«Жасур ақлбовар қилмас пулларни рад этганди». Жаъфар Ирисметов Яхшибоевнинг «Реал»га урган голи, Шомуродов йўлидан боргани ва «Пахтакор»га нега керак бўлмагани ҳақида
Душанба, 04 Октябр
28656

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ футболчиси, ўз вақтида Москванинг «Спартак» клубида тўп сурган, ҳозирда «Пахтакор» клуби спорт директори лавозимида фаолият юритаётган Жаъфар Ирисметов «Матч ТВ» телеканалига берган интервьюсида Жасур Яхшибоевнинг «Пахтакор» клубида нега қолмагани, «Реал»га урган голи ва бошқа саволларга жавоб қайтарди.

— Жаъфар, ўз вақтида сиз «Спартак» сафида амалга ошира олмаган ишни Жасур Яхшибоев бажариб, Чемпионлар лигасида гол урди. Буни қандай қабул қилдингиз?

— Жуда ҳам хурсанд бўлдик, «Реал»га ўзимизнинг ўзбек йигити гол урди, ахир. Ўз вақтида Чемпионлар лигасида гол ура олмаганим ҳақида эса умуман ўйламайман. Яхшибоевнинг «Реал»га гол ургани «Пахтакор» клубимизда ҳам байрамона қарши олинди. Бу ҳаммамизнинг умумий ғалабамиз. Ўз вақтида Яхшибоев «Пахтакор»да тўп сурганди, аммо кучли рақобат сабабли бошқа клубларда ижарада юрди. У таркибимиздан ўрин ололмади. Аммо доим Жасурнинг яхши футболчи эканлигини билардик. Энди барқарор ўйнаши лозим, Мадридда «Реал»га гол урдим деб, йўқолиб қолмаслик керак.

— Жасур нега «Пахтакор»га керак бўлмади?

— Очиғини айтсам, ўзбек футболчилари орасида Яхшибоевдан яхшироқ вингерни учратмадим, аммо у билан кундалик ҳаётда муаммо бор эди. Жасурни ўринбосарлар таркибидан олиб чиққанимда унинг характери оғирлигини пайқагандим. У ўз дунёсида яшайди, танқидни ёмон қабул қилади. Эҳтимол, у ҳозир улғайгандир. Унда ўзини кўрсатиш ва топ-клубга ўтиш имконияти пайдо бўлди. «Шериф» Жасур учун трамплин вазифасини бажариши керак. Шунга қарамай, «Шериф» яхши клуб. Ўз вақтида бу клуб кўригида иштирок этгандим, билишимча клуб президенти ҳали ҳам Гушан экан.

— Яхшибоев кетганидан афсусланмайсизми?

— Нега афсусланиш керак? У бизда асосий таркибда бошлаганди, кейин эса захирада қолиб кетди. Биз эса бундай савиядаги ўйинчи асосий таркибда тўп суришини истадик. У ўз тажрибасини ошириб кейин сафимизга қайтишини истагандик, аммо Жасурни сотишимизга тўғри келди. Бу икки томон учун ҳам манфаатли қарор бўлди. «Пахтакор»да унинг ишлари юришмаганди, Беларусда эса у бир оёқда ўйнаб энг яхши ўйинчи эди. Кейин эса янада кучлироқ «Легия»га ўтиб, тўхтаб қолди. «Шериф»га ўтгани эса яна унинг фойдасига ишлади.

— Яхшибоевни Элдор Шомуродов билан таққослаш мумкинми?

— Ҳали эрта. Шомуродов «Ростов»да бир неча йил тўп суриб тажрибасини оширди. Унга юқори савияда тўп суриш нисбатан осонроқ. Яхшибоев эса ҳали ўсмоқда, гарчи 24 ёш футболчи учун айни кучга тўлган давр бўлса ҳам. Аслида эса Яхшибоев ҳам жуда иқтидорли йигит ва Шомуродов каби пулни эмас, карьерани танлади. Одатда, бизнинг футболчилар Россия ёки Европадан анча кўпроқ маош берадиган Осиё клублари, айтайлик БАА ёки Қатар сингари чемпионатларга йўл олишади. Яхшибоев «Пахтакор»га тегишли бўлган вақтда Осиё клублари Жасурга ақлбовар қилмас пуллар таклиф қилишганди, аммо у ҳар доим пулни рад этиб, Европада тўп суришни истаганди.

Усмон Ибодов таржимаси.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар