«МЮ» ва «Барса» учун жиддий синов, Шомуродов «Ювентус»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси
Шанба, 16 Октябр
15517
Фото: Getty Images

 Кичик танаффусдан сўнг, миллий чемпионатларда навбатдаги марафонга старт берилади ва жамоалар кейинги 20 кунда 4 тур ва еврокубокларда иштирок этадилар. Демак, деярли ҳар куни биз клублар футболидан баҳра олишимиз мумкин. Табиийки, асосий баҳслар дам олиш кунларига мўлжалланган ва биз анъанага кўра навбатдаги анонсимизни тақдим қиламиз.

АПЛ. 8-тур
16 октябрь (шанба)
ЛЕСТЕР – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

Ўйин бошланиш вақти: 19:00
ТВ-трансляция: FutbolTV

Сульшер жуда муҳим синов даврига кириб келмоқда. Жамоа кейинги йигирма кун ичида «Лестер», «Ливерпуль», «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Сити»га қарши ўйинларда иштирок этади. Булар орасида икки маротаба «Аталанта»га қарши ЕЧЛ ўйинлари ҳам бор. Нисбатан осонроқ тақвимда «Астон Вилла» ва «Эвертон»га очко бериб, яққол пешқадамга айланиш имкониятини бой берган «Манчестер Юнайтед» энди юқорида тилга олинган рақиблар билан ўйинларда пешқадамлар сафида қолишни уддалаши керак. Кўпчилик айнан мана шу давр Сульшернинг  Манчестердаги келажагини белгилаб беради, деб ҳам ҳисоблашмоқда.

Бошқа тарафдан, одатда Сульшернинг инқирозлари узоққа чўзилмайди ва мураббий қийин ҳолатларда ўзини ўнглаб олган ҳолатлар кўп бўлган. Шунингдек, кучлироқ рақибларга қарши ўйнаш доим «МЮ» учун қулай бўлиб келмоқда. Очко йўқотмаслик шарт бўлган ўйинларда қийин ҳимояни ёриб ўтишдан кўра, топ-ўйинларга тайёрланиш Сульшернинг хусусиятларидан биридир. 

«Лестер» мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмади. Етти ўйиндан кейин атиги икки марта ғалаба қозонган Рожерс шогирдлари ўтган турда 2:0 ҳисобидаги ғалабани ушлаб қола олмади. Бундан ташқари, «Юнайтед» билан ўйинда Ндиди, Фофана каби футболчиларнинг майдонга туша олмасликлари жамоага қийинчилик туғдириши мумкин. 

Ўз навбатида, таркиб борасида «МЮ»да муаммолар каттароқ. Рафаэл Варан жамоага бир неча ҳафта ёрдам бера олмайди, унинг марказий ҳимоядаги шериги Ҳарри Магуайр эса камида мана шу ўйинда жамоага ёрдам бера олиши қийин. У умумий гуруҳга эндигина қўшилди. Шунингдек, жанубий америкалик легионерлар Фред ва Кавани миллий жамоадаги ўз ўйинларини кеча тонгда ўтказишда ва Сульшер уларнинг ҳам ёрдамидан фойдалана олмаслигини айтиб ўтди. Аммо яхши хабарлар ҳам бор – елкасидан олган жароҳат туфайли уч ойдан бери майдондан четда бўлган Маркус  Рэшфорд спорт формасига қайтмоқда. Мураббий ҳужумчининг майдонга тушишга тайёрлигини маълум қилди. «Лестер»га қарши сўнгги 6 ўйинида 5 гол урган Маркуснинг сафга қайтиши меҳмонларга қўшимча куч берса ажаб эмас.
«Лестер» ўша 7 йил олдинги машҳур ўйиндан (5:3) бери «МЮ» устидан ғалаба қозона олмай келаётганди. Ўтган мавсум охирида ниҳоят  икки бор зафар қучди. Бирида «Юнайтед» ёшлар таркибини туширишга мажбур бўлганини эслайсиз, аммо Англия кубоги чоракфиналида айнан «Лестер» Сульшер жамоасини соврин ютишдан маҳрум қилганди. 

А Серия. 8-тур.
16 октябрь (шанба)
ЛАЦИО – ИНТЕР

Ўйин бошланиш вақти: 21:00
ТВ-трансляция: Sport
Айтиш мумкинки, ушбу жамоалар А Сериянинг бу мавсумдаги энг ёрқин жамоалари бўлишмоқда. Тўғри, «Наполи» ҳозирча энг кучли, лекин айнан мана шу икки жамоа қатнашган ўйинлар сермаҳсул ва шиддатли кечган. «Интер» иштирокидаги ўйинларда 30 гол, «Лацио» қатнашган ўйинларда эса 27 гол урилган. «Верона» (29 гол) билан бирга, ушбу учликнинг ўйинлари доим қизиқарли ва голларга бой бўлиб келмоқда. 


Рақамлар гапирса, тўпурарлар баҳсида ҳам ушбу икки жамоа ҳужумчилари Эдин Жеко ва Чиро Иммобиле 6тадан гол билан етакчи. Ассистлар сони «Интер» яримҳимоячиси Николо Бареллада – 5, унинг таъқибчиси Луис Албертода 3тадан. Дарвозага аниқ зарбалар бўйича Иммобиле етакчи бўлса, яратилган вазиятлар Николо Бареллада энг кўп. Қисқаси, бу ўйин бизга кўплаб вазиятлар ва чиройли голлар тақдим этишига ишонишимиз учун асослар етарли. 
Яна бир қизиқ факт, «Интер» ва «Лацио» ўртасидаги охирги 24 учрашувда кучлар тенг – ҳар икки жамоа 10тадан ўйинда ғалаба қозонган. Ўтган мавсум тўқнашувларида «Интер» ўз майдонида 3:1 ҳисобида устун келган бўлса, Римдаги ўйин 1:1 ҳисобида якунланганди. 
Таркиблар борасида жамоалар деярли йўқотишларсиз. Аммо ўйинлар терма жамоалар йиғинларидан сўнг бўлаётганини эътиборга олсак, баъзи футболчилар, айниқса, жанубий америкаликлар қандай ҳолатда бўлишларини билмаймиз ва асосий таркибларни тахмин қилиш анча қийин. Фақатгина «Лацио» ҳимоячиси Франческо Ачерби ўтган турда «Болонья»га қарши учрашувда (0:3) қизил карточка олганини ва дисквалификация туфайли шерикларига ёрдам бера олмаслигини айтиб ўтиш мумкин.
ЕЧЛда икки ўйинда бирорта ҳам ғалаба қозона олмаган «Интер» бу ўйиндан икки кун ўтиб гуруҳ пешқадами «Шериф»ни ўз майдонида қабул қилади. Янада муҳимроқ бўлган халқаро ўйин олдидан «Интер» «Лацио»га бор кучини ташлаши ҳам қийин бўлиши мумкин. 

АПЛ. 8-тур
17 октябрь (якшанба)
ЭВЕРТОН – ВЕСТ ҲЭМ

Ўйин бошланиш вақти: 18:00
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReport
Ҳар икки жамоани янги мавсумнинг кашфиётлари дейиш мумкин. Шу маънодаки, гарчи таркиб ва имкониятлар борасида пешқадамларга энг яқин клублар бўлса-да, бу жамоалардан барқарорлик кутилмаётганди. «Вест Ҳэм» ўтган мавсумда бир бош баланд сакраб, сўнгги турларгача ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб борди ва одатда, бундай сакраш кейинги йилда бироз пасайишни тақозо қилади. Йўқ, Мойес шогирдлари худди ўртада танаффус бўлмагандек ўйнай бошладилар. Эътирофга арзирли ҳолат. 
«Эвертон»ни эса Анчелотти тарк этгач, янги мураббий Рафа Бенитесга бўлган муносабатлар у қадар илиқ эмасди. Бунинг устига Ришарлисон, Калверт-Левин каби етакчилар жароҳат олдилар. Аммо Бенитес топ-клубларни бошқаришдан узоқ бўлса-да, «Эвертон» каби жамоаларни юқори даражада ушлаб туришга ҳали  қодир экан. Таунсенд эса айтиш мумкинки, ўтган икки ойда АПЛнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлиб турибди. АПЛ ва кубок ўйинлари доирасидаги 8 учрашувда у 5 гол ва 3 голли узатмани амалга ошириб улгурди. «Эвертон» 7 ўйиндан 14 очко тўплаб, 5-ўринда боряпти ва пешқадам «Челси»дан атиги 2 очко кам жамғарган холос. 
Эртанги ўйинда «Эвертон»га юқорида тилга олинган футболчилардан ташқари, Фабиан Дельф ва Андре Гомеш ҳам ёрдам бера олмайди. Тўрт футболчининг сафга қайтиши шу ойнинг охирларига мўлжалланган. Меҳмонлардан эса фақат Райан Фредерикснинг майдонга тушиши сўроқ остида турибди. У «Юнайтед»га қарши ўйиннинг 17-дақиқасида жароҳати туфайли алмаштирилганди. Бу ўйинга унинг қай даражада тайёр бўлиши маълум эмас. 
Қизиғи, ўтган мавсумда бу жамоаларнинг ҳар икки тўқнашуви, бир хил – 1:0 ҳисобида якун топганди. Иккала ўйинда ҳам меҳмон жамоа уч очкони қўлга киритиб кетган. Лондонда Калверт-Левин, Ливерпулдаги ўйинда эса Томаш Соучек гол муаллифлари бўлишган. 

Бундеслига. 8-тур
17 октябрь (якшанба)
БАЙЕР – БАВАРИЯ

Ўйин бошланиш вақти: 18:30

Четдан шунчаки, қараб юрган мухлис тасаввурида «Бавария» ҳозир Бундеслигада истаганча сайр қилиб, голлар-шоусини намойиш этиб юрибди. Йўқ, аслида чемпионатда «Бавария» билан тенг очко жамғарган жамоа бор – «Байер». Яна икки жамоа бир очко кам, яъни 15тадан очкога эга. Қисқаси, бир мағлубият мюнхенликларни ҳатто тўртинчи ўринга ҳам тушириб юбориши мумкин. Барча мусобақалардаги қаторасига 7 йирик ғалабадан кейин «Айнтрахт»дан кутилмаган мағлубият вазиятни мана шундай қизғин ҳолатга келтириб қўйди. 
«Байер» жуда яхши спорт формасида. Леверкузенликлар барча мусобақалар доирасидаги қаторасига беш ўйинни ғалаба билан якунладилар. Охирги икки ўйин бир хил – 4:0 ҳисобида. Питер Шик 6 гол билан тўпурарлар баҳсида (Ҳоландда 7 та) курашмоқда, Флориан Вирц эса 5 ассист билан Бундеслигада энг яхши кўрсаткичга эга бўлиб турибди. Жамоа «Бавария»ни ўз уйида мағлуб эта олса, яққол пешқадамга айланиб олади ва кейинги нисбатан оғир ўйин – «Лейпциг» сафари 28 ноябрда эканини эътиборга олсак, етакчилик узоқ вақт давом этиши мумкин ҳам. 
Марказий ўйинда мезбонларга жароҳатланган Митчелл Баккер ёрдам бера олмайди. Роберт Андрих эса «Штутгарт»га қарши кечган ўйинда ҳам гол урган, ҳам майдондан четлатилганди. Уч ўйинга дисквалификация қилинган футболчи аввалги икки ўйинни ўтказиб юборди ва «Бавария»га қарши ҳам майдонга тушмайди.  Дисквалификация қилинган футболчи меҳмонлар таркибида ҳам бор. Бенжамин Павар «Гройтер»га қарши ўйинда қизил карточка олганди. 
Ўзаро ўйинларга келсак, охирги тўрт ўйин «Бавария»нинг ғалабаси билан якунланмоқда. Аммо ундан олдинги мавсумда «Байер» рақиби устидан ҳам уйда, ҳам сафарда устун келганди. Умуман охирги 25 ўйиндан 15 тасида «Бавария»нинг қўли баланд келган. 5 ўйинда «Байер» ғалаба қозонган.

А Серия. 8-тур
17 октябрь (якшанба)
ЮВЕНТУС – РОМА

Ўйин бошланиш вақти: 23:45
ТВ-трансляция: Sport

Яқиндагина «Рома» йўқотишсиз бораётган, «Ювентус» эса ғалаба қозона олмай, сўнгги поғоналарга тушиб кетганди. Лекин вазият ўзгарди, Моуриньо шогирдлари «Лацио» ва «Верона»дан мағлуб бўлиб, ҳали муаммолар етарли эканини кўрсатиб қўйди. «Ювентус» эса қаторасига уч ўйинда ғалаба қозониб, эндиликда, биргина ғалаба билан «Рома»га 1 очколик масофага яқинлашиб олиши мумкин. Тўғри, туринликлар «Специя», «Сампдория» ва «Торино» билан жуда қийин баҳсларда минимал ҳисобда ютганини унутмаслик керак. Яъни, «Ювентус» жиддий рақибга қарши ҳам ижобий натижага эриша оладими, деган савол ҳамон долзарб. Аллегри шогирдларида ҳали катта ғалабалар йўқ – «Милан» билан дуранг ва «Наполи»дан мағлубият. 

Учрашув ўзбекистонлик мухлислар учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳа, сўнгги ўйинларда Моуриньо Шомуродовга ишонч билдирмаяпти ва терма жамоамиз ҳужумчиси нари борса захирадан ўйинга қўшилиб келаётганди. Аммо «Рома»нинг асосий ҳужумчиси Тэмми Абраҳам Англиянинг Венгрия миллий жамоасига қарши ўйинида жароҳат олди ва «Ювентус»га қарши ўйинни ўтказиб юбориш эҳтимоли катта. Бир пайтлар «Ювентус»га ҳам ўтиши тахмин қилинган Элдор туринликларга қарши ўзини кўрсатиши ва шу орқали мураббийнинг ишончини қайта қозониши мумкин. 

«Ювентус» таркибида эса Макенни келаси ойгача сафга қайтмайди, Моратанинг тикланиш пайти келган бўлса-да, ҳали қай даражада тайёр экани маълум эмас. Рабьо эса вирусга чалингани учун бир муддат таркибдан узоқда бўлишга мажбур.

Ла Лига. 9-тур
17 октябрь (шанба)
БАРСЕЛОНА – ВАЛЕНСИЯ

Ўйин бошланиш вақти: 23:55
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReport


Икки ҳафталик танаффус ҳар икки жамоа учун фойдали бўлиши керак. «Барселона» ЕЧЛда «Бенфика»дан оғриқли мағлубиятга учради, орқасидан «Атлетико» ҳам муздек сув қуйди. «Валенсия» эса яхши стартдан сўнг, қаторасига ўйинда ғалаба қозона олмади. «Реал» ва «Севилья»дан мағлубиятларни тушуниш мумкин, аммо «Атлетик» билан уй учрашувидаги дуранг ва «Кадис»даги очко йўқотилиши «кўршапалаклар»ни пешқадамликдан 8-ўринга улоқтириб ташлади. 
Яхшиям Мадрид жамоалари ҳам барқарор эмас ва «Барселона» ҳали ҳам пешқадамлардан у қадар орқада қолиб кетмади. Масалан, агар «Севилья» билан қолдирилган ўйинда каталонияликлар ғалаба қозонади, деб ҳисобласак, жамоа йўқотилган очколар бўйича 4-ўринда ва пешқадам уч жамоадан атиги 2 очко ортда қолмоқда холос. Умуман, агар ҳужумдаги ўйин сифатига қарайдиган бўлсак, «Барселона» яратилган вазиятлар бўйича лигада 2-ўринда эканини ҳам эътироф этиш керак. 

Миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус, Фати ва Педри билан янги шартномалар, Бускетс ва Гавининг терма жамоадаги ёрқин ўйинлари жамоа муҳити ва кайфиятини ижобий томонга ўзгартирганини тахмин қилса бўлади. Бундан ташқари, «Манчестер Сити»дан келиб қўшилиб, жароҳатини даволаш билан машғул бўлган Серхио Агуэро тўлиқ тикланди ва чоршанба куни «Корнелла»га қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди ҳам. Аргентиналик ҳужумчи ниҳоят майдонга тушиши ва Куман жамоасида етишмаётган аъзога айланиши мумкин. Ансу Фати ҳам асосий таркибда тушиши кутилмоқда. Мураббий уни фақат захирадан тушираётганди ва бу футболчининг ҳали оптимал формага қайтмагани билан изоҳланаётганди. Мезбонлар таркибида Педридан ташқари, Араухо жамоага ёрдам бера олмайди. «Валенсия» таркибида эса Омар Алдерете майдонга туша олмайди. 8 ўйинда аллақачон 5 сариқ карточка олиб улгурган ҳимоячи дисквалификация туфайли учрашувни ўтказиб юборади. Қизиғи, у миллий жамоаси сафида Чилига қарши ўйинда қизил карточка олиб, у ерда ҳам дисквалификацияга учради. 
Жамоалар сўнгги бор тўқнашганда жуда шиддатли баҳс кечган ва «Барселона» 3:2 ҳисобида ғалаба қозонганди. Лекин айнан «Камп Ноу»да вазият бошқача бўлган. Ўтган йилнинг охирида бўлиб ўтган учрашувда 2:2 ҳисобида дуранг қайд этилганди. 

БОШҚА ЎЙИНЛАР
16 октябрь. Уотфорд – ЛИВЕРПУЛЬ (16:30), БОРУССИЯ Д – Майнц (18:30), Фрайбург – ЛЕЙПЦИГ (18:30), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Бёрнли (19:00), Брентфорд – ЧЕЛСИ (21:30), МИЛАН – Верона (23:45)
17 октябрь. Эмполи – АТАЛАНТА (18:00), НАПОЛИ – Торино (21:00).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар