Мухлислар трибунада, футболчилар стадионда «ёндиришди» – «Динамо»ни Суперлигага яқинлаштирган ўйиндан фоторепортаж
Пайшанба, 07 Октябр
3327

Про-Лига 20-турининг марказий ўйини Самарқандда ўтказилди. Икки йиллик «қувғин»дан кейин юқори дивизионга қайтишга яқин бўлган Самарқанднинг «Динамо» клуби пойтахтнинг «Олимпик» клубини қабул қилиб, 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ғалаба самарқандликларни Суперлигага янада яқинлаштирди.

Аввалига «Динамо» сафидаги дебют голини урган Шокир Йўлдошев самарқандликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда эса «Олимпик» битта, «Динамо» яна учта гол урди. Учрашувдаги охирги гол 90+3-дақиқада урилди. «Динамо» яримҳимоячиси Сирож Мелиев гол ургач, уни жамоа шифокори билан бирга нишонлади. Чунки Мелиев мавсум давомида узоқ вақт жароҳатлардан азият чеккан ва мавсум якунида яхши спорт формасига кириб бормоқда.

Бу ғалабадан кейин «Динамо»нинг очколари сони 34 тага етди. Етакчи «Нефтчи» ҳисобида эса 37 очко бор ва фарғоналиклар айни дамларда Бухорода «Нурафшон» билан ўйнамоқда. «Динамо»дан кейинги ўринда бораётган бухороликлар ҳисобида 24 очко бор. Ҳаким Фузайлов жамоаси мусобақа тугашига 4 тур қолган бир вақтда яқин таъқибчисини 10 очкога қолдираётгани сабаб «Олимпик»га қарши ўйинда Суперлига томон катта қадам ташлади дейиш мумкин.

Қуйида «Динамо» ҳамда «Олимпик» жамоалари ўртасидаги учрашувдан фоторепортажни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Теглар

Ўхшаш янгиликлар