O'zbek Ўзбекча
«Реал» ва «Атлетико»нинг Ла Лигадаги ўйинлари қолдирилди 
Чоршанба, 13 Октябр
11014
Фото: Agencias

Спорт ишлари бўйича Испания олий кенгаши Ла Лига 9-тури доирасидаги икки учрашувни бошқа кунга кўчирилишини тасдиқлади.

Унга кўра, ушбу ҳафтанинг дам олиш кунларида ўтказилиши белгиланган «Реал» – «Атлетик» ва «Гранада» – «Атлетико» ўйинлари номаълум муддатга қолдирилди. Marca нашри хабарига кўра, 15 октябрь куни ЖЧ-2022 Жанубий Америка саралаш босқич баҳслари ўтказилиши сабабли Мадрид клублари иштирокидаги ўйинлар қолдирилган. 

Қайд этилишича, «Реал» ва «Атлетико»нинг жанубий америкалик футболчилари клуб ихтиёрига қайтишга улгуришса-да, якшанба кунги ўйинда майдонга тушишга тайёр бўлишмайди. 

Шу тариқа, шанба куни «Реал Сосьедад» Ла Лиганинг янги пешқадамига айланиб олиши мумкин. Бунинг учун Иманол Альгуасил шогирдлари «Мальорка»га энг камида мағлуб бўлишмаса бас.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида айнан шу сабаб туфайли Ла Лига доирасидаги «Барселона» — «Севилья» ўйини қолдирилган ва ҳалигача ўтказилмади.

Маълумот учун, 8-турдан кейин Испания чемпионати турнир жадвалида бир йўла уч клуб - «Реал», «Атлетико» ва «Реал Сосьедад» 17 очкодан жамғариб пешқадамлик қилишмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар