«ОФК кубоги финалини олдин ҳам ютганмиз, тажрибамиз бор». «Aл-Муҳаррақ» бош мураббийи финал, «Насаф» ва ўзбек футболи ҳақида
Пайшанба, 04 Ноябр
8692
Фото: ПФЛ

ОФК Кубоги-2021 финал учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда «Aл-Муҳаррақ» жамоаси устози Исо Саъдун Aл Ҳамдони ва жамоа етакчиларидан бири Ҳамза Aл Жубан иштирок этишди. 

«Биз финал ўйинига жиддий ҳозирлик кўрдик. Ушбу мусобақада олдин ҳам ғолиб чиққанмиз. Бу борада тажрибамиз бор. Энди олдинда «Насаф» клубига қарши жиддий учрашув кутиб турибди. Лекин биз ижобий натижага умид қиляпмиз. 

«Муҳаррақ» Ўзбекистон клубларига қарши ҳали ўйнамаган. Бу галги учрашув биз учун янги тажриба бўлади. Лекин биламиз, Ўзбекистон чемпионати кучли, клублар ҳам анча савияли. Қолаверса, ўзбекистонлик футболчилар Европада ҳам ўйнай бошлашди. Яқинда Италия чемпионатида ўзбек футболчиси ўйинини кузатдим. Умуман олганда, ўзбек клубига қарши ўйин осон ўтмаслиги аниқ. 

Рақибни яхши ўрганишга уриндик. Таркибида анча маҳоратли ўйинчилар бор эканини биламиз. Қолаверса, «Насаф»нинг етакчи ҳимоячиларидан бири учун мавсум жароҳат сабаб аллақачон якунланганидан ҳам хабаримиз бор», - дейди Исо Ал Ҳамдони.

«Жамоамиз финалга 100 фоиз тайёр. Ўзбекистон жамоалари ҳамиша мазмунли ўйин намойиш этишади, буни жуда яхши биламиз. Лекин мақсадимиз – ғалаба қозониш. Бунинг учун бор маҳоратимизни ишга соламиз», - дейди Ҳамза «Ал-Муҳаррақ» футболчиси Aл Жубан. 

Маълумот учун, Баҳрайнда ўтадиган «Ал-Муҳаррақ» - «Насаф» финал баҳси 5 ноябрь, жума куни соат 21:00 бошланади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар