«Бу тизим ўзбек футболини ўлдиради» – Микаэль Секейра «Қўқон-1912» билан ўйиндан кейин ҳакамлик ҳақида кескин гапирди
Шанба, 23 Октябр
8977
Фото: Tribuna.uz

Тошкентнинг «Локомотив» клуби бош мураббийи португалиялик Микаэль Секейра Суперлига 23-туридан ўрин олган «Қўқон-1912» жамоасига қарши ўйиндан кейин ўзбек футболи ҳақида кескин гаплар айтди. Унинг фикрича, Ўзбекистон УЕФАга ўтмас экан футболини ривожлантира олмайди.

Матбуот анжуманининг аудиосини Tribuna.uz'га «Қўқон-1912» клубининг матбуот котиби Акрамжон Мамадалиев тақдим этди.

«Қийин ўйин бўлди. «Қўқон-1912» биринчи 20 дақиқада жуда қўпол ўйнади ва шунга яраша карточкалар олди. Ҳакам ҳам уларга қўпол ўйнаш имконини берди. Биринчи голни Бамба қўли билан урди. Иккинчи бўлимда услубни ўзгартирдик. Ҳисоб 2:1 бўлишидан аввал Диёр Туроповни жарима майдончасида кийимидан тортиб қолишди, лекин ҳакам бунга эътибор бермади.

Олдиндаги ўйинларда, албатта, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Аввало биз бугун мағлуб бўлмаслигимиз керак эди. Бу ҳакам билан учинчи марта тўқнашдик, ҳар сафар унинг хатолари бизни мағлубиятга олиб борди.

Мен Португалиядаги бутун фаолиятим давомида бунақа ҳакамликни кўрмаганман. Сизга бир гапни айтаман: ўзбек футболини ривожлантиришнинг битта йўли бор — УЕФАга ўтиш. Хўп, академиялар бор, лекин улар ҳал қилувчи омил эмас. Ўзбек футболи бу кетишда Осиёда давом этадиган бўлса, ҳеч нарсага эриша олмайди. Бу тизим билан ҳеч қачон Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқмайди. Такрорлайман, ҳеч қачон!

УЕФАга қўшилса, футболга бўлган муносабат, ҳакамлик, тизим яхшиланади. Агар Ўзбекистон УЕФАга қўшилмаса, футболининг келажаги йўқ. Мен кетсам, жуда хафа бўлиб кетаман. Насиб бўлса, бир ойдан кейин уйда бўламан. Бу тизим бўлса, бунақа ҳакамлик бўлса, кечирасиз, ҳеч нима бўлмайди.

Ачинарлиси, Ўзбекистонда яхши инсонлар, яхши футболчилар кўп, аммо бу тизим ўзбек футболини чўктиришда давом этади. Узр, мен тўғри гапни гапирдим», деб сўзини якунлади португалиялик мураббий.

Қўқонда ўтган ўйинда «Қўқон-1912» Тошкентнинг «Локомотив» клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Ўйинда қўқонликлар томонидан киритилган ҳар икки гол футбол мухлислари томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар