Суперлига ва Про лига клубларининг йиллик сметаси 2022 йилдан бошлаб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан маслаҳатлашган ҳолда тузилади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Профессионал футбол клубларига ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишини мониторинг қилиш, клубларнинг аввало инфратузилма ва академияни ривожлантиришга пул йўналтиришини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 30-апрелдаги «Футбол клублари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 261-сонли қарорига мувофиқ профессионал футбол клубларининг йиллик харажатлар сметаси ЎФA билан келишилган ҳолда тасдиқланиши белгиланган», - дея ёзади ЎФА расмий сайти.
Қайд этилишича, йиллик харажатлар сметаси асосида молиявий маблағларни ажратилишида, биринчи навбатда, футбол клублари инфратузилмасини янада ривожлантиришга, хусусан, стадион ва майдон парваришига, болалар-ўсмирлар футбол академиясини ҳамда ўқув-машғулот қароргоҳини ташкил қилиниши, аёллар ва футзал жамоалари, шунингдек, турли ёш тоифасидаги жамоаларнинг мусобақалардаги иштирокини самарали ташкил этилишига эътибор қаратилиши устувор мақсад бўлади.
«Шу аснода Суперлига ҳамда Про лигада иштирок этадиган ҳар бир футбол клуби 2022 йилги харажатлар сметаси лойиҳасини ҳозирдан ишлаб чиқмоқда ва ЎФAга келишиш учун тақдим этмоқда. ЎФA ва ЎзПФЛ вакилларидан ташкил этилган махсус комиссия клубнинг харажатлар сметаси лойиҳасига инфратузилма (стадион майсаси, прожектор, кийиниш хоналари ва ҳ.к.), академия (ўқув-машғулот бинолари мавжудлиги ва ҳ.к.), аёллар ва ёшлар таркиблари (спорт либослари билан таъминланиши, овқатланиш, машғулот майдонлари мавжудлиги ва ҳ.к.) харажатлари киритилгани бўйича ўз таклиф ва тавсияларини бермоқда.
Шу йўсинда аксарият клубларда анча пайтдан буён ечим топмай келаётган жиддий муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш кўзда тутилмоқда», - дейилади ЎФА хабарида.
Эслатиб ўтамиз, «Пахтакор» клуби йил бошида SFI Management Group ҳомийлигидан Тошкент шаҳар ҳокимияти тасарруфига қайтарилгач, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ташаббуси билан ўзбек футболида илк марта «Пахтакор» клуби футболчилари ва мураббийлари маоши расман эълон қилинганди. Унга кўра, жамоа собиқ ҳужумчиси Эрен Дердийўқ йиллик 1,3 миллион евро маош олгани, бош мураббий Питер Ҳюистранинг йиллик маоши 350 минг евро, бош директор Дмитрий Адисманнинг йиллик маоши 588 миллион сўмни ташкил этиши ойдинлашганди. Шунингдек, Ортиқхўжаев «Пахтакор» клуби олдида аввалги ҳомийдан қолган 22 миллиард сўм қарздорлик ҳам ёпилгани ҳақида маълум қилганди.