Жасур Яхшибоев миллий жамоа қароргоҳини тарк этди
Пайшанба, 11 Ноябр
25490
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон миллий жамоасининг Тошкентдаги йиғинига келиб қўшилган Жасур Яхшибоев Сречко Катанец қўл остидаги бир кунлик машғулотлардан кейин миллий жамоа қароргоҳини тарк этди.

Tribuna.uz манбаси хабарига кўра, «Шериф» клуби ҳужумчиси 10 ноябрь куни Катанец мураббийлигида машғулотларда иштирок этгач, бугун, 11 ноябрь куни эрталаб миллий жамоа ихтиёрини тарк этган. Ҳужумчининг миллий жамоа йиғинини тарк этиши жароҳат билан боғлиқми ёки бошқа сабабми – номаълум.

ЎФА матбуот хизмати хабарига кўра, Яхшибоев жароҳати сабабли ўзини ноқулай ҳис қилган.

«Жасурбек Яхшибоев миллий жамоа машғулотларига келиб қўшилган эди. У йиғинга эски жароҳати билан келган ва ўзини ноқулай ҳис қилган. Текширувлар натижасига кўра, унинг Грузияга қарши учрашувни ўтказиб юбориши маълум бўлди», - дейилади ЎФА хабарида.

Жасур Яхшибоев Катанец қўл остидаги октябрь ойида Иорданияда ўтказилган йиғинга ҳам келмаганди. Ўшанда футболчининг «Шериф» клуби сафида олган жароҳати бунга сабаб бўлгани ҳақида айтилган. Сентябрь ойида Швецияда ўтган дастлабки йиғинда эса Яхшибоев чақирув олмаганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси дастлаб Тошкентда, кейинчалик эса Грузия пойтахти Тбилисида ўқув-машғулот йиғини ўтказади. Хориждаги йиғин доирасида 15 ноябрь куни Грузияга қарши ўртоқлик ўйини белгиланган. Учрашув Тбилисидаги «Борис Паичадзе» стадионида соат 19:00да бошланиши режалаштирилган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар