O'zbek Ўзбекча
АПЛда Лондон дербиси, Ла Лигада пешқадамлар жанги, А Серияда «Юве» «Милан»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси
Шанба, 18 Сентябр
5223

Еврокубоклар ҳафтасидан сўнг миллий чемпионатларда ҳам навбатдаги тур ўтказилади. Бундай пайтларда ўйинлар янада қизиқроқ бўлиши табиий, чунки ҳафта давомида еврокубокларда майдонга тушган пешқадамлар ҳафта давомида яхшигина тикланган рақибларга қарши қийинчиликка дуч келадилар. Кутилмаган ҳисоблар эса футболнинг безагидир.

Эътиборингизга ушбу дам олиш кунлари кучли бешликда бўлиб ўтадиган қизиқарли ўйинлар анонсини ҳавола қиламиз. Албатта, бу ерда тилга олинмаган баҳсларни ҳам назардан қочирманг. 

АПЛ. 5-тур.

18 сентябрь (шанба)

АСТОН ВИЛЛА – ЭВЕРТОН

Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: FutbolTV

Бу жамоалар одатий «топ-7»га кирмаса-да, таркиби, ўйини ва сўнгги мавсумдаги натижалари билан бемалол пешқадамларга энг яқин кела олади, дейиш мумкин. «Эвертон» умуман ҳозирда жадвални бошқариб турган тўрт жамоадан бири бўлиб турибди. Анчелотти кетиб, Бенитес келганда жамоа келажагини шубҳа остига олаётганлар кўп эди, аммо дастлабки турлардаги ўйинлар аксини исботламоқда. Яна бир эътиборли жиҳат, «кўклар» ушбу мавсумдаги уч ғалабадан иккитасида ҳисобда ортда қолаётган эдилар. Яъни жамоада йўлга қўйилган ўйин ва ўзига ишонч бор.

Етакчи футболчисини йўқотган «Астон Вилла»ни кузатиш ушбу мавсумда янада қизиқ бўлади. Бирмингэмликлар Грилишнинг трансферидан сўнг, аксинча, кучлироқ бўла олишларига асослар етарли. Сабаби, таркибга Дэнни Ингз, Эшли Янг каби тажрибали, шунингдек, Бэйли, Буэндия каби улкан салоҳиятга эга бўлган футболчилар келиб қўшилдилар. Бу трансферлар нафақат Грилишнинг ўрнини тўлдиради, балки «Астон Вилла»ни янада мувозанатли таркибга айлантириши мумкин.

Дастлабки турдаги натижалар алдаб қўймаслиги керак, зеро жамоа ўйини янгидан шаклланмоқда. Ўтган турда «Челси»дан йирик ҳисобда мағлубиятга учралган бўлса-да, ўша ўйиннинг айниқса 1-таймида мезбонлардан яхшироқ ўйин намойиш қилишганди. Фақат дарвозабон Мендининг қаҳрамонликлари «Челси»ни ўйинда ушлаб қолди.

Таркиблар борасида «Эвертон»нинг йўқотиши жиддийроқ таъсирга эга. Жамоа тўпурари Доминик Калверт-Левин жароҳат туфайли шерикларига ёрдам бера олмайди. Коронавирус туфайли ҳали мавсумда бирорта ўйинда қатнашмаган Хамес Родригеснинг майдонга тушиши ҳам ҳамон сўроқ остида. 

Ла Лига. 5-тур. 18 сентябрь

АТЛЕТИКО – АТЛЕТИК

Ўйин бошланиш вақти: 19:15

ТВ-трансляция: МатчТВ Футбол

«Реал» ва «Барса»даги молиявий муаммолар бирданига «Атлетико»ни Ла Лиганинг энг кучли жамоасига айлантириб қўйди. Ўтган йилги чемпионлик кўпроқ рақибларнинг ўйин борасидаги инқирозлари ва муваффақиятсиз серияларига таянган бўлса, бу сафар энди чиндан ҳам «Атлетико» турнирнинг асосий фаворити ҳисобланмоқда. Клуб амалга оширилган аниқ трансферлар, Гризманн, Де Пауль каби футболчиларнинг келиб қўшилишидан кейин Симеоне жамоаси пешқадамлиги одатий ҳол.

«Атлетик» эса айнан фаворитларни тўхтатиб қолиши билан машҳур. 2-турда «Барселона» билан дуранг худдики, бильбаоликларнинг пешқадамларга қарши одатий яхши ўйини деб баҳоланган бўлса, кейинги турлар кўрсатдики, «Атлетик» энди барқарор натижаларга ҳам тайёр. Марселиньо шогирдлари 4 турдан сўнг ҳали мағлубиятга учрамаган 6 жамоадан бири бўлиб турибди. Жамоа икки ғалаба ва икки дурангга эришган.

Ўзаро ўйинлар ҳам доим муросасиз кечган. «Атлетико» Мадриддаги охирги 6 ўйинда «Атлетик» устидан ғалаба қозониб келаётган бўлса-да, бу ўйинларнинг 3тасида бильбаоликлар учрашув давомида ҳисобда олдинда борганликларини таъкидлаш керак. Демак, бугун ҳам «Атлетик»дан осон таслим бўлишни кутмасак бўлади.

Ўтган турда «Эспаньол»га қарши ўйин қаҳрамони, иккинчи таймда майдонга тушиб сўнгги дақиқада ғалаба голини урган Томас Лемар бу сафар «сеҳрли таёқча» бўла олмайди. Франциялик футболчи Чемпионлар Лигаси ўйинида жароҳат олди ва бир неча ҳафтага сафдан чиқди.

АПЛ. 5-тур.

19 сентябрь (якшанба)

ВЕСТ ҲЭМ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

Ўйин бошланиш вақти: 18:00

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Бу ўйинга саволлар кўп. Бир пайтлар «МЮ»ни бошқарган, ўтган йили эса фақат нотўғри гол эвазига манчестерликлар ғалаба қозонганини айтган Дэвид Мойес бу сафар ўйинда нима ўйлаб топади? Жесси Лингард Чемпионлар Лигасидаги хатосини собиқ жамоасига қарши юва оладими? Криштиану Роналду гол уришда давом этадими? Умуман қайси «МЮ» ҳақиқийси – «Лидс» ва «Ньюкасл» билан ўйиндагими ёки «Вулверҳэмптон» ва «Янг Бойз» билан ўйнаганими? Қизиғи, Сульшернинг илк йилларидан бери мана шу савол кўп берилади, жамоа энди ўйинини топди деганда, қандайдир нурсиз давр бошланади ёки аксинча.

«Вест Ҳэм» ўтган йилги натижа тасодиф эмаслигини янги мавсумда ҳам исботлашда давом этяпти. Мойес аста-секин Лондонда яна бир кучли жамоа, давомли тарзда топ-клублар орасида юрадиган янги «Лестер»ни қуряпти. Бемалол айтиш мумкинки, ҳозирда «Вест Ҳэм» ўз етакчилари, таниса бўладиган услуби ва етарли устунликларига эга бўлган жамоага айланиб улгурди.

Аммо бу сафар лондонликлар икки муаммони ечишлари керак. Биринчиси, мавсумни зўр бошлаб, 4 турда 7 голда иштирок этган ва 4 гол билан тўпурарлар рўйхатини ҳам бошқариб турган Майкл Антонио ушбу учрашувда майдонга туша олмайди. У «Саутҳэмптон»га қарши ўйинда иккинчи сариқ карточка туфайли майдондан четлатилди ва бир ўйинга дисквалификация қилинди. Иккинчи муаммо эса «Вест Ҳэм» пайшанба оқшомида деярли асосий таркиб билан Европа Лигаси доирасида Загребда ўйнаб келди. Яъни лондонликлар тикланиш учун «Юнайтед»га нисбатан икки кун кам вақтга эга бўлди. Одатда фаворит клубларни қийнайдиган бу муаммо бу сафар «Вест Ҳэм» бошида. Ҳафтада икки ўйин режимида майдонга тушиш тажрибасига эга бўлмаган таркибни Дэвид Мойес қандай тайёрлаши ҳам жуда қизиқ масала.

«Юнайтед»нинг ҳам ўз вазифалари бор. Швейцариядаги ўйинни тезроқ унутиш, умуман чемпионлик пойгасида қолиш учун ҳар ўйинда, жумладан бунисидаям ғалаба қозониши шарт. Эдинсон Кавани ҳали умумий гуруҳга қўшилмади, Сульшернинг айтишича, у кейинги ҳафта ўйинларида тайёр бўлади. Скотт Мактоминей ва Алекс Теллес тўлиқ тикланди, аммо бу ўйинда қай даражада тайёр эканликлари маълум эмас. Мезбонлар таркибида Антониодан ташқари, етакчи ҳимоячилардан бири Уинстон Рид ҳам ўйнай олмайди – унда жароҳат бор.

Қизиғи, худди шу рақиблар уч кун ўтиб Англия Лига кубогида ҳам ўзаро куч синашадилар. Бу сафар ўйин «Олд Траффорд»да ва Майкл Антонио майдонга туша олади. 

АПЛ. 5-тур. 19 сентябрь (якшанба)

ТОТТЕНҲЭМ – ЧЕЛСИ

Ўйин бошланиш вақти: 20:30

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Лондон дербиси, шубҳасиз, навбатдаги турда Премьер-лиганинг энг марказий учрашуви бўлади. «Тоттенҳэм» ўтган турда бошқа бир Лондон дербисини бой бериб, аввалги ғалабаларга бироз соя солган ва якка пешқадамликни бой берган бўлса-да, ўша ўйин натижасига Танганганинг четлатилиши таъсир қилганини биламиз. Бунинг устига «Тоттенҳэм» айнан пешқадамларга қарши жуда самарали ўйин ва натижа кўрсата олишини дастлабки турда «Манчестер Сити» билан ўйинда кўргандик. «Челси» ҳозирда Англиянинг энг барқарор клубларидан бири, аммо яхши ташкил этилган ҳимояга қарши илк голни уришдаги қийинчиликлар давом этяпти. «Астон Вилла» билан биринчи тайм, «Зенит»га қарши Чемпионлар лигаси учрашуви бунинг яққол исботидир.

Аммо табиийки, «Челси» сафарда бўлса ҳам ғалаба учун майдонга тушади. Аввалги мавсумдан фарқли равишда пешқадам жамоалар анча барқарор кўринишяпти, яъни бир нечта муваффақиятсиз ўйинларни тузатиш, орадаги фарқни йўқотиш бирмунча қийинроқ бўлади. Бунинг устига «Челси» кейинги турда «Манчестер Сити» билан ўйнайди. Уч очко олиш осон бўлмайдиган ўша ўйин олдидан ғалаба қозониш жуда керак.

Ўтган йили «Тоттенҳэм» майдонида ўтган учрашувда «Челси» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди ва бу Тухел учун «Челси» бошқарувидаги илк сафар-ғалабаси бўлганди. Августда эса жамоалар мавсум олдидан ўртоқлик ўйинида майдонга тушишди ва ўйин 2:2 ҳисобида якунланди. Ҳаким Зиёшнинг икки голига Лукас Моура ва Бергвейн жавоб беришганди.

Таркиб борасида мезбонларда муаммо кўпроқ. «Челси» фақат Пулишич хизматидан фойдалана олмайди, «Тоттенҳэм»да эса бундай футболчилар 5 нафар. Улардан фақат Эрик Дайер шерикларига ёрдам бера олмаслиги аниқ. Сон, Моура, Бергвейнларнинг дербида майдонга туша олишлари сўроқ остида қолмоқда. Шунингдек, юқорида эсланган қизил карточка туфайли Жафет Танганга дисквалификация қилинган.

А Серия. 4-тур.

19 сентябрь (якшанба)

ЮВЕНТУС – МИЛАН

Ўйин бошланиш вақти: 23:45

ТВ-трансляция: SportTV

«Ювентус» уч турдан сўнг ҳали бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган ва атиги 1 очко билан 16-ўринда боряпти. «Милан» эса юз фоизлик кўрсаткичга эга бўлиб, «Рома» ва «Наполи» билан биргаликда турнирни бошқариб бормоқда. Бир қараганда фаворит аниқдек, муаммолар гирдобидаги «Ювентус» ва барқарор «Милан»...

Аммо Чемпионлар лигаси ўйинлари «Ювентус»нинг ҳам ўзига келиб бораётганини кўрсатди. Аввалги йўқотишларда Аллегрида объектив сабаблар ҳам бўлиб, асосий таркибнинг қарийб ярмидан кўпи майдонга туша олмаётганди. Аста-секин Дибала ҳам, Бентанкур ҳам, Сандро ҳам қайтди ва туринликлар ЕЧЛда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. «Милан» «Энфилд»да 2:3 ҳисобида ютқазган бўлса-да, ёмон кўринмади, бу ўйин ҳам миланликларга кучли рақибларга қарши ўйин тажрибасини бергани табиий.

Мезбонлардан Артур ва Де Шильо майдонга туша олишмайди. «Милан» сафида эса Златан Иброҳимович икки ҳафтага сафдан чиққани ҳақида хабарлар бор. Шунингдек, Бакойоко ҳам тўлиқ тикланиб улгурмаган.

Ўтган мавсумда жамоалар Чемпионлар Лигаси йўлланмалари учун охирги турларгача кураш олиб боргандилар. Миландаги ўйинда меҳмонлар 3:1 ҳисобида устун келишган бўлса, иккинчи даврада, май ойида «Милан» ортиғи билан қасос олган – Диас, Ребич ва Томориларнинг голлари билан 3:0 ҳисобига ғалаба қозониб, «Ювентус»ни жуда қийин аҳволга солиб қўйганди. Аммо сўнгги турда «Наполи»нинг очко йўқотиши натижасида туринликлар ҳам ЕЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолмадилар.

Чемпионлар лигаси ҳақида гап кетганда, «Милан» ўз ўйинини бир кун кейин ўтказгани ва «Ливерпуль»да анча оғир тўқнашув бўлганини эътиборга олсак, бир кун кўпроқ дам олиш ва осонроқ рақибга эга бўлган «Ювентус» жисмоний томондан устунроқ бўлишини тахмин қилса бўлади.

Франция чемпионати. 6-тур.

19 сентябрь (якшанба)

ПСЖ – ЛИОН

Ўйин бошланиш вақти: 23:45

ТВ-трансляция: МатчТВ Футбол

Италияда марказий учрашув бўлаётганда, Мессини томоша қилишни истайдиганлар ҳам топилади. Улар учун айни вақтда «ПСЖ»нинг «Лион»га қарши баҳси қизиқарли бўлиб турибди.

«ПСЖ» Франция чемпионатида барча беш ўйинни ғалаба билан якунлади, лекин рақиблар «Труа», «Страсбур», «Брест», «Реймс» ва «Клермон» эди. Яъни Месси келганидан буён «ПСЖ» жиддий рақибга ана энди дуч келади. Жиддийроқ қаршилик «ПСЖ» юлдузларини қанчалик қийнаб қўйиши мумкинлигини эса Брюггеда, Чемпионлар лигаси баҳсида ҳам кўрдик. Парижликлар ушбу ўйинда 1:1 ҳисобида дурангга рози бўлишди холос.

«Лион» эса мавсумни ёмон бошлаган бўлса-да, ўзига келиб олган ва сўнгги уч ўйинда ғалаба қозонган жамоа. Ўтган йили Парижга икки марта ташриф буюриб, дарвозасини дахлсиз сақлай олган. Августда Франция Лига кубоги финалида ҳисоб очилмаган ва фақат пенальтилар сериясида мезбонлар устун келган бўлишса, декабрда «шерлар» 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб кетганди. Демак, учинчи уринишда ҳам «Лион»дан камида муросасиз қаршиликни кутишга ҳаққимиз бор.

Шунингдек, «ПСЖ» яримҳимоячиси Андер Эррерага ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Ўзидан «Гундўған»ни ёқиб олган испаниялик футболчи тирик Мбаппе, Месси ва Неймар жамоасида тўпурар бўлиб турибди. У охирги 4 ўйинда 4 бора рақиблар дарвозасини аниқ нишонга олишнинг уддасидан чиқди.

Ла Лига. 5-тур.

19 сентябрь (якшанба)

ВАЛЕНСИЯ – РЕАЛ

Ўйин бошланиш вақти: 23:55

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Ла Лигада уч жамоа 4 турдан кейин 10тадан очко тўплаб, турнир жадвали пешқадамлигини бўлишиб турибди. «Реал» ва «Атлетико»ни у ерда кўриш одатий ҳол бўлса, ўтган мавсумда аксарият етакчиларини сотишга мажбур бўлиб, якунда 13-ўринни эгаллаган «Валенсия»нинг улар билан бир сафда туриши қандайдир ижобий ҳиссиётлар уйғотади.

«Валенсия»нинг ўзи шундоқ ҳам пешқадамлар билан муросасиз курашиш анъанасига эга эканини ҳам қўшсак, бизни ўта шиддатли баҳс кутиб турганига шубҳа қолдирмайди. Зеро ўтган мавсумда ҳам «Месталья»да мезбонлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонганини яхши эсласангиз керак. Карлос Солер уч маротаба пенальтини аниқ амалга ошириб, ноёб ҳет-трик эгасига айланганди.

Мадрид клуби якунда ёзнинг энг катта трансферини амалга ошира олмаган бўлса-да, яхшиямки, бозор тугади ва жамоа мавҳум ҳолатдан чиқиб олди. Албатта, Карло Анчелотти учун ҳар ким сотиб юборилиши ва ҳар ким келиши мумкин бўлган таркиб билан ишлашдан кўра, энди қулайроқ – «Реал» мана шу мавжуд футболчилар билан камида қишгача боради. Бундан ташқари, Камавинганинг жамоага жуда яхши киришиб кетгани ҳам эътиборга молик: футболчи дебют ўйинда захирадан тушиб, «Бетис» дарвозасини ишғол қилган бўлса, Миландаги ягона голга ассистентлик қилди. Айниқса, Крооснинг йўқлигида майдон марказида шундай футболчининг бўлиши «Реал» ўйинини анча барқарорлаштиради.

Немис яримҳимоячисидан ташқари, «Реал» таркибида Марсело, Менди ва ҳар доимгидек Гарет Бэйл каби футболчилар Валенсияга боришмайди. Мезбонлар таркибида эса Денис Черишев йўқ, у келаси ойнинг бошларида сафга қайтиши мумкин.

БОШҚА ЎЙИНЛАР:

18 сентябрь: БАВАРИЯ – Бохум (18:30), Бёрнли – АРСЕНАЛ (19:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Саутҳэмптон (19:00), ЛИВЕРПУЛЬ – Кристал Пэлас (19:00), ИНТЕР – Болонья (21:00), Кёльн – ЛЕЙПЦИГ (21:30)

19 сентябрь: БОРУССИЯ Д – Унион (20:30), Брайтон – ЛЕСТЕР (18:00), Верона – РОМА (21:00), ЛАЦИО – Кальяри (21:00)

20 сентябрь: Удинезе – НАПОЛИ (23:45), БАРСЕЛОНА – Гранада (23:55).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар