УЕФА Евро-2020 финалидаги тартибсизлик учун Англия миллий жамоасини жазолади 
Душанба, 18 Октябр
3172
Фото: EPA/ANDY RAIN

УЕФА Лондондаги «Уэмбли» стадионида кечган Евро-2020 финалида юз берган тартибсизликлар учун Англия миллий жамоасини жазолади.

Ташкилот қарорига кўра, Англия миллий жамоасининг икки ўйини (бири шартли икки йиллик синов муддати билан) томошабинларсиз ўтказиладиган бўлди.

Ёзда ўтган Европа чемпионати финалида чиптасиз бўлган англиялик юзлаб ишқибозлар стадион ичига кириб, чипта сотиб олган мухлислар ўрнини банд этган ҳолда полиция ва стюардлар билан тўқнашувларга сабаб бўлишганди. Натижада бир неча тартибни сақлаш ходимлари ва мухлислар турли даражада жароҳат олиб, шифохонага олиб борилганди.

Англия футбол ассоциациясига нисбатан санкциялар стадион ичи ва ташқарисида белгиланган тартиб ўрнатилмагани сабабли жорий қилинган. Шунингдек, АФА финал давомида майдонга бегона кишилар тушгани, томошабинлар турли буюмлар улоқтиргани ҳамда мамлакат мадҳиялари янграётганда тартиббузарлик амалга оширилгани учун 100 минг евро миқдоридаги жаримага тортилган. 

Эслатиб ўтамиз, «Уэмбли»даги финалда Италия Англия миллий жамоасини пенальтилар сериясида мағлуб этиб (1:1, пен. 2:3), қитъа чемпионига айланган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар