O'zbek Ўзбекча
«Челси» нега «Ливерпуль»дан юқорида? Жамоалар мутлақ бир хил кўрсаткичга эга
Душанба, 20 Сентябр
19570

Англия Премьер-лигаси 5-тур учрашувларидан кейин турнир жадвалида қўшҳокимлик юзага келган.

Ўтган 5 тур ўйинларидан кейин «Челси», «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» бир хил 13 очкодан жамғариб учликни банд этган. Тўплар нисбатига кўра эса «Челси» ва «Ливерпуль» «МЮ»ни ортда қолдириб, дастлабки икки ўринда боришмоқда.

5-турда «Челси» «Тоттенҳэм»ни йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, «Ливерпуль» «Кристал Пэлас» устидан худди шу ҳисобда ғалаба қозонди. Қизиғи, ушбу натижалардан кейин Томас Тухель ва Юрген Клопп бошқарувидаги жамоалар очколар ва бошқа кўрсаткичлар борасида бир хил рақамларга эга. Тўплар нисбати ҳам икки жамоада – 12:1. 

Шунга қарамай, «Челси»нинг якшанба кунги ғалабасидан кейин АПЛ турнир жадвалида айнан Лондон клуби «Ливерпуль»дан 1-ўринни тортиб олди ва «қизиллар» 2-ўринга тушишди. Бунга ушбу жамоалар ўртасидаги 3-тур ўйинида «Челси»нинг сафарда «Ливерпуль» билан дуранг қайд этгани сабаб бўлган. Яъни, очколари, тўплар нисбати, ғалабалар сони, ўзаро ўйинлар бир хил кўринишда эканлиги боис ўйиннинг қаерда ўтгани инобатга олинган.

«Челси» навбатдаги турда «Манчестер Сити»ни ўз майдонида қабул қилса, «Ливерпуль» сафарда «Брентфорд»га қарши ўйнайди, «Манчестер Юнайтед» эса «Олд Траффорд»да «Астон Вилла»ни қабул қилади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар