ПФЛ: «Сурхон», «Машъал» ва «Андижон» ОФК лицензиясини ололмаслиги мумкин, яна уч клуб қарздорликни бартараф этмаган
Сешанба, 28 Сентябр
4393

ЎзПФЛ йил аввалида «Клубларни лицензиялаш регламенти»ни ишлаб чиқиб, мавсум давомида уларни шу ҳужжат асосида мониторинг қилиб борди.

ПФЛ расмий сайти хабарига кўра, ҳозиргача клублар 5 та мезон: спорт, инфратузилма, ишчи-ходимлар, ҳуқуқий ва молиявий мезонлар бўйича ҳужжатлар тақдим этди.

Ёритиш тизими
Ёритиш тизимининг талаб даражасида эмаслиги айрим клубларнинг асосий камчилиги бўлиб турибди. Жумладан, «Сурхон», «Машъал» ва «Андижон» клубларида бу муаммо устида ишланмади ва ОФК мазкур клубларга лицензия тақдим этмаслиги катта эҳтимол. «Қўқон-1912» мазкур муаммони ҳал қилиш устида нисбатан ишлади. Бироқ клуб белгиланган муддат ичида мазкур муаммони бартараф этишга улгурадими ёки йўқлиги асосий масала бўлиб турибди. Шунингдек, бу борада ОКМК ва «Металлург» жамоалари ҳозирча ОФК талабидан ортда қолаётганини эътироф этиш керак.

ЎзПФЛ билан 2021 йилги мавсум давомида ҳамкорликда ишлаган «Турон», «Қизилқум», «Сўғдиёна», «Пахтакор», «Локомотив» ва «Насаф» клублари прожекторларини ОФК талаб этган кўринишга келтиришга эришганди. 

Қарздорлик масаласи
ОФК мазкур масалага жиддий эътибор қаратади. Уч клубимизда бу борада муаммо мавжуд. «Бухоро» клуби қарздорлик бўйича муаммоларни 90 фоизга ҳал қилишга эришди ва яна икки иш устида ишлаши лозим. Владимир Бубанья эса «Сурхон» билан яна худди ўтган йилги сценарий асосида хайрлашди. Клуб яна футболчи олдидаги қарздорликни ёпиши ва қишки трансфер ойнаси ёпилиши эҳтимолини бартараф қилиши лозим. Аммо «Навбаҳор» клубида вазият оғир. Клубнинг Алексей Беленков, Андрей Канчелскис каби мутахассислар олдида қарзи бор. Бу муаммо бартараф қилинмагунига қадар, «Навбаҳор» халқаро майдонда тўп сура олмайди. Ачинарли томони шундаки, «Навбаҳор» футбол клуби қолган барча мезонлар бўйича ОФК талабига тўлиқ жавоб беради, дейилади ПФЛ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, бунгача «Навбаҳор» собиқ бош мураббийи Андрей Канчельскис ФИФА орқали «Навбаҳор»дан 1,6 миллион АҚШ доллари ундирмоқчи бўлаётгани, клубда ишлаган ёрдамчи мураббий Беленков эса ФИФА орқали 520 минг АҚШ доллари талаб қилаётгани ҳақида хабар қилинганди. 

Шунингдек, «Бухоро» клуби аввалги йилларда жамоада фаолият юритган футболчи ва мураббийлардан жами 6 миллиард сўм қарздор экани, жамоанинг ҳозирги бош мураббийи Усмон Тошев клуб энг аввало ўша эски қарздорликни ёпиши ҳақида маълум қилган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар