«Финал йўлланмаси билан бутун Ўзбекистонни табриклайман». Рўзиқул Бердиев «Ли Ман» мағлуб этилиши, Алиқуловнинг суяги сингани ва финалда кимни кутаётгани ҳақида
Чоршанба, 20 Октябр
12223
Фото: Tribuna.uz

ОФК кубоги яримфинали доирасидаги «Насаф» - «Ли Ман» (3:2) учрашувидан кейин Рўзиқул Бердиев журналистлар саволларига жавоб қайтарди. 

«Бугунги ажойиб ғалаба ва финал билан барча мухлисларимизни табриклайман. Бу биз учун жуда муҳим эди.

Ўйиндан олдин йигитларга рақибни ўйини бизга боғлиқ эканини айтгандим. Биринчи бўлимда уларга имконият бермадик ва ишончли ҳисобда ғалаба қозонаётгандик. Иккинчи бўлимда эса хатоларимиз туфайли уларда имконият пайдо бўлди ва ундан фойдаланишди. Кеча ҳам айтгандим, бу рақиб осон рақиб эмас. Уларни ҳурмат қилиш шарт.

Ҳусниддин Алиқуловнинг жароҳати? Ҳозиргина айтишди, Ҳусниддиннинг жароҳати жиддий, унинг суяги синган. У жароҳати сабабли сафдан чиқди. Энди унинг ўрнини ким билан тўлдиришни ўйлашимиз керак. Жамоамизда бугун хатолар кўп бўлди, аммо персонал хатолар ҳақида гапирмоқчи эмасман.

Қанот ҳимоячилари иккинчи бўлимда кам ҳужумга ўтишди? Йўқ, бу кўрсатма эмас. Рақиб танаффусгача услубимизни ўрганиб олгач, зоналарни ёпишга ва ҳужумкор ўйинчиларимизга кўпроқ эътибор қаратди. Шу боис Абдураимов ва Станоевич ўйинни кўпроқ ўзларига олишга интилишди.

Финалда кимни кутаман? «Ал Муҳаррақ» - «Кувайт СК» ўйинини ҳозир бориб томоша қиламиз. Очиғини айтсам, бунгача Кувайт клубини кўпроқ кузатгандик. Бу клуб турнирга катта эътибор қаратган, таркибида номдор ўйинчилар бор. Сардор Рашидов бу ўйинда бўладими ёки йўқ, барибир жамоа таркибида кучли ижрочилар талайгина. Финалга қайси жамоа чиқса, ўшанга қарши яхши тайёргарлик кўришига интиламиз», - дея «Насаф» бош мураббийи сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар