O'zbek Ўзбекча
«Менга ҳам тош улоқтиришни ўргат, деганлар 5 кунлик машғулотлардан сўнг йўқ бўлиб қолишади» — Бобур Омонов
Душанба, 20 Сентябр
1599

Токио Паралимпиадасида пара енгил атлетиканинг ядро улоқтириш спорт турида олтин медални қўлга киритган Бобуржон Омонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ғалаба йўлидаги қийинчиликлар тўғрисида сўзлаб берди.

Андижонлик спортчи болалигида бўйи пастлиги сабаб ўзини ҳимоя қилиш учун турли спорт турлари билан шуғулланишга, кучли бўлишга ҳаракат қилади, 2017 йилда пара енгил атлетикага кириб келади.

Бобур 2021 йилда жаҳон чемпионатида тош улоқтириш бўйича 14,31 см узунлик билан жаҳон рекордини янгилаган. Токио паралимпия ўйинларида эса 14,06 см билан Паралимпия ўйинлари рекордини янгилади ва олтин медални қўлга киритди.

 «Паралимпия ўйинларига кириб келишим 2016 йилда мураббийим билан танишувим билан бошланган. Мураббийим 2016 йилда Рио ўйинларида қатнашиб, «Malibu» автомобили билан тақдирланган эди. Спортнинг ортидан ҳам шунча ютуққа эришиш мумкинлиги мени ҳайрон қолдирган ва менинг ҳам жиддий шуғулланишимга сабаб бўлган.

Ташқаридан қараганда тош улоқтириш бошқаларга осон туюлади. Лекин машаққати кўп. Одамларга асл қийинчиликлар билинмайди. Олдимга келиб, «Тош отиб ҳам, шунақа ютуқларга эришса бўладими? Менга ҳам ўргат» — дейишади. Хўп деб, Марҳаматдаги стадионга олиб бораман, аммо 5 кундан кейин қайтиб келишмайди. 

Мукофотлар бўлмаса ҳам, маошимиз ёмон эмасди. Ойига 20 млн сўмдан маош беришади. Паралимпиада ғолиблиги учун берилган пулга ота-онамни Ҳажга олиб бормоқчиман», – дейди Омонов.

Бобур Омонов кейинги Паралимпия ўйинларида ҳам бир неча марталаб чемпион бўлишни мақсад қилган.

Эслатиб ўтамиз, 24 августдан 5 сентябргача Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган 16-ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 8та олтин, 5та кумуш ва 6та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллади.


Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси — Муҳиддин Қурбонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар