Эрматов Катанец билан миллий жамоанинг 2022 йилги режаларини муҳокама қилди
Пайшанба, 18 Ноябр
5471
Фото: ЎФА

ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов миллий жамоа мураббийлар штаби билан учрашди. 

ЎФА хабарига кўра, дастлаб миллий жамоа бош мураббийи Сречко Катанец Грузияда ўтган йиғин натижалари ҳамда Ўзбекистондаги фаолиятининг дастлабки қисми борасида ҳисобот тақдим этди. 

Шундан сўнг миллий жамоанинг кейинги йилги режалари муҳокама этилди. Хусусан, словениялик мутахассис тайёргарликни январь ойидан бошлаши ва мавсум оралиғида бир неча назорат учрашув ўтказишни режа қилаётганини маълум қилган. 

«Ўз навбатида Равшан Эрматов кучли рақибларга қарши ўртоқлик учрашувлари амалиётини давом эттириш борасида ЎФA томонидан барча ишлар қилиниши, юртимизда умидли, истеъдодли футболчилар кўплигини инобатга олган ҳолда, селекция ишларини доимий тарзда амалга ошириш зарурлиги, айниқса ёшларга эътиборни ошириш ва барча футболчилар миллий жамоада ўйнаш учун бир хил имкониятга эга бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди», - дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, миллий жамоанинг 2022 йилдаги тўлиқ тақвими, ўйинларнинг эҳтимолий саналари, йиғин кунлари батафсил ишлаб чиқилди. Шунингдек, бугунги кун талабидан келиб чиқиб, футболчиларнинг тиббий текширувларини янада чуқурлаштирилган тартибда ўтказишга келишилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси Катанец бошқарувида ўтган 4та ўртоқлик ўйинида 3 мағлубият (Швеция 1:2, Иордания 0:3, Грузия 0:1) ва битта ғалаба (Малайзия 5:1) қайд этди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар