O'zbek Ўзбекча
Тошкент шаҳар ИИББ «Сурхон» клуби собиқ футболчисининг дўппослангани бўйича тергов бошлади
Душанба, 20 Сентябр
4639

Ижтимоий тармоқларда «Сурхон» жамоаси футболчилари ва раҳбатияти ўртасида маош тўланмаганлиги сабабли жанжал чиққани тўғрисида видео тарқалмоқда. Мазкур факт бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз, дея ёзади Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси.

«17 сентабрь куни «Сурхон» футбол клуби биносида собиқ футболчилар Ж.Э. (Жавоҳир Эсонқулов, Tribuna.uz) ва A.Х. (Акром Ходжаев) ҳамда жамоа сардори A.Ғ. (Асрор Ғофуров) ўртасида футболчилар бино деворига раҳбатият номига ҳақоратли ёзувлар қолдирганликлари туфайли келишмовчилик юзага келган. Шу куннинг ўзида Мирзо-Улуғбек тумани ИИО ФМБга спортчилардан бадан шикастлари етказилгани тўғрисида ариза келиб тушди. 

Мазкур факт бўйича тергов олди текшируви олиб борилмоқда, суд-тиббий экспертизаси тайинланди. Текширув якуни бўйича қонуний чора кўрилади», - дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, 18 сентябрь куни интернетда Термизнинг «Сурхон» клуби футболчиси Жавоҳир Эсонқулов 3 киши томонидан дўппосланганини айтиб берган видео тарқалган, унда футболчи ўзини клуб директорининг ўғли, жамоа футболчиси Асрор Ғофуров ва спорт директори Абдумажид Тоиров дўппослаганини айтганди. Бунга жавобан клуб Жавоҳир Эсонқуловнинг «Сурхон» офисига келиб, шартнома бекор қилинган бўлса-да, яна қўшимча пуллар талаб қила бошлагани, клуб раҳбари номига нисбатан қўпол сўзлар билан унинг шахсини камситгани ҳақида баёнот берганди. 

Кўп ўтмай, футболчининг турмуш ўртоғи Рушана Мирсодиқова «Сурхон» клуби Жавоҳирнинг маошини бермай чўзиб келаётгани ҳақида маълум қилган бўлса, сўнг клуб баёнот билан чиқиб, Эсонқуловнинг ойлик маоши 5 миллион сўм бўлгани ва у пулларини ортиғи билан олганини билдирди.

Маълумот учун, 24 ёшли Жавоҳир Эсонқулов «Металлург» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Рустам Мирсодиқовнинг куёви. У фаолияти давомида «Сурхон»дан ташқари «Бунёдкор», «Металлург», «Насаф», «Қўқон-1912» жамоаларида тўп сурган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар