ОФК Осиё чемпионати-U23 саралашида порлаши мумкин бўлган 8 футболчини саралади. Улар орасида Ҳусайн Норчаев ҳам бор
Шанба, 23 Октябр
6814
Фото: Tribuna.uz

Бугун, 23 октябрдан Осиё қитъасида 2022 йил Ўзбекистонда ўтадиган 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш баҳсларига старт берилади. Қитъанинг 39та мамлакат жамоаси Ўзбекистонда ўтадиган финал босқич баҳсларининг 15та йўлланмаси учун кураш олиб боради. 

ОФК расмий сайти саралаш старти олдидан 11та гуруҳга бўлиниб йўлланма учун кураш олиб борадиган жамоалар орасидан турнирда порлаши кутилаётган 8 нафар футболчини саралади. Улар орасида «Насаф» ҳамда Ўзбекистон ёшлар жамоаси ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев ҳам бор. 

Ҳусайн Норчаев (Ўзбекистон)
«Насаф» ҳужумчиси 2021 йилги ОФК Кубогининг асосий қаҳрамонларидан бири ва тўпурари бўлиб турибди. 19 ёшли форвард мусобақанинг 6та ўйинида 7та гол уришга эришди ва тўпурарлар пойгасида яққол пешқадамга айланган. Ҳусайн ноябрда ўтадиган финалда «Насаф»нинг 10 йил аввал қўлга киритган ушбу совринни яна ўз уйига олиб кетишга ёрдам бериши мумкин.

19 ёшли форвард жарима майдони ичидаги ажойиб ҳаракатлари, тезлиги ва якуний зарбаси билан алоҳида ажралиб туради. Норчаев Суперлигада ҳам клубининг энг яхши тўпурари саналади», - дея ёзади ОФК расмий сайти футболчи ҳақида.

Шунингдек, ОФК расмий сайти порлаши кутилаётган ўйинчилар қаторига Холид Ал-Ғаннам (Саудия Арабистони), Юта Гоке (Япония), Нгуен Ван Тоан (Вьетнам), Али Солиҳ (БАА), Чои Жун (Ж.Корея), Амирали Содиқи (Эрон) ва Манучеҳр Сафаров (Тожикистон) сингари ўйинчиларни тилга олган.

Эслатиб ўтамиз, Темур Кападзе қўл остидаги Ўзбекистон U21 жамоаси саралашнинг «D» гуруҳида иштирок этиб, Саудия Арабистони, Бангладеш ва Кувайтга қарши ўйинда майдонга тушади. Ўйинлар Тошкентда ўтказилиб, 27 октябрдан 2 ноябрь кунигача ўтказилади.

Маълумот учун, ОФК сайтида ушбу номзодлар орасида ўтказилаётган сўровномада Ҳусайн Норчаев ҳозирча 3-ўринда бормоқда. Қуйидаги манзил орқали ОФК сайтига кириб, ўзбекистонлик ҳужумчига овоз бериш мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар