Шомуродов Абраҳам билан рақобат ва «Рома»даги энг яхши ўйини ҳақида
Душанба, 15 Ноябр
8293
Фото: Getty Images

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Тошкентдаги йиғиндан кейин «Спорт» телеканалига берган интервьюсида «Рома» ҳужум чизиғидаги рақобатчиси Тэмми Абраҳам ва клуби сафида ҳозиргача ўзига ёққан ўйини қайси эканини айтди.

«Тэмми Абраҳам ажойиб ҳужумчи. У «Рома»га келгунга қадар ҳам «Челси» сафида яхши тажриба тўплаган ва ёш бўлишига қарамай ўзини кўрсатганди. Тэмми билан машғулотларда ҳам келишиб, биргаликда ҳаракат қиламиз. 

«Венеция»га қарши ўйинда асосий таркибда биргаликда ҳаракат қилганимизни кутилмаганда рўй берди, демаган бўлардим. Мураббийнинг ҳар бир ўйин учун ўз режаси бўлади ва ўша ўйинда бирга тандем бўлганимиз режаларнинг бир қисми деб ўйлайман.

Рақобатчим билан тандемда ҳаракат қилиб ўзимни яхши ҳис қилдим, дейишим мумкин. Умуман олганда, жамоада бирга ҳаракат қиламизми ёки йўқ, бу борада рақобат ҳақида ўйламаймиз. Чунки умумий мақсадимиз битта – соврин ютиш. Шу боис бу масалада эгоистликни бир четга суриб, жамоа фойдасини ўйлайсиз.

«Рома» сафидаги қайси ўйинда ўзимни жуда яхши ҳис қилдим? Бу Конференциялар лигаси 1-тури доирасидаги баҳс эди. Ўшанда йирик ҳисобда ғалаба қозонгандик», - дейди Шомуродов.

Эслатиб ўтамиз, «Рома» Конференциялар лигаси 1-тури доирасида Римда ЦСКА София клуби устидан 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган, баҳсда Элдор иккита ассистга муаллифлик қилганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар