсупасига қайтдик. Шундан кейин яна 2-ўринлар серияси. Менга шунчаки чемпионликни беришни хоҳлашмаган. 1994 йилда биз чемпионатни мағлубиятсиз тугатгандик, кубокни ҳам ютганмиз. Менга шахсан президент Ислом Каримов табрик йўллаган ва ёрдамчисидан фахрий ёрлиқ бериб юборган. 1997 йилда 50 йиллик юбилейимда Ички ишлар вазири ва Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари Зокиржон Алматов Фарғонага келиб, ўйиндан олдин одамлар билан лиқ тўла стадионда менга «Дўстлик» орденини топширди. 60 йиллик юбилейимда эса Шавкат Мирзиёев «Меҳнат шуҳрати» орденини кўксимга тақиб қўйди. Ҳаммасида бирдек эътироф – ёш авлодни соғлом ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялагани учун!

«Тошкентга келиб, маошлардан эсим оғиб қолай деди – «Нефтчи»да 27 йил текинга ишлаган эканман-да, деб юбордим»

- Биласизми, 27 йил мураббийлик фаолиятим давомида футболчиларни сотиб олишга 1 сўм ҳам сарфламаганман. Энг кичик бюджет сарфлайдиган клуб биз бўлганмиз. Фарғонадаги охирги мавсумимда футболчиларим 8 миллион сўм, мен эса бош мураббий сифатида 10 миллион маош олардим. 2013 йил Тошкентга келиб, бу ердаги маошлардан эсим оғиб қолай деди – «Нефтчи»да 27 йил текинга ишлаган эканман-да, деб юбордим. Лекин виждоним тоза!

«Бунёдкор»дан алоқага чиқиб, ўйинни беришимни сўрашганди»

- 2008 йилда «Нефтчи» билан 3-ўринни олдик. Фаолиятимдаги ягона 3-ўрин. Мавсумнинг охирги икки турида биз аввал «Пахтакор», кейин эса «Бунёдкор»ни қабул қилишимиз керак эди. «Пахтакор»ни 1:0 ютдик. Шундан сўнг, «Бунёдкор»дан алоқага чиқишди. Чемпионатни мағлубиятсиз якунламоқчи эканликларини ва ўйинни беришимни сўрашди.

«Нималар деяпсиз? Сизларда бразилияликлар, Ривалдо ўйнайди, мен ҳеч қачон бундай ишларга аралашмайман», дедим. Биз ўша ўйинда уларни 2:1 ҳисобида енгиб, мағлубиятсиз мавсум ўтказишларига йўл қўймагандик.

«1:8 ҳисобдаги мағлубиятни футболчиларнинг ўзлари уюштирган экан...»

- Япониядан учралган 1:8 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, миллий жамоада ҳеч қачон ишламасликка сўз бердим. Чунки, одамлар ўз ватанини сотганини кўрдим.

Футболчиларнинг ўзлари шуни уюштиришган экан. Кейин менга Мираброр Зуфарович (Усмонов, ўша пайтдаги ЎФА президенти) «Нефтчи»даги ишни тўхтатиб, миллий жамоани бошқаришимни айтди. Лекин мен ўзимга ҳеч қачон миллий жамоани бошқармасликка ваъда бериб бўлгандим. Қандай қилиб одам иш, лавозим учун ватанини сотиши мумкин.

«Фергюсон ҳам кетди, сиз ҳалиям шу ердасиз, ноқулай эмасми?», дерди ҳоким...»

- «Нефтчи»дан кетиш сабабларимни айта олмайман. Ўзимга ортиқча душман орттиришни хоҳламайман. Нега кетганим ҳақида мендан кўп сўрашади (кулиб). Доим айтаман – мен Фергюсон билан бир вақтда 1986 йилнинг ноябрида клубга келдим. Мен кетган йили у ҳам кетди – 1 майда «Манчестер Юнайтед»ни тарк этди. «Фергюсон ҳам кетди, сиз ҳалиям шу ердасиз, ноқулай эмасми?», дерди ҳоким (Шуҳрат Ғаниев, ўша пайтдаги Фарғона вилояти ҳокими). Ва мен ҳам кетишга мажбур бўлдим. Кейинчалик бошқа клубда бош мураббий бўлиб ишлашни хоҳламадим.

«Истиқлол»га таклиф қилишди – бормадим. Ахир «Нефтчи»га қарши қандай ўйнайман? «Нефтчи» менга футболдаги барча бахтни тақдим эта олди. Унга қарши бора олмайман. «Нефтчи»дан қайта таклифлар ҳам бўлди, лекин қайтмадим. Ўтган ишлар ортда қолди, биз фақат олдинга қараб интиламиз, – дейди Юрий Вазгенович Tribuna.uz сайтига берган интервьюсида.

Интервью давомида Юрий Саркисян Валерий Лобановский билан танишуви, ундан ўрганганлари, оиласи, одамларнинг гап-сўзлари туфайли ўғлини футболдан ажратиб олгани, ёш футболчиларни қай тахлит кашф қилиши ва яна бошқа мавзуларда гапириб берди. Видео суҳбатни YouTube’даги саҳифамизда томоша қилинг.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар