Питер Ҳюистра: «Иккинчи пенальти тўғри белгиланди, мен вазиятга яқин тургандим»
Шанба, 16 Октябр
3029

«Пахтакор» бош мураббийи Питер Ҳюистра «Қизилқум»га қарши ўтказилган беллашувдан сўнг (4:2), матбуот анжуманида иштирок этди ва ўз фикрларини билдириб ўтди. 

«Бугунги ўйин жуда шиддат билан бошланди. 2-дақиқадан сўнг, рақиб дарвозасига гол киритишни уддалаган бўлсангиз, бу жуда ажойиб. Яхши футбол намойиш эта олганимизга қарамай, ҳимоядаги ҳаракатларимиз яхши чиқмади. Рақибга 3-4та катта имкониятлар тақдим қилдик. Биринчи таймдан сўнг, футболчиларга керакли кўрсатмаларни бердик ва улар иккинчи бўлимни яхши ўтказишди. Муҳим ғалабани қўлга киритдик ва мен бундан мамнунман. 

Мен «Қизилқум» ўйинни назорат қилди, деб айтмаган бўлардим. Биз шунчаки ҳимояланишда хатолар қилдик. Таркибимизда бир қатор йўқотишлар бор. Миллий жамоага жўнатган 5 футболчимизнинг 3таси жароҳат билан қайтди. Бу мени хафа қилди. Шунинг учун, баъзи футболчилар ўз позицияларида ҳаракат қила олишмади. Ўйлайманки, барибир яхши ўйин кўрсата олдик. «Қизилқум» осон жамоалар сирасига кирмайди. Уларга қарши баҳсда 4та гол ура олганимиз яхши ҳолат. 

Пенальтилар масаласида жорий мавсумда биз ҳам кўп марта жабр кўрдик. Бугунги ўйиндаги 11 метрлик жарима зарбалари ҳақида гапирсам, биринчисида вазиятни аниқ кўра олмадим. Лекин иккинчи пенальти шундоққина олдимда содир бўлди ва ҳакамнинг қарори тўғри бўлди», - деди нидерландиялик мутахассис. 

Эслатиб ўтамиз, ушбу ғалаба орқали тошкентликлар ўз тарихида 14-марта Ўзбекистон чемпионига айланди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар