Про лигада «Нефтчи» ва «Динамо» жамоаси уч тур аввал Суперлига йўлланмасини ҳал қилгач, турнирда фақат битта интрига қолганди – 3-ўрин учун кураш. Сўнгги 24-турда ушбу ўрин эгаси маълум бўлади.
Шанба ва якшанба куни ўтказилган Про лига 23-тури доирасидаги «Олимпик» - «Динамо» (2:1) ва «Нефтчи» - «Нурафшон» (1:1) баҳсидан кейин «Олимпик» сингари «Нурафшон» ҳам назарий жиҳатдан ўтиш ўйинига йўлланма олиш имкониятини сақлаб қолди.
Тошкент ва Бухоро клублари ўртасидаги ҳал қилувчи баҳс «Нурафшон» уй стадиони саналмиш Ғиждувонда ўтади. 21 ноябрь кунги ушбу тўқнашув Самарқандда ўтадиган «Динамо» - «Нефтчи» ўйинидан муҳимроқ аҳамият касб этган.
Қайд этиш жоиз, сўнгги ўйин олдидан Темур Кападзе шогирдлари 31 очко билан 3-ўринда қолиш учун яхши имкониятга эга, Мирислом Ҳасанов мураббийлигидаги бухороликларни эса фақат ўта йирик ҳисобдаги ғалаба ўтиш ўйинида иштирок этишларини таъминлаши мумкин.
Шу ўринда Про лигада икки жамоанинг очкоси бир хил бўлиб қолса, ПФЛ регламенти 23-бобидаги «Мусобақа ғолибларини аниқлаш» бандида бу борада нима дейилганига назар ташласак:
23.2. Иккита ва ундан кўп жамоалар тўплаган очколар тенг бўлиб қолса, жамоаларнинг ўрни қуйидагича аниқланади:
- ўзаро учрашув(лар) натижасига кўра (олинган очколар, урилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи, урилган тўплар, рақиб майдонида урилган тўплар нисбати);
- юзма-юз учрашув(лар)да техник мағлубиятга учраган жамоа(лар) энг қуйи ўринни эгаллайди;
- барча учрашувларда урилган ва ўтказиб юборилган тўплар нисбатига кўра;
- барча учрашувларда киритилган голлар сонига кўра;
- барча учрашувларда эришилган ғалабалар сонига кўра;
- сафар ўйинларида эришилган ғалабалар сонига кўра;
- барча учрашувларда рақиблар майдонида урилган тўпларнинг сонига кўра;
Демак, «Нурафшон» - «Олимпик» ўйинида дуранг натижа ёки кичик ҳисобли мағлубият ҳам «Олимпик»ни ўтиш ўйинида иштирок этишига тўсқинлик қила олмайди. «Нурафшон» Суперлигага ўтиш баҳсида майдонга тушиши учун эса бухороликлар 5:0 ва ундан каттароқ ҳисобларда зафар қучишлари шарт. Сабаби, икки жамоа ўртасидаги ўзаро ўйинлардаги устунлик «Олимпик» қўлида – 3 ўйинда 2 ғалаба ва 1 мағлубият. Тўплар нисбати – 6:2, Тошкент клуби фойдасига.
Жорий мавсумдаги ўзаро ўйинлар:
6 апрель. «Олимпик» - «Нурафшон» - 0:2
19 июнь. «Нурафшон» - «Олимпик» - 0:1
13 октябрь. «Олимпик» - «Нурафшон» - 5:0
21 ноябрь. «Нурафшон» - «Олимпик».
Шундай экан, 21 ноябрь куни Ғиждувонда ўтадиган «Нурафшон» - «Олимпик» баҳси олдидан Темур Кападзе шогирдлари 3-ўринда қолиш учун ажойиб имкониятга эга. Бухороликлар ушбу баҳсда Тошкентдаги 0:5 ҳисобидаги мағлубият учун реванш олиб, рақибдан 5та тўп фарқида устун кела олишса, ўзаро ўйинлардаги натижа эвазига 3-ўринни қўлга киритиб, Суперлигада 12-ўринни эгаллайдиган жамоага қарши ўтиш баҳсида майдонга тушиши мумкин. Акс ҳолда Бухоро вилоятининг бош клуби 2022 йилни ҳам қуйи лигада ўтказади.
Усмон Ибодов