Клопп Салоҳни футболчиларнинг энг зўри деб атади, «МЮ»да оғир дамлар, Римда можароли гол ва четлатиш. Европа футболи воқеалари
Якшанба, 17 Октябр
4584

Европа футболида шанба куни рўй берган асосий воқеалар.

Англия: Менди «Челси»нинг етакчилигини сақлаб қолди, «Ливерпуль»да рекордлар
«Уотфорд» — «Ливерпуль» — 0:5 (Мане, 9. Роберто Фирмино, 37, 52, 90+1. Салоҳ, 55).

АПЛга Клаудио Раньери қайтгани муносабати билан шанба кунги ўйин арафасида журналистлар «Лестер» футболчиларига «Сток Сити»дан гол ўтказмаслик эвазига пиццахўрлик ваъда қилганини эслатишди. Италиялик мутахассис бунга жавобан кулди ва «Ливерпуль»га қарши ўйинда дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолганлик учун пицца ваъда қилиш — жуда камтарлик бўлиши, бу сафар у «Уотфорд» футболчиларига кечки овқат учун тўлашга тайёрлигини айтиб ўтди.

Лекин ўйиннинг илк дақиқасидаёқ Салоҳ кичик офсайддан бўлса-да, дарвоза устунини титратганида барчаси тушунарли эди: Раньери харажат қилишига тўғри келмайди. Ўйин тақдири вақт масаласи эди, Салоҳ Манени кесик пас билан таъминлаб, сенегаллик футболчи АПЛдаги 100-голини уриш имкониятидан фойдаланганида шу вақт келди. Форвард бу натижага эришган учинчи футболчи - бунгача Дидье Дрогба ва унга голли узатма амалга оширган мисрлик жамоадоши 100лик довонни забт этган африкалик футболчилар бўлганди. Лекин Маненинг уникаллиги шундаки, у бирорта голини пенальтидан урмаган, бундай кўрсаткич билан фақат Лес Фердинанд ва Эмил Ҳески мақтана олиши мумкин.

Умуман олганда, ўйин фақат бир дарвоза атрофида кечди ва иккинчи бўлимда «Ливерпуль» ҳақиқий шоу уюштириб, рекордлар паради ўтказди. Биринчидан, «қизиллар» барча турнирлар доирасида қаторасига етти сафар ўйинида камида учта гол урган илк инглиз клубига айланди. Иккинчидан, Салоҳнинг ҳимоячилардан бирини газонга ўтирғизиб урган чиройли голи нафақат форварднинг голли сериясини саккиз ўйинга етказди, балки лигада энг кўп гол урган африкаликлар рўйхатида Дрогба билан тенглашиб олди (104тадан гол). Ниҳоят, Роберто Фирминонинг ҳет-триги бошланган ҳужумда уни тўп билан таъминлаган Милнер 18 мавсум давомида камида битта ассист амалга оширган илк футболчига айланди.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

A post shared by Liverpool Football Club (@liverpoolfc)

«Салоҳми? Бугун унинг чиқиши аъло даражада бўлди. У — энг яхши футболчи. Биз ҳаммамиз бунга гувоҳ бўлмоқдамиз. Ундан яхшироқ ким бор? Месси ва Роналду футбол олами учун нималар қилишгани, ҳукмрон бўлишганини айтишга ҳожат йўқ. Аммо ҳозир энг яхшиси – Салоҳ», дея ўз ҳайратларини яшира олмади ўйиндан кейин Юрген Клопп.

«Лестер» — «Манчестер Юнайтед» — 4:2 (Тилеманс, 31. Чағлар Суюнчи, 78. Варди, 83. Дака, 90+1 — Гринвуд, 19. Рэшфорд, 82).

Терма жамоа ўйинларидан жабр кўрмаган «Лестер» кўтарилишда давом этмоқда. Жамоанинг АПЛдаги охирги ғалабаси 28 август куни иложсиз «Норвич» устидан қозонилганди. Кейинги ютуқлар Лига кубогида «Миллуол»дан қозонилган ғалаба билан чекланди. Бундай ҳолатда «Лестер» «Манчестер Юнайтед»нинг сафар ўйинларидаги 29 ғалабадан иборат сериясини тўхтатишини тасаввур қилиш қийин эди.

Қолаверса, Брендан Роджерснинг ҳаловати бузилиши учун сабаб пайдо бўлди, чунки сўнгги кунларда айнан уни кутилмаганда бойиб қолган «Ньюкасл» бош мураббийлиги учун асосий даъвогар сифатида кўришмоқда. ОАВда ҳатто «қарғалар» унинг шартномаси бир томонлама бекор қилиниши учун тўлашга тайёр бўлган товон пули миқдори ҳақида ҳам айтилди. Аммо Роджерс бу хабарларга ўзи нуқта қўйишга қарор қилди.

«Менинг шартномам 2025 йилгача тузилган, мен клубда бахтиёрман. Мен ажойиб раҳбарият ва ажойиб футболчилар билан ишлайман. Бизда рақобатбардош жамоа бўлиш учун барча нарса етарли. Мен янгиликларни ўқидим, лекин бу миш-мишлардан ҳеч кимга фойда келтирмайди, шу жумладан «Ньюкасл» ва Стив Брюсга. Бу менга замонавий футболдаги энг ёқимсиз ҳафта бўлди. Биз тинимсиз меҳнат қилмоқдамиз, аммо миш-мишлар жамоадаги вазиятни беқарорлаштириши ва мухлисларни ранжитиши мумкин», — деди мутахассис.

Роджерснинг хавотирланишига ҳожат йўқлиги, унинг ихтиёрида «Лестер» юқори сифатли футбол намойиш этиши учун барча нарса борлиги маълум бўлди. Фақат айрим нуқталардаги ижрочилар йўқлиги сезилди, аммо жамоа ўйини барқарорлашган ва «тулкилар» қаторасига учинчи марта «МЮ» мағлуб этилди. Қолаверса, улар «иблислар»га танаффусдан кейин уч гол уришди, ҳолбуки бунгача манчестерликлар сафардаги сўнгги 15 ўйинда айнан иккинчи бўлимларда дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишганди.

«Лестер» ўйинидаги муҳим жиҳатлардан бири — узоқ вақт даволанишдан кейин Эванс ниҳоят бошланғич таркибда майдонга чиқди ва жамоа ҳимояси янада ишончли кўрина бошлади. Ҳа, хатолар ҳам бўлди, ҳисоб 2:2 кўринишига келганида, айнан ушбу марказий ҳимоячи Линделёфнинг узун пасига очилган Рэшфордни қўйиб юборганди. Уч ойлик жароҳатдан кейин майдонга қайтган форвард уни кўрмагандек олдинга ўтиб кетди.

Аммо умуман олганда «тулкилар» ҳимояси рақибникидан яхшироқ ҳаракат қилди. Улар жароҳатдан тузалиб энди сафга қайтган Магуайр каби жиддий хатоларга йўл қўйишмади. «Лестер»нинг собиқ ҳимоячиси қанотда тўпни ўзига бўйсундира олмади ва уни Ихеаначога топширди, ушбу ҳужумни тўпга бир тегиниш билан Тилеманс якунлади - тўп Де Хеа устидан ошириб ташланди. Бу эпизод учун бельгиялик футболчи мақтовларга лойиқ, испан дарвозабонни эса айблаб бўлмайди.

Шу куни Де Хеа имкон қадар жамоасини қутқарди. Ҳисоб 1:1 эканида у Тилеманснинг яна бир қийин зарбасини бартараф этди, аммо терма жамоада жароҳат олган Вараннинг йўқлиги «қизил иблислар»га қимматга тушди. Аввалига манкунианликлар дарвоза олдидаги тартибсизлик чоғида Чағлар Суюнчи гол уриб кетишига имкон беришди. Кейин шунчаки диққатни йўқотишди ва Рэшфорднинг ҳисобни тенглаштирувчи голидан 54 сония ўтиб гол ўтказиб юборишди.

«Лестер» уддалаб бўлмайдигандек кўринган ишларни амалга оширди — жамоа ғалаба учун фантастик ирода намойиш этди. Ҳал қилувчи ҳужумда қайтариб бўлмас зарба берган Варди учун бу гол АПЛдаги 125-гол бўлди. Ўйиннинг қолган вақтида мезбонлар кичик устунликни сақлаб қолиш учун эмас, «МЮ»ни бутунлай таслим этиш учун ўйнашди. Қўшиб берилган дақиқаларда Дака ўйинга сўнгги нуқтани қўйди. «Зальцбург» тарбияланувчиси бўлган бу футболчи замбияликларнинг премьер-лигадаги илк голига муаллифлик қилди.

Мағлубиятдан кейин «МЮ» кучли тўртликни тарк этиб, бешинчи ўринга тушиб қолди. Оле Гуннар Сульшер шундай таркиб билан сўнгги уч турда ўртамиёналарга қарши ўйинларда фақат 1 очко олди, холос. Олдинда жамоани «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити»га қарши ўйинларни ўз ичига олган мураккаб тақвим кутмоқда. 

«Манчестер Сити» — «Бёрнли» — 2:0 (Бернарду Силва, 12. Де Брюйне, 70).
«Брентфорд» — «Челси» — 0:1 (Чилуэлл, 45).

«МЮ» Лестерда мағлуб бўлаётган маҳалда, Манчестернинг бошқа жамоаси қуйи поғоналардаги рақибни осонлик билан мағлуб этди. «Бёрнли» ҳозирги ҳолатида кучли жамоалар учун хавф сола олмайди, айниқса «Сити» учун ҳеч қандай жиддий қаршилик кўрсатолмайди. «Шаҳарликлар» «Бёрнли»ни қаторасига тўққизинчи ўйинда енгишди, тўплар нисбатидаги вазият (32-1) ушбу жамоалар ўртасидаги фарқни яққол кўрсатиб турибди. Лекин бу ғалабадан кейин ҳам Гвардиола жамоаси турнир жадвалида учинчи ўринда бормоқда, «Челси» эса оғир ўтган ўйинда биринчи ўринни сақлаб қолди.

АПЛ дебютанти кутилганиданда зўрроқ старт олди ва турнир жадвалининг юқори қисмида юрибди, аммо шу билан бирга «Брентфорд»га баъзи ўйинларда омад етишмаяпти. Жорий мавсумда рақиб дарвозалари ва устунлари «Асаларилар»ни етти голдан маҳрум қилди, шундан олти ҳолатда Мбеумо диққат марказида бўлди! Шанба кунги ўйинда ҳам унинг икки зарбаси устундан қайтди — ҳисоб 0:0 ва 0:1 бўлган вазиятларда. Яъни мезбонлар бу ўйинда ғалаба қозониши ҳам мумкин эди.

Лекин «Челси» чемпионшипдан чиққан жамоага самарали ҳаракатланиш қандай бўлиши бўйича дарс ўтди, уларнинг биринчи бўлимда берган ягона зарбаси голга айланди - Лукаку тўп учун кураш вақтида ҳимоячини хато қилишга мажбур қилди ва ўзига етиб келган тўпни Чилуэлл «тўққизлик»ка жйлаштирди. Ушбу ҳимоячи асосий таркиб учун муносиблиги исботлашда давом этмоқда - у клуб ва терма жамоа сафидаги сўнгги уч ўйинида гол урди. Бу ўйинда Лукаку бир неча метр масофадан туриб тўпни тушунарсиз тарзда трибуна сари йўллади, натижада жамоа учун кичик ҳисобдаги ғалабани Мендининг сэйвлари ва Кристиан Нергор парашют услубида зарба йўллаганида Чалоба тўпни дарвоза чизиғида тўхтатиб қолиши сақлаб қолди.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

A post shared by Chelsea FC (@chelseafc)

Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар ўтаётган вақтда Нергорнинг чалқанча услубда берган зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсини остига кириб кетаётганида Менди уни юқорига кўтариб юборишга улгурди ва бу Томас Тухель жамоаси биринчи ўринда қолишини таъминлади. Қолаверса, бу ғалабадан кейин «Челси» дербиларда қаторасига етти сафар ўйинида ғалаба қозонган илк Лондон жамоаси сифатида тарихга кирди.

Италия: «Милан» камбэк туфайли биринчи ўринга чиқди, «Интер» илк бор мағлуб бўлди
«Лацио» — «Интер» — 3:1 (Иммобиле, 64, пенальти. Фелипе Андерсон, 81. Милинкович-Савич, 90+1 — Перишич, 12, пенальти).

Симоне Индзаги Римга янги жамоаси билан қайтди, ўйинда томонлар бир мартадан пенальтидан гол уришгач, ўйиннинг сўнгги қисми қизғин ва можароли тус олди. Ханданович Иммобиленинг зарбасини қайтаргач, Фелипе Андерсон уни қайта дарвозага йўналтириб юбориб, қаторасига иккинчи ўйинда ғалаба голини ургач, меҳмонлар рақибга ташланишди. Бунга ҳужум вақтида миланликлар футболчиси Димарко жароҳат олиб газонга ётганини кўриб ҳам «Лацио» футболчилари тўхтамагани сабаб бўлди.

Фақат уларнинг эътирози моҳиятан — тушунарсиз. Биринчидан, ўйинни тўхтатиш ҳақида фақат арбитр қарор қилиши мумкин. Иккинчидан, Димарко «нерадзурри» ҳужуми вақтида майдонга йиқилган ва меҳмонларнинг ўзи ҳужум қилишда давом этган, лекин тўп йўқотилиб, қарши ҳужум бошланганди. VAR гол ҳаққоний урилганини тасдиқлаш билан банд бўлган вақтда бош ҳакам Массимилиано Иррати тўрт футболчига сариқ карточка кўрсатишга улгурди.

Аммо бу ҳам, Милинкович-Савичнинг севимли рақибга урган бешинчи голи ҳам эҳтиросларни сўндира олмади. Финал ҳуштаги янграганидан кейин муносабатларни ойдинлаштириб олиш бўйича баҳслар давом этди ва бу жараён «Лацио» ҳимоячиси Луиз Филипега қизил кўрсатилиши билан якун топди. У хурсандчилик вақтида собиқ жамоадоши — ёзда Индзаги «Интер»га олиб ўтган Корреанинг елкасига миниб олди. Корреа уни ўзидан йироқ қилишга уринди, арбитр эса бразилиялик футболчининг ҳаракатини провокация деб ҳисоблади. Маурицио Сарри бу четлатишни ақлга сиғмас қарор деб атади, аммо у чемпионатдаги илк мағлубиятини қабул қилишга мажбур бўлган Индзагидан кўра хафароқ деб бўлмайди. «Лацио» «Интер» билан ўзаро қарама-қаршиликда ўзиб кетди, бунгача икки жамоа ўртасидаги сўнгги 24 учрашувда ҳар икки жамоа 10тадан ўйинда ғалаба қозонган, 4 ўйин дуранг натижа билан якунланганди. Мавсумни яхши бошлай олмаган «Лацио» энди очколари сонини 14тага етказиб, бешинчи ўринга кўтарилди.

«Милан» — «Верона» — 3:2 (Жиру, 59. Кессье, 76, пенальти. Гюнтер, 78, автогол — Капрари, 7. Барак, 24, пенальти)

Стефано Пиолида таркиб билан боғлиқ улкан муаммолар юзага келганига қарамай, қизил-қоралар камида «Наполи»нинг якшанба кунги ўйинига қадар турнир жадвалини бошқариб туришади. Асосий дарвозабон Меньян жарроҳлик столига ётқизилгач, миланликлар шошилинч равишда Тэтэрушануга ўринбосар сифатида фахрий дарвозабон Миранте билан шартнома имзолашга мажбур бўлишди, Браим Диас ва Тео Эрнандесда коронавирус аниқланган, Ребич биринчи бўлимда жароҳат олиб алмаштирилди.

Бу мавсумни жуда қизиққонлик билан ўтказаётган «Верона» (бу жамоа иштирокидаги ўйинларда 34 гол урилган - 17-17, бу борада «Интер»да ҳам шундай кўрсаткич - 23-11) биринчи бўлимда кўрсатган ўйин фонида «Милан» жуда ожиз кўринди ва икки гол ўтказиб юборди. Фақат иккинчи бўлимга келиб «россонерилар» ўз номларини эслаб қолишди ва рақибни жарима майдонига қамай бошлади. Якунда Жиру ўз услубида бош билан ҳисобни қисқартирди, Кастильехо ишлаган пенальтини Кессье аниқ ижро этди.

Жароҳатдан тузалган Ибраҳимович ўйинга қўшилгач у рақибни қалтиратиши учун тўпга тегиши ҳам шарт бўлмади. Швециялик ҳужумчи томон узатилган тўпни тўсмоқчи бўлган Гюнтер ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. Лекин гап фақат омадда эмас, ҳозирги «Милан» ўйинларда характер кўрсатмоқда. Жамоада ғолиблик руҳи пайдо бўлган ва жамоа энди стартдаги саккиз турдан кейин ғалаба учун уч очколик тизимга ўтилган 1994/95 йилги мавсумдан буён энг яхши натижасини кўрсатмоқда - 22 очко ва биринчи ўрин. Иккинчи ўринда бу тур ўйинини ҳали ўтказмаган «Наполи» (21 очко), бу турда мағлубиятга учраган «Интер» учинчи ўринда (17), тўртинчи ўринда бугун «Ювентус»га қарши майдонга тушадиган «Рома» (15) бормоқда.

Германия: гол машинасининг қайтиши
«Боруссия» Д — «Майнц» — 3:1 (Ройс, 3. Ҳоланд, 54, 90+4 — Буркардт, 88).
«Фрайбург» — «Лейпциг» — 1:1 (Чон У Ен, 63 — Форсберг, 32, пенальти).

Шу кунларда Ҳоланд ижросидаги ролик ижтимоий тармоқларда вирус каби тарқалганди, унда у учта тўпни устма-уст жойлаштириб, уларнинг барчасини дарвозанинг юқори бурчагидаги нишонга теккизади. Шанба куни ниҳоят жароҳатидан соғайиб қайтган норвегиялик ҳужумчи осонлик билан голлар уришда давом этмоқда. Ўйинда ҳисобни «тўққизлик»ка кучли ва аниқ зарба берган Ройс очганди, иккинчи бўлимда Ҳоланд пенальтини аниқ ижро этиб, устунликни мустаҳкамлади, ўйин охирида Беллингем уни дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқарди.

Ҳоланд феноменал сермаҳсуллик кўрсатмоқда — Бундеслиганинг 49 ўйинида 49 гол ва барча турнирлар доирасидаги 68 учрашувда 70 аниқ зарба! Норвегиялик футболчи туфайли Марко Розе «Боруссия»нинг турнир стартидаги бешта уй учрашувида ғалаба қозонган илк мураббийига айланди, Дортмунд клуби биринчи ўринга чиқиб олди.

Якшанба кунги ўйинда «Байер» ва «Бавария» ўртасидаги ўзаро учрашувда дуранг ҳисоб қайд этилса, «Асаларилар» етакчиликни сақлаб қолишади.

Шанба кунги воқеалар қаторида «Фрайбург» ва «Лейпциг» учрашувини ҳам қайд этиш мумкин. «Ҳўкизлар» жамоаси еврокубоклар ҳудудига кириб олиш имкониятини бой беришди, «Фрайбург» эса бу ўйинда ғалаба қозонганида сенсацион равишда ҳозирги тўртинчи ўрнидан иккинчи ўринга чиқиб олган бўларди.

Франция: «Монако» асосий рақибга ютқазди
«Лион» — «Монако» — 2:0 (Токо-Экамби, 75, пенальтидан. Денайер, 90)

Шу кунларда 50 ёшини нишонлаган Нико Ковачда таркиб билан боғлиқ муаммолар бор эди. Головин фақат душанба куни умумий гуруҳ билан машғулотларга қўшилган, Сидибе жароҳатини даволашда давом этмоқда, Тшуамени ва Диоп дисквалификацияга учраган. Натижада мураббий уч марказий ҳимоячи билан ўйнаш схемасига ўтди. Умуман олганда, бу иш берди ва учрашув тенг курашлар остида кечди. Икки жамоа ҳам ўйиннинг катта қисмини яққол вазиятларга эга бўлмаган ҳолда ўтказди.

Танаффусга қадар «Лион»нинг ўйини қизиқарлироқ кечди. Иккинчи бўлимда «Монако» ҳам фаоллашди, лекин Петер Бос ихтиёридаги захира кучлироқ экани барчасини ҳал қилди. Нидерландиялик мутахассис бир кун олдин Бразилия термаси сафида ўйин ўтказган Лукас Пакетани майдонга туширди ва ушбу ҳужумчи бошлаб берган ҳужум вақтида Дисаси тушунарсиз ҳолатда подкат бериб, мезбонлар сардори Дюбуанинг оёғини узиб юборай деди. Пенальти бурилиш нуқтаси бўлди, «Лион» монегаскликларни турнир жадвалида қувиб ўтди, князлик жамоаси еврокубоклар зонасида мустаҳкам ўрнашиб олиш имконини бой берди.

Кун статистикаси
«Реал Сосьедад» қаторасига бешинчи ўйинда гол ўтказмади. Бу ла лиганинг янги етакчисининг 1984 йилдан буён энг яхши натижаси.

«Ливерпуль»нинг АПЛдаги 41 ҳет-трики — турнирнинг янги рекорди. Қизиллар узоқ вақт бу борада етакчилик қилиб келган «Арсенал»ни ортда қолдирди.

Марсело Бьельса «Лидс» раҳбарлигидаги 150-ўйинини ўтказди.

«Вольфсбург» учун Бундеслигада 259-ўйинини ўтказган Арнольд дарвозабон Бенальога тегишли бўлган клуб рекордини такрорлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар