Енгилмас «Барса»ни енга олган «Арсенал». Улар ҳозир қаерда?
Шанба, 18 Сентябр
14979

2011 йилнинг 16 феврал санасида «Арсенал» УЕФА Чемпионлар Лигаси нимчоракфинали доирасида «Барселона»ни қабул қилади. Гуруҳ босқичида «Шахтёр»дан кейинги иккинчи ўринни эгаллаган «тўпчилар» қуръа натижасига кўра, каталонияликларга рақиб бўлади. Ўша мавсумни требл билан якунлайдиган «Барса» дастлабки беллашувда лондонликларга мағлуб бўлади. Таъкидлаш жоизки, бу «Арсенал»нинг «кўк-анорранглилар» устидан эришган тарихдаги биринчи ва ҳозирча охирги ғалабаси бўлиб турибди.

Биринчи таймда Давид Вилья ҳисобни очгач, Мессининг ҳисобланмаган голи ва «Барса» ҳужумлар ёмғири фонида барчаси кутилганидек Гвардиола жамоаси фойдасига ҳал бўладигандек эди. Лекин Арсен Венгер футбол оламида ўзининг ўзгартиришлари билан машҳур. Аршавиннинг майдонга ташланиши мезбонлар ўйинини буткул ўзгартириб, ғалабани таъминлаган эди. Иккинчи ўйинда мағлубиятга учраб, мусобақани тарк этган бўлса-да, «канонирлар» ўз потенциалларини барчага кўрсата олгандилар. Келинг, ўша даҳшатли «Барса»ни енгган «Арсенал» таркибини бирма-бир ёдга оламиз.

Дарвозабон: Войцех Шенсни

Фаолият йўли: «Арсенал», «Брентфорд», «Рома», «Ювентус».

«Брентфорд»даги ижара мавсуми якунлангач, «Арсенал»га қайтган ёш Шенснига клуб мухлислари жамоа дарвозасининг янги, ишончли эгаси сифатида қарашар эди. У бир нечта ажойиб мавсумларни ўтказганини тан олган ҳолда айтиш керакки, польшалик дарвозабон кутилганидек «Арсенал» афсоналаридан бирига айланмади. Уни Лондондаги ҳаёти давомида майдон ташқарисидаги муаммолар кўпроқ қийнай бошлади. Ҳали ўз даражасини йўқотмаганига қарамай, Венгер уни жамоасида кўришни хоҳламайди. Бунга сабаб футболчининг «Саутҳэмптон»га қарши беллашувдан сўнг, жамоа кийиниш хонасида чекканлиги бўлганди. Бу ҳақида Войцех қуйидаги фикрларни билдириб ўтган: «Мураббий мени чекишимни билар эди ва у буни ёқтирмаслигини мен ҳам тушунардим. У жамоадошларим бор жойда чекишимни тақиқлаб қўйганди. «Саутҳэмптон»га қарши учрашувдан сўнг, эмоцияга берилиб жамоадошларим кийиниш хонасини тарк этмасдан аввал сигарет чекдим ва мураббий мени жазолади».

Шундан сўнг, клуб уни «Рома»га ижарага бериб юборади ва дарвоза Давид Оспинага ишониб топширилади. Колумбиялик дарвозабон ишончни оқлай олди. Бундан ташқари жамоага Петр Чех ҳам олиб келинди. Шу тариқа, ички тартиб қоидага бўйсунмаган Шенснининг ўрни беркитилди.

Ўнг қанот ҳимоячиси: Эммануэль Эбуэ

Фаолият йўли: «АСЕК Мимозас», «Беверен», «Арсенал», «Галатасарой», «Сандерленд».

2006 йилги УЕФА Чемпионлар Лигаси финалининг иштирокчиларидан бири ҳисобланган Эбуэ «Арсенал» таркибида 7 мавсум ўтказганди. У «тўпчилар» таркибидаги ЕЧЛ ўйинларини «Барселона»га қарши беллашувлар билан якунлади. У техникаси юқори қанот ҳимоячилари қаторига кирмасди. Лекин мудофаа ишларида анча ишончли ўйнарди. Клуб таркибидаги 214та учрашувдан сўнг, ивуарлик футболчи фаолиятини «Галатасарой» билан боғлади. Турк гранди таркибида ҳам 102та ўйин ўтказгач, яна АПЛга қайтди. Бу гал у «Сандерленд» шарафини ҳимоя қилди.

2017 йилда фаолиятини якунлаганидан сўнг, бир муддат «Галатасарой»нинг 14 ёшгача бўлган футболчиларини шуғуллантирди. Бугунги кунда у ўз юртида шахсий академиясини очган ва ёш футболчиларга маҳорат дарслари ўтади.

Марказий ҳимоячи: Лоран Косьелни

Фаолият йўли: «Генгам», «Тур», «Лорьян», «Арсенал», «Бордо».

Ёдга олаётганимиз футболчилар орасида «Арсенал»ни энг сўнгги бўлиб тарк этган футболчи - Лоран Косьелни. 2019 йилда француз ҳимоячиси «Бордо»га ўтиб кетди ва ҳамон ўз юртида фаолиятини давом эттирмоқда.

У «Арсенал»нинг афсонавий футболчилари қаторидан жой олишга етарли меҳнатни амалга оширди. Клуб таркибида 350дан ортиқ ўйинларда иштирок этди. Айнан биз эслаётган кечада айнан у Лео Мессини зарарсизлантиришга эришганди. Иккинчи ўйинда аргентиналик амалга оширган фантастик ишлар бошқа бир ҳикоя.

Марказий ҳимоячи: Йоан Журу

Фаолият йўли: «Арсенал», «Бирмингем», «Ҳанновер», «Ҳамбург», «Антальяспор», СПАЛ, «Сион», «Ксамакс».

Лондон клуби тарбияланувчиси бўлган швейцариялик футболчи ростдан ҳам катта иқтидор эгаси эди. Бироқ унинг фаолияти жароҳатлар туфайли омадсиз давом этди. «Бирмингем»даги ижара мавсумини якунлагач, 2007 йилда «Эмирейтс»га қайтди ва ярим мавсум ишончли ўйин ўтказди. Бироқ шундан кейин кетма-кет жароҳатлар уни тинч қўймади. «Барса»га қарши ўйинни асосий таркибда бошлаши ўша пайтларда кутилмаган ҳолат сифатида қаралганди. Тез орада лондонликлар Пьер Мертезакер билан шартнома тузишди ва Журунинг асосий таркибдаги ўрни олиб қўйилди.

2013 йилда уни «Ҳанновер»га ижарага бериб юборишади. Бир йил ўтиб, немис клуби уни тўлиқ сотиб олади. Ушбу жамоа сафида 102та ўйин ўтказгач, Туркияга йўл олади. 2020 йилгача турли клубларда ўйнаган Журу фаолиятини якунлашга қарор қилди.

Чап қанот ҳимоячиси: Гаэль Клиши

Фаолият йўли: «Кан», «Арсенал», «Манчестер Сити», «Истанбул», «Серветт».

Арсен Венгер турли кичик клублардан иқтидорларни топишни яхши кўрар эди. «Кан»да ўйнаб юрган кезларида Гаэль Клишини ҳам илк пайқаган инсон айнан франциялик мураббий бўлган. У мураббий ишончини тўлиқ оқлайди. «Тўпчилар» таркибида 264та ўйин ўтказиб, клуб тарихидаги энг яхши қанот ҳимоячиларидан бирига айланади. «Арсенал»нинг мағлубиятсиз мавсуми иштирокчиларидан бири 2011 йилда кутилмаган тарзда «Манчестер Сити»га ўтиб кетади. 2017 йилда «Истанбул»га ўтиб кетишидан аввал, француз футболчиси «шаҳарликлар» учун 203та ўйинда майдонга тушиб улгурган ва 2 маротаба АПЛ чемпионлигига эришган эди. Туркияда ҳам унга қаҳрамондек қарашади. Клубининг чемпионлик мавсумида энг сўнгги турда чемпионликни тақдим этган голга муаллифлик қилади. У ҳозирда Швейцариянинг «Серветт» клуби аъзоси.

Марказия яримҳимоячи: Алекс Сонг

Фаолият йўли: «Бастия», «Арсенал», «Чарлтон», «Барселона», «Вест Ҳэм», «Рубин», «Сион», «АС Арта/Солар».

2006 йилда «Бастия»дан «Арсенал»га ўтган Алекс Сонг тез фурсатда катта ўсишга эришди. Венгер ундан ўзига керакли топ-даражали футболчини ясай олди ва Сонг кучли яримҳимоячига айланди. 2011/2012 йилги мавсумда унинг Робин ван Перси билан бир-бирини ажойиб тушуна олиши натижасида мухлислар бир қатор ажойиб голларга гувоҳ бўлишади. Шундан сўнг, уни «Барселона» ўз таркибига қўшиб олади.

Испаниядаги фаолияти Сонг учун омадсиз кечди. Каталонияликлар сафидаги 65та ўйинининг аксариятида у захирадан ўйинга қўшилганди. «Барса»дан кейинги фаолияти ҳам муттасил пастлаб борди. Ҳозирда у Жибути чемпионатида фаолият олиб боради.

Марказий яримҳимоячи: Жек Уилшир

Фаолият йўли: «Арсенал», «Болтон», «Борнмут», «Вест Ҳэм», «Борнмут».  

«Арсенал»да ўтказган 17 йилидан сўнг, 2018 йилда «Вест Ҳэм»га эркин агент сифатида йўл олди. Ўша тунда у ўзини келажаги порлоқ футболчи сифатида кўрсатишга эришганди. Хави, Иньеста ва Бускетс учлигига қарши ўйнаган ёш Уилшир ўзини йўқотиб қўймаганди.

Унинг фаолиятини жароҳатлар таназзулга учратди. Ҳозирда у эркин агент мақомида.

Марказий яримҳимоячи: Сеск Фабрегас

Фаолият йўли: «Арсенал», «Барселона», «Челси», «Монако».

Лондонликлар тарихида тўп тепган энг кучли яримҳимоячилардан бири ҳисобланган Фабрегас ҳам ушбу ўйин қаҳрамонлари орасида бор эди. Клуб таркибидаги 300дан ортиқ ўйинлар ўтказган 8 йилидан сўнг, футболчи Каталонияга йўл олади. Кейин эса «Челси» билан шартнома имзолаб, 2 марта АПЛ чемпионига айланади. 2019 йил январида испаниялик футболчи «Монако»га қўшилади ва ҳамон ушбу клуб сафида тўп тепади.

Ҳужумкор яримҳимоячи: Самир Насри

Фаолият йўли: «Марсель», «Арсенал», «Манчестер Сити», «Севилья», «Антальяспор», «Вест Ҳэм», «Андерлехт».

Ўша ўйинда якуний нуқтани қўйган Аршавиннинг голига айнан Насри узатма амалга оширганди. 2008 йилда «Марсель»дан «тўпчилар» таркибига қўшилган Насри Сонг ва Фабрегас билан яхши чиқишиб кета олди. Клуб таркибида 125та ўйин ўтказишга муваффақ бўлади. Кейинчалик у «Манчестер Сити»га ўтади ва у ердаги фаолияти ҳам бир мунча омадли бошланади. Афсуски, якун кўнгилдагидек бўлмади. «Севилья»даги ижара мавсуми ҳам муваффақиятсиз чиққач, Туркияга йўл олди. Ҳозирда собиқ жамоадоши Венсан Компани қўл остида «Андерлехт»да фаолият олиб бормоқда.

Ҳужумкор яримҳимоячи: Тэо Уолкотт

Фаолият йўли: «Саутҳэмптон», «Арсенал», «Эвертон», «Саутҳэмптон».  

Кичик Тэо бугун 30 ёшда. «Арсенал» сафига келиб қўшилган паст бўйли ва чаққон йигитча клуб таркибида 397та ўйин ўтказишга муваффақ бўлди. Шу давр мобайнида 108та гол киритишга муваффақ бўлди.

2018 йилда «Эвертон» уни 20 млн фунт-стерлингга сотиб олади. Аммо бу харид ўзини оқламади. Уолкотт ҳозирда «Саутҳэмптон»да ўйнамоқда ва унинг фаолияти тобора пастлаб боряпти.

Марказий ҳужумчи: Робин ван Перси

Фаолият йўли: «Фейеноорд», «Арсенал», «Манчестер Юнайтед», «Фенербаҳче», «Фейеноорд».

«Арсенал» тарихидаги энг кучли марказий ҳужумчилардан бири. Нидерландиялик футболчи «тўпчилар» либосида 278та ўйин ўтказиб, 132та гол уришга муваффақ бўлган. 2012 йилда эса шахсан Сэр Алекс Фергюссоннинг таклифи билан «Манчестер Юнайтед»га кўчиб ўтади. Илк мавсумидаёқ янги жамоаси билан АПЛда чемпион бўлади. 2015 йилгача манчестерликлар таркибида тўп тепган Робин клуб таркибида 105та ўйин ўтказиб, 58та гол уришга муваффақ бўлади.Фаолиятини эса бошлаган жойида - «Фейеноорд»да тугатди.

Захира: Мануэль Альмуния, Киран Гибс, Андрей Аршавин, Себастьян Скиллачи, Томаш Росицки, Денилсон, Николас Бендтнер.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар