Жалолиддинов ва Эркинов натижа қилди, дарвозабонда хатоли дубл. Ўзбекистон – Саудия ўйинидан фоторепортаж
Чоршанба, 27 Октябр
3696
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон ёшлар жамоаси 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралашидан ўрин олган илк ўйинда Саудия Арабистони жамоаси билан ўйнади ва 2:2 ҳисобида дуранг натижа қайд этди.

Тошкентда ўтаётган саралаш амалда Кападзе жамоаси учун кераксиз, чунки финал босқичи ҳам Ўзбекистонда ўтажак мусобақада ёшлар жамоаси мезбон сифатида иштирок этади. Аммо бу ҳал қилувчи ўйинлар олдидан яхшигина синов экани инобатга олинса, аҳамиятсиз ўйин эмасди.

Кападзе жамоасига қарши Саудия ҳам асосий таркиб билан ўйнамади, чунки бу ўйин натижаси барибир инобатга олинмайди. Шу сабаб ўйин тенг кучлар билан ўтди. Саудиянинг биринчи голи футбол ҳақида роликларда айланадиган ҳолатда киритилди. Йўқ, ҳужумчи феноменал ҳаракат намойиш этмади, шунчаки Ўзбекистон дарвозабони Владимир Назаров секин келаётган тўпни оёқлари орасидан ўтказиб юборди.

Очиғи, Про-Лига ўйинларида ҳам ишончли ўйинлари билан ёдда қолмаган ва жуда кўп гол ўтказиб юборган бу посбон нега ёшлар жамоасига чақирилгани тушунарсиз. Иккинчи голни Назаров яқин бурчакдн ўтказиб юборди. Яқин бурчакка Месси гол урса ҳам, айбдор дарвозабон бўлиб қолаверади. Қолаверса, Назаров дарвозанинг ярмини бўш қолдирганди ўша вазиятда.

Ўзбекистоннинг иккита голини эса Суперлига юлдузлари ташкил этди. Аввалига Ҳожимат Эркинов ўнг қанотда кириб бориб, супер узатмани амалга оширди ва ўйиннинг энг яхши футболчиларидан бўлган Отабек Жўрақўзиев гол урди. Иккинчи голда «Нефтчи» футболчиси Улуғбек Ҳошимов захирадан майдонга тушганига 5 дақиқа ўтиб, пенальти ишлади. Стандартни эса Жасур Жалолиддинов чиройли тарзда голга айлантирди.

Шу тариқа Ўзбекистон амалда аҳамиятсиз, лекин принципиал ўйинда Саудия билан дуранг ўйнади. Tribuna.uz фотомухбири ўйинни стадиондан кузатди ва қуйида ўйиндан тайёрланган фоторепортажни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Сурат муаллифлари – Муҳиддин Қурбонов, Азимжон Воҳидов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар