«Рома»даги асосий мақсад, Моуриньонинг бошқалардан фарқи, «Пахтакор»га ўтмагани, Бабаян, Купер, Абрамов ва Катанец даври таққоси – Шомуродов билан интервью
Сешанба, 16 Ноябр
6062
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Тошкентдаги йиғиндан кейин «Спорт» телеканалига берган интервьюсида ўз вақтида «Пахтакор» ва «Насаф»га ўтмагани, миллий жамоадаги мураббийлар даври, Италиядаги фаолияти, «Рома» бош мураббийи Жозе Моуриньонинг ўзига хос жиҳатлари ва Абраҳам билан рақобат ҳақида гапириб ўтди.

«Пахтакор» ва «Насаф»га ўтмагани ҳамда агентлари ҳақида

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси суҳбат аввалида дастлаб «Машъал»дан нега айнан «Бунёдкор»га ўтганини тушунтириб, агентлари ҳақида ҳам илиқ сўзларни айтди. Элдор Шомуродов 2014 йилги мавсум олдидан «Машъал»дан «Бунёдкор» сафига ўтганди. Ўшанда Тошкент клуби Шомуродов ва Отабек Шукуров учун Муборак клубига жами 300 миллион сўм трансфер пули тўлаган.

- Чиндан ҳам «Пахтакор» ва «Насаф»дан ҳам қизиқиш ва таклиф бўлган. Аммо ўшанда «Бунёдкор»га Сергей Лушчан сабабли ўтганман. Бу мураббий билан ёшлар жамоасида қисқа вақт ишлаб, қандай мураббий эканлигини яхши билганман. Шу боис Сергей Иванович бошқараётган «Бунёдкор»га ўтгандим. Чунки бу мураббийга ишонганман.

Агентларим билан қачондан иш бошлаганман? «Ростов»га кўчиб ўтишимдан бир йил аввал иш бошлаганман. Худога шукурки, бу борада омадим келган, деб айта оламан. Тўғрисини айтсам, агентларимга ўзимга ишонгандек ишонаман. Чунки улар билан бошидан келажагим ҳақида режалар тузиб, ҳозирги даражамгача етиб келдим. 

«Бабаян даврида ЖЧга жуда яқин келганмиз. Абрамов даврида таркиб алмашиб кетганди»

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси бош жамоамизни бошқарган мураббийлар даврини таққослаб, Бабаян даврида мундиалга яқин келганимиз, Куперга омад етишмагани, Абрамов даврига келиб аксарият тажрибали ўйинчилар миллий жамоани тарк этиб улгургани натижага таъсир қилгани, Катанецга эса вақт кераклиги ҳақида гапирди.

- Миллий жамоада фаолиятимни бошлаган даврга тўғри келган Самвел Бабаян бошқарувида Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқишга жуда яқин келганди. Шу жиҳатдан айта оламанки, ўшанда яхши натижаларга эришганмиз, фақат охирида нимадир етишмаган ва мундиалга чиқа олмагандик.

Эктор Купер келгач, 2019 йил Осиё кубогида иштирок этдик, аммо Австралияга қарши чоракфинал баҳсида пенальтилар сериясида мағлуб бўлдик. Ўшанда омад кулиб боққанида биз узоқроққа борардик.

Вадим Абрамов даврида жуда кўп нарса алмашиб кетганди. Масалан, Бабаян ва Купер даврида тўп сурган кўпгина футболчилар аллақачон алмашган ва бунинг натижасида жамоавий ўйинимиз йўқолиб қолганди. Оқибатда жамоа кучсизланганди.

Абрамовнинг иккинчи марта миллий жамоага келиши хатомиди? Агар 3-саралаш босқичига чиқа олганимизда ҳеч ким бундай демаган бўларди. Пандемиянинг ҳам таъсири бўлди, дейиш мумкин. Чунки кўп нарса ўзгариб кетди.

Катанец ҳақида гапирадиган бўлсам, бу мураббийнинг машғулотлари Европадаги мураббийларнинг кўрсатмаларига жуда ўхшайди. Машғулотлари интенсив ва қизиқ ўтади. Аммо ҳозирда миллий жамоа деярли янгиланаётгани боис бу мутахассисга ҳам вақт керак бўлади. 

Миллий жамоадаги ўрни ва ҳужумдаги рақобат ҳақида

27 ёшли ҳужумчи интервью давомида миллий жамоадаги ўрни ва ҳужумдаги рақобат ҳақида ҳам фикр билдирди.

- Миллий жамоада барча учун талаб бир хил бўлади. Бу ерда таркиб доим алмашиб туради, ҳеч кимни алоҳида кўрсатиб бўлмайди. Масалан, эртага мен ҳам алмашишим мумкин. Мураббий ҳужум чизиғидан кўнглим тўқ, ҳимоя ҳақида ташвишдаман дейиши мумкин, аммо мен бундай дея олмайман. Чунки биз бир оиламиз. Натижа учун барча жавобгар.

Миллий жамоада ҳам рақобатни сезяпман. Игорь Сергеев яхши спорт формасида, ёшлардан мана Ҳусайн Норчаев ўтган йиғинларда ҳам қатнашиб, ўзини яхши кўрсата олди. Рақобат ҳар доим бўлган.

Рамзий жамоасидан фақат Игнатий Нестеров ўрин олди

Элдор Шомуродовдан миллий жамоада тўп сурган энг яхши футболчилар орасидан рамзий жамоа тузиш сўралганда, ҳужумчи бу борада ҳали ўйлаб кўрмаганини айтиб, фақат бир футболчи номини киритиб, қолганларни айтишни истамади.

- Рамзий жамоани тузишим қийин. Чунки бу ҳақда ўйлаб кўрганим йўқ. Ҳозирча фақат дарвоза чизиғига Игнатий Нестеровни қўяман. Марказий ҳимоячилар? Билмадим, бу ҳақда кейинги интервьюларгача ўйлаб кўрарман. 

Абраҳам билан рақобат ва «Рома»да ўтказган энг яхши ўйини ҳақида

Элдор суҳбат давомида «Рома» ҳужум чизиғидаги рақобатчиси Тэмми Абраҳам ва клуби сафида ҳозиргача ўзига ёққан ўйини қайси эканини ҳам айтди.

- Тэмми Абраҳам ажойиб ҳужумчи. У «Рома»га келгунга қадар ҳам «Челси» сафида яхши тажриба тўплаган ва ёш бўлишига қарамай ўзини кўрсатганди. Тэмми билан машғулотларда ҳам келишиб, биргаликда ҳаракат қиламиз.

«Венеция»га қарши ўйинда асосий таркибда биргаликда ҳаракат қилганимизни кутилмаганда рўй берди, демаган бўлардим. Мураббийнинг ҳар бир ўйин учун ўз режаси бўлади ва ўша ўйинда бирга тандем бўлганимиз режаларнинг бир қисми деб ўйлайман.

Рақобатчим билан тандемда ҳаракат қилиб ўзимни яхши ҳис қилдим, дея оламан. Умуман олганда, жамоада бирга ҳаракат қиламизми ёки йўқ, бу борадаги рақобат ҳақида ўйламаймиз. Чунки умумий мақсадимиз бир – соврин ютиш. Шу боис бу масалада эгоистликни бир четга суриб, жамоа фойдасини ўйлайсиз.

«Рома» сафидаги қайси ўйинда ўзимни жуда яхши ҳис қилдим? Бу Конференциялар лигаси 1-тури доирасидаги баҳс эди («Рома» - ЦСКА София – 5:1). Ўшанда йирик ҳисобда ғалаба қозонгандик. 

Моуриньонинг бошқа мураббийлардан фарқи ҳақида

«Рома» ҳужумчиси жамоа устози Жозе Моуриньонинг бошқа мураббийлардан ажралиб турувчи жиҳатлари ҳақида ҳам тўхталди.

- Энг аввало, Моуриньонинг характери бошқа мураббийлардан умуман фарқ қилади. Жуда ҳиссиётга берилувчан, ўйин пайтида ҳам керакли вақтда «ёрилиши» мумкин. Бу жиҳатдан ҳам ўзгача мураббий. Қолаверса, жуда кучли тактик деган бўлардим. Жозе билан кўп эмас, аммо иш жараёнида гаплашиб тураман.

«Асосий мақсад – А Серияда тўртликка кириш ва ЕЧЛга йўлланма олиш»

Элдор Шомуродов римликлар сафидаги жорий мавсумдаги асосий мақсади ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

- Бу мавсумдаги асосий мақсад – «Рома» билан А Серияда кучли тўрталикдан жой олиш ва Чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритишдир. Бу борада яхши имкониятларга эгамиз. Буни Моуриньонинг ўзи ҳам айтиб ўтганди.

Блиц-саволларга Элдор Шомуродовнинг жавоби:

- Спагеттими ёки ош?

- Ош.

- Ростовми ёки Генуя шаҳри?

- Генуя.

- Муборак ёки Жарқўрғон?

- Жарқўрғон.

- «Рома» ёки «Челси»?

- «Рома».

- Торрес ёки Дрогба?

- Дрогба.

- 1-бўлим ёки 2-тайм?

- Биринчи.

- 3та ассист ёки битта гол?

- Битта гол.

- Кино ёки китоб?

- Кўпроқ кино кўраман.

- Ижтимоий тармоқлар ёки уйқу?

- Уйқу.

- Ҳет-трик, аммо мағлубият ёки голсиз ўйин ва жамоа ғалабаси?

- Жамоа ғалабаси.

- Валерий Карпин ёки Жозе Моуриньо?

- Иккаласини ҳам танласам…

- Мураббий сифатида кимни танлайсиз – Абраҳам ёки Шомуродов?

- Шомуродов. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар