Фарғона вилояти ҳокими «Нефтчи»ни Суперлига йўлланмаси билан табриклади 
Чоршанба, 13 Октябр
6364
Фото: ЎФА

Про лига 20-тури доирасида «Нефтчи» Бухорода «Нурафшон» устидан 4:1 ҳисобида зафар қучиб, муддатдан аввал Суперлига йўлланмасини нақд қилди.

Қисқа таътилдан кейин «Нефтчи» аъзолари яна Фарғонага қайтишгач, жамоа аъзолари Фарғона вилояти ҳокимияти, мутасадди раҳбарлар ва мухлислар томонидан «Истиқлол» стадионида тантанали кутиб олинди. 

Фото: ЎФА

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, туризм ва спорт бош бошқармасининг раҳбари Хуршид Аҳмедов «Нефтчи»нинг муддатидан олдин Суперлига йўлланмасини қўлга киритилгани муносабати билан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг табригини етказиб, вилоят ҳокими номидан жамоани қутлади.

Учрашув чоғида «Нефтчи»нинг ўтган мавсум сўнгида «Турон»га мағлуб (0:1) бўлиб, Суперлигага чиқа олмаганидан кўз ёшларини тия олмаган футбол мактабининг тарбияланувчиси ва жамоанинг ёш жонкуяр мухлиси Сайфулло Йўлдошевга вилоят ҳокими номидан «Нефтчи» клубининг либоси эсдалик совға тариқасида топширилди.

 

Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, Про лига 21-тури доирасида 14 октябрь, пайшанба куни ўтадиган «Нефтчи» - «Динамо» ўйини олдидан Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида катта байрам тадбири ташкиллаштирилади. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Маълумот учун, «Нефтчи» очколари сонини 40тага етказиб, Суперлигага йўлланмани нақд қилган бўлса, 34 очко билан 2-ўринда бораётган «Динамо» жамоаси Фарғонада дуранг натижа қайд этган тақдирда ҳам Суперлигага бериладиган 2-йўлланмани нақд қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров мавсум бошида Илҳом Мўминжонов ва жамоа олдига «Нефтчи»ни Суперлигага олиб чиқиш вазифасини қўйган эди. Жамоа 3 йиллик танаффусдан кейин Суперлигага йўлланма олди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар